Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:16

АҚШ TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги қилмишини фош қилмоқчи


Швецияга қарашли TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги фаолияти АҚШ Адлия вазирлиги томонидан ҳам текширила бошлади. Швеция ҳукуматига қарашли телеком ширкатининг 17 март куни маълум қилишича, АҚШ терговчилари TeliaSonera Ўзбекистонда амалга оширган олди-бердига доир ҳужжат ва маълумотларни тақдим қилишни сўрган. TeliaSonera ишини Швецияда тергов қилаётган прокуратура терговчиси Гуннар Стеттлернинг Озодликка айтишича, у АҚШ расмийларидан терговга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.



TeliaSonera Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун, жумладан, 3G алоқасини қўлга киритиш учун бу мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид иддаолар Швецияда бир ярим йлдан бери тергов қилинмоқда.

Катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли телеком ширкатининг Ўзбекистондаги коррупцион хатти-ҳаракатлари энди АҚШ Адлия вазирлиги ҳамда АҚШ қимматбаҳо қоғоз ва биржа операциялари бўйича комиссияси ҳукумати томонидан ҳам тергов қилина бошлаганини TeliaSonera 17 март куни маълум қилди.

Ўтган ҳафта Ҳолландия прокуратураси ҳам TeliaSonera устидан тергов бошлаб, ширкатнинг бу мамлакатдаги икки идораси TeliaSonera UTA Holding B.V. ва TeliaSonera Uzbek Telecom Holding B.V. офисларида тинтув ўтказган эди.

Маълум бўлишича, Ҳолландия расмийлари TeliaSonera ширкатидан, унга нисбатан илглари сурилиши эҳтимоли бўлган молиявий даъволарни қоплаш учун 10 миллиондан 20 миллион еврогача бўлган маблағни гаров сифатида тақдим қилишни сўраган.

TeliaSonera расмийларининг билдиришича, гап ширкатнинг фақатгина Ўзбекистондаги сармоялари билан боғлиқ жараёнлар ҳақида кетмоқда ва эҳтимолий молиявий даъволар айнан шу жараёнлар боис келиб чиқиши мумкин.

Ҳолландияда TeliaSonera устидан бошлаган тергов, бош қароргоҳи Амстердамда жойлашган, катта қисми Россия ва Норвегияга қарашли Vimpelcom ширкати устидан очилган жиноят иши билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Ҳолландия бош прокуратураси расмийси Дики Гарденйер, Озодлик билан суҳбатда, иккала ширкат устидан тергов бир кунда бошланганини қайд этди.

Швеция Бош прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармаси раҳбари Гуннар Стеттлер TeliaSonera ишини 2012 йилдан бери тергов қилмоқда. Унинг Озодликка айтишича, TeliaSonera ҳам Vimpelcom ҳам Ўзбекистон бозорига кириш учун “айни усуллардан фойдаланган”.

Терговчи Стеттлер TeliaSonera ишини тергов қилишда АҚШ Адлия вазирлигидан ҳам ёрдам сўраганини билдирди.

- Мен АҚШ Адлия вазирлигидан ёрдам сўрадим. Мен пул ўтказмалари, турли шахсларга тегишли ҳисоб рақамларига доир маълумотлар, муайан ҳисоб рақамлари кимга тегишли экани тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилишларини сўраганман. Бундан ортиқ тафсилотларни бера олмайман, деди швед прокуратураси терговчиси.

Жаноб Стеттлер Қўшма Штатлар тергови унинг сўрови билан боғлиқми йўқми, буни изоҳламади. Озодликнинг TeliaSonera амалга оширгани гумон қилинаётган ноқонуний трансакциялар АҚШда жойлашган фирмалар орқали ўтганми, деган саволини ҳам очиқ қолдирган швед терговчиси АҚШ ҳукуматининг бошқа давлатларга қарашли ширкатларга доир маълумотларни тафтиш қила олиш имкониятлари борлигини қайд этди.

- Сизга бир нарсани айтишим мумкин, Қўшма Штатлар доллар валютасида амалга ошириладиган опреацияларни назорат қила олиш имконига эга. Яъни агар сиз долларда шартнома тузсангиз ва долларда ҳақини тўласангиз, бу трансакциялар аксар ҳолларда Америкадаги корреспондент банклари орқали ўтади. Қўшма Штатларнинг бу ҳисоб рақамларини назорат қилиш воситалари бор, дейди Стеттлер.

TeliaSonera ширкати Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига доир жиноят ишлари Швециядан ташқари Швейцария, Франция, Латвия ва Ҳоландияда ҳам очилган. Бу терговларда гумонланувчилар сифатида президент қизига яқин бўлган шахслар, жумаладн, унинг фуқаровий эри экани иддао қилинадиган Рустам Мадумаров, хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян, Алишер Эргашев, Шоҳруҳ Собиров кабилар ўтмоқда.

Ўтган ҳафта эса, Швейцария прокуратураси пул ювиш жиноятига доир терговда Гулнора Каримованинг ўзи гумонланувчига айланганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG