Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокимини ўз кабинетида МХХ ҳибсга олди


Тошкент шаҳри, Олмазор тумани ҳокими Обид Зайниддинов чоршанба куни эрталаб миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Норасмий маълумотларга кўра, ҳоким молиявий жиноятларда айбланмоқда.

Обид Зайниддиновнинг 25 декабрь куни эрталаб иш кабинетида ҳибсга олингани тўғрисида Озодликнинг туман ҳокимлигида ишлайдиган манбаси хабар берар экан, айнан мана бундай деди:

- Миллий хавфсизлик ходимлари эрта тонгда Зайниддиновнинг қўлига кишан солиб олиб чиқиб кетишди, деди манба.

Унинг айтишича, ҳозирча собиқ ҳоким қўлга олиниши сабаблари тўғрисида тахминларгина мавжуд:

- Айтишларича, тумандаги уй-жой мулкдорлари ширкатларига ажратилган кредитларни еб юборган экан, деди Озодлик манбаси.

Олмазор туманининг Себзор даҳасидаги 44-уйда яшовчи маҳалла фаолларидан бири Гулнора Акилованинг сўзларига қараганда, Озодлик манбаси ишонаётган тахминларни асоссиз, дейиш қийин.

Мухбирингиз билан суҳбатда у ҳам уй-жой мулкдорлари ширкатига ажратилган кредитлар мансабдорларнинг чўнтагига кетганини шикоят қилди:

- Уйларимиз қурилганига 31 йил бўлди. Шу пайт ичида бирор марта капитал ремонт қилинмаган. Президент қарорига кўра бу уйларга ҳар икки йилда кредит ажратилади. Бу йил ҳам ҳар битта кичик дом учун 4 миллион сўмдан ажратилган эди. На томлар ёпилди, на подвалдаги чириб кетган трубалар алмаштирилди. Бу пулларнинг ҳаммаси ҳокимиятдагиларнинг чўнтагига бориб тушяпти, деди Гулнора Акилова.

Маҳалла фаолига кўра, аҳолининг юқори идораларга ёзган тинимсиз аризаларига ҳеч ким эътибор бермаяпти:

- Сўнгги бор 26 ноябрда Сенатга ариза ёздик. Ўзим бориб вайсаб-вайсаб, уришиб келдим. Чунки коррупциянинг энг йиғилган жойи ҳокимият бўлиб қолди. Бу кредит пуллар қаерга кетяпти? Бу пулларга ҳокимлар бойияпти, бизларга ўхшаган аҳолининг ҳисобидан, деди маҳалла фаоли Гулнора Акилова.

Озодликнинг Олмазор тумани ҳокимиятидаги манбасига кўра, айни пайтда ҳоким вазифасини собиқ ҳокимнинг биринчи ўринбосари Моҳиржон Турапов бажармоқда.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда вилоят ва туман ҳокимларининг молиявий жиноятларда айбланиб ҳибсга олиниши кўп кузатилмоқда.

Декабрь ойи бошида Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокими Ҳусниддин Жўраев ўз иш кабинетидан бошига қоп кийдирилган ҳолда олиб чиқиб кетилган эди.

Ноябрь ойида Жиззах вилояти Зомин туманига 2009 йилдан бери ҳокимлик қилиб келган 50 яшар Азимов Ускан Бўрибоевич ҳибсга олинган эди.
XS
SM
MD
LG