Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:15

Чехия Президенти Земан Каримовдан норози "иккиюзламачи"ларга жавоб берди


Чехиялик таниқли рассом Давид Чернининг "Ўрта бармоқ" ҳайкалтарошлик асари Влтава дарёсида.
Чехиялик таниқли рассом Давид Чернининг "Ўрта бармоқ" ҳайкалтарошлик асари Влтава дарёсида.
Чехия Президенти Милош Земан ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримовнинг Прагага кутилаётган ташрифи борасида ҳуқуқ фаоллари эътирозларига жавоб қилар экан, уларнинг "камроқ иккиюзламачилик қилиш"ига умид қилиб қолишини билдирди.


Президент Милош Земан Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Эндрю Штролайнга ёзган хатида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Прагага Чехиянинг аввалги президенти таклифига биноан келаётганини таъкидлади.

Жаноб Земаннинг ушбу хати Хьюман Райтс Уотч ҳамда яна ўттиздан ортиқ ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг мурожаатига жавобдир.

Ўтган ой ҳуқуқ ҳимоячилари жаноб Земанни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан шу ой охирига белгиланган Прагадаги учрашувини "Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятда конкрет ўзгаришлар бўлмагунча кечиктириб туришга" чақирган эди.

Ўта қўпол оҳангда ёзилган жавоб мактубида президент Земан, жумладан шундай деди:

“Биринчидан, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни менинг салафим чақирган ва дипломатик қоидаларга мувофиқ янги президент, яъни камина олдинги президент чақириб қўйган меҳмонни қабул қилиши керак. Лекин, негадир собиқ президент Вацлав Клаус Ўзбекистонга борганида бунга норозилик билдирилганини пайқаганимиз йўқ эди.

Иккинчидан, Ислом Каримов яқинда Брюсселда Европа Иттифоқи раҳбарияти тарафидан қабул қилинди. Бунга ҳам норозилик бўлганини кузатмадик.

Учинчидан, Қўшма Штатлар Ўзбекистонни террорчиликка қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб ҳисоблайди. Бунга ҳам эътироз билдирилганини сезмадик.

Сизнинг бунақа мавзуларда кўпроқ ахборотга эга бўлишингиз ва камроқ иккиюзламачилик қилишингизни истардим”
.

Имзо: Чехия Республикаси Президенти Милош Земан

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Эндрю Штролайн Чехия президенти Милош Земаннинг бунақа оҳангдаги жавобидан ларзага келганини айтади.

- Чехия президентининг баёнотимизга жавоби унинг Ўзбекистондаги вазият борасида тасаввури ҳаминқадар эканини англатади. Ўзбекистондаги қийноқлар, болалар меҳнати каби муаммолар борасида яхши хабардор бўлган 31 та ташкилот ва ҳуқуқ фаоллари номидан унга хат ёзилган эди. Улар орасида Ўзбекистондаги қийноқ қурбонлари ҳам бор эди. Жаноб Земаннинг хатимизга бу оҳангдаги жавобидан биз ҳайратда қолдик, - деди Штролайн.

Айни пайтда Эндрю Штролайн Ислом Каримовнинг 2009 йилги Брюссел ташрифи жамоатчилик томонидан кескин норозилик билан қарши олинганини эслатди.

Бундай норозиликлар натижасида Ўзбекистон раҳбари Белгия Қироли Альберт II, ЕИ президенти Ҳерман Ван Ромпей ва Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар бўйича комиссари Кэтрин Эштон тарафидан қабул қилинмаган эди.

- Каримовни ўшанда фақат Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэл Баррозо қабул қилган. Бу кучли норозиликлар фонида бўлган. Клаус ташрифига келсак, у Ўзбекистонга Андижон воқеаларидан олдин - 2004 йилда борган. Земаннинг хатидан Чехия раҳбарияти Ўзбекистондаги вазият борасида етарли тасаввурга эга эмас, деган тасаввур пайдо бўлади бизда, - деди Штролайн.

Каримовнинг Прага сафари 21-23 февралга белгиланган. Бу Ўзбекистон раҳбарининг Чехия Республикасига иккинчи ташрифидир.

Чехия президентига мурожаат этган 31 ҳуқуқ ҳимоячисининг бири Франциядаги Ўт юраклар клубининг раҳбари, собиқ сиёсий маҳбус Мўътабар Тожибоева:

- Ўзбекистондаги қийноқлар, сўз эркинлиги чеклангани, фикр эркинлиги бўғилганлиги, фуқаролик жамияти фаолларининг таъқиб этилиши, мана шу масалаларни Ислом Каримов билан учрашувда кўтаришни сўраб мурожаат этган эдик. Лекин, жаноб Земанни жавобидан унинг Ўзбекистон борасида умуман маълумотга эга эмаслиги кўриниб турибди, - дейди Тожибоева.

Айни пайтда Тожибоева ҳамда ўзбекистонлик бошқа ҳуқуқ фаоллари Ислом Каримовнинг Чехияга ташрифи куни Прагада норозилик намойиши ўтказишга тараддуд кўришмоқда.

Президент Каримовнинг Прагага ташрифи пайти Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик, икки давлат ўртасидаги виза тартиби, ўзбекистонлик талабаларнинг Чехияда билим олишлари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG