Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:54

Ўшда "Исломий жиҳод иттифоқи" аъзоси қўлга олинди


2009 йилда Ўзганда ўтказилган аксилтеррор амалиёти пайтида жисмонан йўқ қилинган шахсларнинг жасадини йиғиб олиш пайти.
2009 йилда Ўзганда ўтказилган аксилтеррор амалиёти пайтида жисмонан йўқ қилинган шахсларнинг жасадини йиғиб олиш пайти.

Ўшда беш йил аввал содир этилган террорчилик харакатларига алоқадорликда гумонланиб “Исломий жиҳод иттифоқи” ташкилотига мансублиги айтилаётган шахс қўлга олинди.

Қирғизистон расмийлари наздида террорчи деб кўриладиган “Исломий жиҳод иттифоқи” мамлакатда фаолияти тақиқланган 13 ташкилотдан биридир.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати вакили Рахат Сулаймановнинг маълум қилишича, терорчи дея гумонланаётган шахсга нисбатан тергов олиб борилмоқда:

- Қўлга олинган шахснинг 2009 йилдаги воқеаларига алоқадорлиги аниқланган. Шу сабабли у халқаро қидирувда бўлган. Бу шахс “Сурияга бориш учун одамларни даъват қилиб юрган”, деган маълумот ҳам бор. Хозир шу йўналишда ишлар олиб борилмоқда, -деди Рахат Сулайманов.

2009 йили 23 июнга ўтар кечаси Жалолобод вилоятининг Тошбулоқ қишлоғида содир бўлган қуролли тўқнашувда жангари деб гумонланган беш одам ўлдирилган ва махсус тайёрланган ҳарбийлардан икки нафари ҳалок бўлган. Бундан аввалроқ номаълум қуролли гурух Жалолобод шаҳрида бир милиция ходимини отиб ўлдирган эди.

2009 йилнинг 29 июнида махсус хизматлар Ўзган шаҳрида ўтказган махсус амалиёт пайтида Ўш вилоятида истиқомат қилувчи Хасан Сулаймонов ва икки нафар Ўзбекистон фуқароси террорчи сифатида жисмонан йўқ қилинган. Ўшанда Жалолобод ва Ўшда терорчилик ҳаракатларини амалга оширганлар “Исломий жиҳод иттифоқи” аъзолари экани айтилган эди.

Қирғизистонлик тахлилчи Қодир Маликов “Исломий жиҳод иттифоқи” Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажралиб чиққан қуролланган ва хавфли ташкилот эканини айтади:

-“Исломий жиҳод иттифоқи” таркибида нафақат Марказий Осиё, балки Туркия, Покистон, Германия, Ғарбий Европа давлатлари фуқаролари ҳам бор. Мазкур ташкилот Европа давлатларида терорчилик ҳаракатларини уюштиргани билан ҳам танилган. Ташкилот фаолияти Ўзбекистон ёки Фарғона водийси билангина чекланмайди. Ҳозир Суриядаги воқеалардан сўнг, ҳарбий жиҳод эълон қилган терорчи ташкилотларнинг бир фронтга йиғила бошлаганини кузатиш мумкин. Шу жиҳатдан олиб қаралса, бу ташкилотнинг Қирғизистонга таҳдиди кучли, - дейди Қодир Маликов.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси 8 январь куни “Исломий жиҳод иттифоқи”нинг яна бир аъзоси қўлга олинганини маълум қилган эди.

39 ёшли эркак “Исломий жиҳод иттифоқи” аъзоси сифатида Қирғизистон фуқароларини Суриядаги жанг майдонларида курашга ёллаш билан шуғулланганликда гумонланмоқда.

Шунингдек, ушбу гумонланувчи шахснинг муқаддам Афғонистоннинг террористлар лагерларида тайёргарликдан ўтгани ҳақида ҳам иддаолар бор.

Сурияда қарийб уч йилдан бери давом этаётган фуқаролар уришида иштирок этиш учун Марказий Осиёнинг деярли барча давлатларидан ёлланма одамлар Сурияга боргани айтилади.

Ўтган ой Қирғизистонда Суриядаги жангларда иштирок этган фуқаро қўлга олинган эди.
XS
SM
MD
LG