Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:49

Ўзбекистон Давлат санъат музейидан олтита сурат ўғирлангани тасдиқланди


Виктор Уфимцевга оид "Цирк" асари Ўзбекистон давлат музейидан ўғирланган.
Виктор Уфимцевга оид "Цирк" асари Ўзбекистон давлат музейидан ўғирланган.
Совет даврига оид тасвирий санъат асарлари савдоси билан шуғулланадиган Москвадаги “СОВКОМ” аукциони Ўзбекистон давлат музейидан ўғирлангани айтилаëтган 6 та картинани сотувга қўйилди.

Бу расмлар 1964 йили оламдан ўтган ва "Туркистон авангарди" деган санъат йўналишини тамсил қилган арбоб сифатида қадрланадиган Виктор Уфимцевникидир.


Озодлик ўтган йили бу 6 расмнинг музейдан ўғирлангани ҳақида ўз манбаларига таяниб маълумот тарқатган эди.

“СОВКОМ” аукциони вакили Озодлик билан суҳбатда бу асарлар Россия фуқаролари тарафидан аукционга топширилгани ва уларнинг ўғирланган- ўғирланмаганини текширишнинг доимо имкони бўлмаслигини билдирди.

Жорий ҳафтада Ўзбекистон Давлат санъат музейи директори Васила Файзиевадан интервью олган Uz24 порталининг ёзишича, асарлар ўғирланиб сохтасига алмаштириб қўйилганлиги суриштирув жараёнида аниқланган.

Уфимцев асарларидан бири
Уфимцев асарларидан бири
Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ 42та экспертдан иборат бўлган ва ўта замонавий ускуналар билан қуролланган ишчи гуруҳи барча экспонатларни инвентаризация қилиш бўйича музейда иш олиб борган.

Суҳбатдошга кўра¸ музейнинг тасвирий графика бўлимини инвентаризация қилиш ишлари якунига етган ва айнан мана шу инвентаризация натижаларига кўра, Уфимцевнинг 6 та асари сохта эканлиги аниқланган.

Маҳаллий матбуотга интервью берган музей директори Васила Файзиева¸ ким ошди савдосида сотувга чиқарилган Уфимцев ижодига мансуб расмларнинг Давлат санъат музейида сақланган асл нусхалари эканлигидан ҳайратга тушганини таъкидлаган:

“Албатта, даставвал “СОВКОМ” ким ошди савдосига қўйилган расмларни асл нусха сифатида тақдим қилинаётган сохта нусхалари, деб ўйлаганмиз. Бироқ, ишчи гуруҳнинг дастлабки натижаларида музейда сақланаётган нусхаларнинг сохта эканлиги маълум бўлди”¸ дея Ўзбекистондаги Uz24 портали Васила Файзиевадан иқтибос келтиради.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ музейда Уфимцев асарларининг айнан асл нусхалари сақланган ва бу ҳужжатлар билан тасдиқланган.

Ўғрилар нишонида қолаëтган Уфимцев

Уфимцев асарлари бундан олдин Ангрен галереясидан ҳам ўғирланган эди.

Виктор Уфимцевга оид бир нечта асарнинг Ангрен галереясидан ғойиб бўлгани ўтган йили Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги ўтказган даврий тафтиш чоғида маълум бўлган эди.

Уфимцев асарларининг галереядан “йўқолиши” 1990 йилдан 2004 йилгача мунтазам тарзда кузатилган.

Тошкентлик рассом Вячеслав Охунов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги музей фондларидаги асарлар мулозимлар тарафидан ўғирланаëтгани ҳақида маълумотга эга эканлигини айтди:

- Бир танишим музей экспонатлари бўлган расмларнинг холстига урилган давлат муҳрларини ювиб ташлашга буюртма олганини гапириб берди. Мен қизиқиб тафсилотларини сўрадим. Ўрганганим шу бўлдики, уюшган жиноий гуруҳ Ўзбекистон музейларидаги асарларни мамлакатдан олиб чиқиб кетиш билан мунтазам шуғулланмоқда, дейди тошкентлик рассом.

Уфимшев асарлари Тошкент давлат музейидан ўғирлаб кетилди
Уфимшев асарлари Тошкент давлат музейидан ўғирлаб кетилди
Ангрендаги суратлар галереясидаги вазиятдан хабардор маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихоновнинг Озодликка айтишича¸ Уфимцев асарларининг галереядан “йўқолиши” 1990 йилдан 2004 йилгача мунтазам тарзда кузатилган.





- Ангрен суратлар галереясида 1986 йили Виктор Уфимцевга оид 2 мингдан зиëд экспонат бўлган. Ҳозир шулардан қанчаси қолгани номаълум¸ дейди суҳбатдош.

Галерея жамламасидаги камомад Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги ўтказган даврий тафтиш чоғида маълум бўлган.

Тафтишдан хабардор бўлган ва исми ошкор қилинмаслигини истаган тошкентлик санъатшуноснинг Озодликка айтишича¸ галереядаги жамламанинг асосий ҳужжати бўлган кирим дафтари (книга поступлений) йўқ қилинган.

Жамламага оид барча тафсилотлар ëзилган ва сурғичлаб қўйилган дафтарнинг йўқолгани санъатшуносларда шубҳа уйғотган.

Ана шундан кейин галерея жиддий текширилганида Уфимцев энди ижодини бошлаган даврга оид бир неча сурат етишмагани аниқланди¸ дейди суҳбатдош.

Ангрендаги суратлар галереясидаги вазиятдан хабардор маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихоновнинг Озодликка айтишича¸ галерея раҳбарияти расмларни сақлашга шароит йўқ¸ деган “афсонани” яратиб¸ йўқолган асарларни "ертўлада намдан чириб кетди" деб ҳисобдан чиқаришга уринишган.

