Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:31

И. Каримов: Эски раҳбарлардан қатъий воз кечадиган вақт келди


Совет даврида Ўзбекистон ССР Давлат режалаштириш қўмитасига раислик қилган Ислом Каримов советча фикрлайдиган раҳбарлардан воз кечиш фурсати келганини айтмоқда.
Совет даврида Ўзбекистон ССР Давлат режалаштириш қўмитасига раислик қилган Ислом Каримов советча фикрлайдиган раҳбарлардан воз кечиш фурсати келганини айтмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан узинтиларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.


Президент Ислом Каримов 17 январь кунги мажлисда қилган маърузасидан олинган узинтилардан хулоса чиқарилса¸ Ўзбекистон энг фаровон давлат.

Айни маърузада Ислом Каримов Ўзбекистоннинг ҳақиқатдан ҳам фаровон давлат бўлишига эски қолипдаги раҳбарлар тўғаноқ бўлаëтганига ҳам эътибор қаратди.

Картошкахўрлар икки баробар кўпайди

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 8,8 фоизга, қишлоқ хўжалигининг – 6,8 фоизга, чакана савдо айланмаси – 14,8 фоизга ошганини таъкидлаган Ислом Каримов 2013 йилда Ўзбекистон аҳолисининг олдингидан кўпроқ гўшт ва картошка истеъмол қилаëтганлигини фахр билан қайд қилди:

- Ўтган йилларга нисбатан гўшт истеъмоли – 1,4 марта, сут – 1,3 баробар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари – 2,6 марта, картошка – 2 баробар, мевалар истеъмоли – 6,4 карра ошди. Хусусан, ғалла етиштириш 2000 йилга нисбатан 2 баробар, картошка – 3,1 марта, сабзавот – 3,2 баробар, узум – 2 марта, гўшт ва сут – 2,1 карра, тухум – 3,4 баробар ошди¸- деб таъкидлади Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов 2013 йилга доир статистик рақамларни санаб.

Соғлом авлод учун овқат ва иш ўринлари

Маърузада таъкидланишича¸ сифатли овқатланган оилалардан туғилган фарзандлар ривожланиши хақларо стандартларга жуда мос бўлган:

- Аҳолининг овқатланишини яхшилаш, ун ва тузни зарур микроэлементлар билан тўйинтириш, оналар ва болаларни витаминга бой дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли бугунги кунда болаларимизнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига мос келади ва ҳеч шубҳасиз, бу биз эришган катта ютуқлардан биридир¸- деди Каримов.

Жаҳон стандартларига мос тарзда ривожланаëтган ëш авлодни иш билан таъминлаш масаласи ҳам Ислом Каримов маърузасига кўра¸ “баҳолаб бўлмас даражада" ҳал қилинган:

- 2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди. Бу иш ўринларининг 60,3 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда яратилди. Якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш эвазига 480 мингдан ортиқ, касаначиликни кенгайтириш ҳисобидан эса 210 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилди.

Ўтган йили биз учун энг устувор вазифа бўлмиш касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси иш билан таъминланди ва айтиш жоизки, бунинг аҳамиятини баҳолашнинг ўзи қийин. Ўз хусусий ишини очиб, бизнес билан шуғулланишга қарор қилган коллеж битирувчиларига 140 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли микрокредитлар ажратилди. Мамлакатимиз парламенти томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ 2014 йилда салкам 1 миллион иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилмоқда¸- деб таъкидлади Ўзбекистон президенти ўз нутқида.

Ҳар бир ўзбекда битта сарой, иккитадан машина ëки плазма ТВ

Янги очилган иш ўринларида фаолият қилиб бойиган фуқаролар намунавий уй-жой ва автомобил сотиб олаëтганлиги президент назарида юксак тараққиëт намунасидир:

- 159та қишлоқ-туманда намунавий лойиҳалар асосида 900дан ортиқ янги уй-жой массивлари барпо этилди, умумий майдони 4 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 33минг 500дан зиёд якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилди. 732 километр асфальт қилинган автомобиль йўллари, мингдан ортиқ ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари барпо этилди.

