Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:34

Наманганлик талабалар фаррошга айлантирилди


Наманган Давлат университети талабалари баҳорнинг илк кунидан бошлаб кўча тозалаш ва хиëбонларни ободонлаштиришга сафарбар қилинди.


Озодлик билан суҳбатлашган ва ўзини Азимжон деб таништирган НамДУ талабаси кейинги беш кун ичида ҳар куни ҳашарга чиқарилаëтганлигидан шикоят қилди:

- Бугун ҳам охирги пара дарс бекор қилинди. Ҳаммамизни кўп қаватли уйларнинг олдини тозалашга юборишди. Соат иккидан олтигача эгилиб, фаррошлик қилдик, - дейди Азимжон.

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган Наманган Давлат университетининг бир нечта талабаси ҳам ўзларини "текин мардикор"га айлантирилганидан шикоят қилишди.

Шикоятчи талабаларнинг айтишича, улар Наманган шаҳридан 40 км узоқликдаги ëтоқхоналарни ремонт қилиш ва супур-сидир ишларига мажбурланган.

Исми айтилишини истамаган наманганлик талаба ўзи ташиган тахталарни расмга олиб бизга жўнатди. Талабанинг айтишича, ëтоқхона қурилишидаги меҳнатнинг оғири уларнинг зиммасига тушган:

- Ҳамма бизга иш буюрди. Темир-терсак ва тахталарни бинодан ташқарига елкамизга ортиб ташидик. Энг жаҳлим чиққани - дам олиш куни ҳам бизни ишлатишди. Суратдагилар - ҳақиқий усталар. Улар ўзлари ишлаш ўрнига бизни ишлатишди. Иш жойига келиш учун йўлкира ҳам, тушлик учун пул ҳам бизнинг ҳамëндан чиқяпти, - дейди суҳбатдош.

Шикоятчи талабалар Наманган Давлат университетида ўқиш учун контракт пули тўлаб қўйгани ва мардикорликка ëлланмаганликларини айтишди.

Наманган Давлат университетининг ўзини таништирмаган кафедра мудири Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда талабалар Вазирлар Маҳкамасининг қарори доирасида мамлакатда ўтказилаëтган хайрия ҳашарида кўнгилли ўлароқ иштирок этаëтганини айтди.

Суҳбатдошга кўра, ўтган ҳафта дам олиш кунлари талабалар “Боғ ўстир” шиори остида хиëбонларга кўчатлар ўтказишган.

Наманган Давлат университети ўқитувчисининг таъкидлашича, талабалар дарсдан бўш пайтлардагина ҳашарга жалб қилинган.

Озодлик билан суҳбатлашган НамДУ талабаси Азимжон буни рад қилади:

- Дарсларни ўқитмай, ҳашарга ҳайдаяпти. Иккинчидан, кўчатларни ҳам ўз пулимизга сотиб оляпмиз. Бир кўчатнинг нархи - 20 минг сўм. НамДУ талабаларининг бир қисми ўтган шанба куни ҳашарда иштирок этди, қолган қисми тўрт этажли бешта уйдан иборат ëтоқхона ҳудудини тозалашга юборилди¸ - дейди наманганлик талаба.

Озодлик суҳбатлашган талабалар универститет атрофидаги тозалик билан боғлиқ ҳамма иш талабалар қўли билан амалга оширилишини айтишди.

Бундан ташқари, талабалардан Наврўз¸ Мустақиллик байрамининг оммавий саҳналарида қатнашиб бериш ва пахтага чиқиш ҳам талаб қилинади.

Наманган Давлат университетида контракт асосида пул тўлаб ўқиëтган Азимжон талабаларнинг таълим билан боғлиқ бўлмаган ишларга мажбуран жалб қилинишини адолатсизлик, деб ҳисоблайди.

Азимжонга кўра, на Наманган Давлат университети ва на Наманган шаҳар ҳокимияти университет атрофини кўкаламзорлаштириш учун бир тийин ҳам ажратмаган.

- Улар олдиндан бу ишни талабалар зиммасига юклаб қўйган, - дейди Азимжон.
XS
SM
MD
LG