Гулнора Каримова ҳам Уфимцевга ишқибоз

Ўтган йили Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига оид уйни изнсиз ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон бу уйда Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та ўзбек тасвирий санъати дурдонаси борлигини билдирган эди.

Бу уйни ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон эълон қилган картиналар фотосуратларини кўрган санъатшунослар бу картиналар орасида 1964 йили оламдан ўтган Виктор Уфимцев мўйқаламига оид учта рангтасвир асари борлигини аниқлашди.

Гулнора Каримованинг уйидан чиққан Уфимцев асари
Гулнора Каримованинг уйидан чиққан Уфимцев асари
Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги қошидаги экспертиза бўлимининг исми сир қолишини истаган мулозимига кўра¸ Виктор Уфимцев асарларини мамлакатдан олиб чиқилишига қонуний асос йўқ :

- Мавжуд қонунга кўра,1964 йилгача чизилган расмларнинг Ўзбекистон чегарасидан ташқарига чиқарилишига изн берилмайди. Сиз расмнинг эгаси бўлсангиз ҳам уни олиб чиқа олмайсиз. Бу умумий қонун. Виктор Уфимцев каби таниқли рассомларнинг асари бўлган ҳолатда бу тақиқ янада қатъийлашади. Яъни бу таниқли рассомларнинг асарлари 1964 йилдан кейин яратилган бўлса ҳам, улар яратган асарларнинг дурдона экани боис мамлакатдан чиқарилишига изн берилмайди, деди Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги қошидаги экспертиза бўлими мулозимаси.

Шу ўринда Женевадаги уйда турган Виктор Уфимцевга оид картиналар 1959 ва 1960 йилда яратилганини эслатиб қўйишимиз лозим.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик рассом Сергей Игнатьев, ўзидаги маълумотларга асосланиб, бу асарларнинг музей фондларидан ўғирланган бўлиши мумкинлигини иддао қилган эди.


Гулнора Каримованинг Женевадаги уйидан чиққан Уфимцевнинг 3 дона асари Ўзбекистон давлат музейидан ўғирланганми ëки йўқми, деган савол ҳали ўз жавобини топмади.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи раҳбарияти бу юзадан Озодликка изоҳ бермади.

Бозори чаққон Уфимцев

Виктор Уфимцев дохил бўлган "Туркистон авангарди" рассомлари асарларининг шу кунларда бозори чаққон.

Виктор Уфимцев асарларини эса расм тижоратига оид Kupitkartinu.ru порталида кўрдик.

Уфимцевга оид икки қарич катталикдаги сурат ярим миллион рус рублига сотилмоқда дейди санъатшунос¸ Kupitkartinu.ru тужжори Наталия Малинина Озодлик билан суҳбатда:

- Уфимцевга талаб катта. Умуман 30-йилларда Туркистонда ижод қилган рассомларга қизиқиш кучайган¸ дейди Наталия Малинина.

Сиз сотаëтган асарларнинг Ўзбекистон музейларидан ўғирланмаганига кафолат борми¸ деб савол бердик суҳбатдошга:

- Биз буни синчиклаб текширамиз. Иложи бор қадар муаммосиз асарларни сотувга қўйишга ҳаракат қиламиз. Лекин сиз ҳам харидор сифатида текширсангиз¸ зиëн қилмайди¸ деди Kupitkartinu.ru тужжори Наталия Малинина Озодлик билан суҳбатда.

1899 йили Россиянинг Жанубий Уралида туғилган Виктор Уфимцев "афсона излаб" Самарқандга келган ва тарихга "Туркистон авангарди" рассомлари деб кирган мусаввирлардан бири.

1923 йилда илк бора Самарқандга келган рассом Виктор Уфимцев асарларида ëрқин ранг ва шарқона унсурлар акс эта бошлайди.


Ўзбекистон музейлари – ноëб асарларнинг қўриқланмаган сандиғи

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин мамлакат музейларида ўғирлик ва талон- тарож эпидемия каби тарқалгани эсланади.

Хива Ичан қалъа музейида 1992 йил юз берган ўғирлик ҳам очилгани йўқ¸ дейди Озодлик билан суҳбатда музей бош хазинабони Озод Каримов:

- Ҳозир ҳам ўшанда ўғирланган экспонатлар Интерпол қидирувида долзарб бўлиб турибди¸ дейди суҳбатдош.

2001 йил охирида Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан рус рассомларининг бешта машҳур асарлари ўмарилган эди.

Айвазовсийга оид “Даштда кун ботиши”¸ Тропинин чизган “Обаленский портрети”¸ Брюлловнинг “Турк қизи”¸ Крамскойнинг ”Қизил дуррали қиз” ва Суриковнинг “Мерган қиз” асарлари ўғирлаб кетилган эди.

Кейинги икки-уч йилда Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан италян рассоми Томазо Солари чизган “Олма ушлаган Венера” ва машҳур рассом Беллони мўйқаламига мансуб “Чўмилаëтган аëл” асарларини ўғирлашга уриниш бўлган.

Ўзбекистон музейларидаги кўп асарларнинг оригиналлари пулланиб¸ ўрнига қўлбола нусхаларини қўйиш амалиëти ҳам урчигани айтилади.

Ўзбекистондаги Тасвирий санъат билим юртининг икки ўқитувчиси музейдаги асарларни алмаштириб қўйиш мақсадида нусха ишлагани учун жиноий жавобгарликка тортилди¸ дейди Озодлик суҳбатда бўлган санъатшунос.

Ўзбекистон музейларида Пабло Пикассо¸ Василий Кандинский каби машҳур рассомларнинг асарлари мавжуд.

Бу асарларнинг жаҳон бозоридаги нархи бир неча миллион доллардан ошади.
XS
SM
MD
LG