2013 йилда қишлоқ жойлардаги 353та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 10 мингта шинам уй-жойлар барпо этилди, бу кўрсаткич 2012 йилга нисбатан 17 фоизга кўпдир. Ушбу мақсадлар учун қарийб 650 миллион доллар қийматидаги маблағ йўналтирилди, деди президент.

Ислом Каримов ўз маърузасида мустақилликнинг сўнгги йилларида оддий аҳоли шахсий компьютер, плазма телевизор, мобиль телефон сотиб олиш имконига эга бўлганини фахр билан таъкидлади.

Каримов ўз нутқида ўзбекистонликлар мамлакатда ишлаб чиқарилган автомобилларни жон деб сотиб олишаëтганига эътибор қаратди:

- Айниқса, сўнгги йилларда аҳолининг ўзимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар билан таъминланиш даражаси ўсгани эътиборлидир. Агар 2000 йилда ҳар 100 та оилага ўртача 20 та енгил автомобиль тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу рақам 41,4 тага етди.

Мамлакатимиздаги оилаларнинг 11 фоиздан ортиғи иккитадан енгил автомобилга эга. Бу кўрсаткичларнинг барчаси аввало нимадан далолат беради?- дея савол қўйган мамлакат президенти бу саволга “фаровонликдан далолат” дея ўзи жавоб берди.


Ўзбеклар пластик картага меҳр қўйган

Президент маърузасида таъкидланишича, ўзбекистоникларнинг “2013 йилда реал даромадлари 16 фоизга, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялари 20,8 фоизга кўпайган”. Ўзбекистон аҳолиси банкда ҳисоб очиш ва пластик карта билан савдо қилишга ишқибоз, дея таъкидлади Каримов:

- Электрон тижоратни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 10 миллиондан зиёд пластик карточка муомалага чиқарилган бўлиб, уларнинг қарийб 2 миллион 500 мингтаси онлайн карточкалардир.

Айниқса, банк хизматларидан фойдаланиш даражасини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Масалан, юртимизда ҳар юз минг катта ёшдаги аҳолига 49,7 та банк муассасаси тўғри келаётгани, ҳар минг киши номига 1 минг 28 та банк ҳисоб рақами очилгани халқаро нормалар бўйича "юқори" деган баҳо кўрсаткичига мос келади¸- дея Ислом Каримов банк соҳаси ходимларига миннатдорлик билдирди.

Каримов чироқлари

Ўзбекистонда кўмир брикетлари ишлаб чиқариш кўпайганини севинч билан таъкидлаган Каримов мамлакат аҳолисини электр билан таъминлаш янги уфқлар касб қилганига ҳам тўхталди:

- Электр энергетикаси соҳасида Толлимаржон иссиқлик электр станциясида қуввати 450 мегаватт бўлган 2та буғ-газ қурилмасини барпо этиш йўли билан кенгайтириш ишлари олиб борилади. Тошкент иссиқлик электр станциясида қуввати 370 мегаватт бўлган буғ-газ қурилмаси ишга туширилади. Навоий иссиқлик электр станциясида қуввати 450 мегаватт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини барпо этиш орқали кенгайтириш ишлари бажарилади¸ дея ваъда берди Ислом Каримов ўз маърузасида.

Эски қолипдаги раҳбарлар тараққиëт тўғаноғи

Маъруза сўнггида Каримов мамлакатда баъзи муаммолар ҳам борлигини эътироф этиб¸ бу муаммолар “эскича услубдаги” раҳбарларнинг уқувсизлиги боис юзага чиққанини таъкидлади:

- Биз ҳанузгача эскича фикрлаш қолипидан чиқа олмаяпмиз, ўз умрини ўтаб бўлган, эски ва яроқсиз планли-тақсимот тизими қолдиқлари, афсуски, бутунлай барҳам топгани йўқ.

Ўйлайманки, бу масала бўйича тушунтириш ва изоҳ бериб ўтиришнинг даври ўтди, эскича бошқариш қолиплари ва усулларидан қутула олмаётган раҳбарлардан қатъий воз кечадиган вақт келди¸ деган гапни Ўзбекистон президенти айтиши билан залда гулдурос ва давомли қарсаклар янгради.

Совет пайтида давлат режалаштириш қўмитасида ишлаган 76 яшар Ислом Каримов Ўзбекистонни 1989 йилдан бери бошқариб келади.
XS
SM
MD
LG