Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:29

Ўшда ОМОН Афғон уруши фахрийсини калтаклади


Ҳизбчиларни қўлга олиш амалиёти давомида калтакланган Афғонистон уруши фахрийси Маҳамаджон Абиджанов оғир аҳволда бўлишига қарамай, шифокорлар уни касалхонага қабул қилишдан бош тортган.

3 апрель куни эрталаб Ўш шаҳри Оқ олтин кўчаси 27- уйида истиқомат қилувчи Ҳакимжон Абиджанов Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати давлат қўмитаси ходимлари томонидан “Хизбут Тахрир” ташкилотига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган. Қўлга олиш жараёнида Ҳакимжоннинг отаси Маҳаммаджон Абиджанов калтакланганини Озодликка унинг турмуш ўртоғи Юлдузхон опа маълум қилди:

-Аввал бир девор қўшнимизнинг уйига киришди. Тарақлаган овоз келганди, қарасам, ОМОН кийимини кийганлар, қора кийинган, фақат кўзи очиқ. Кейин “қўшнининг уйида бировлар юрибди”, деб чолимга айтдим. У киши чиқиб, туалетга кириб кетаётганди эшикни тепишди. Эшикни илмоғини очиб улгурмай, эшикни тепиб киришиб, қўлидаги қуроли билан уни ерга ётқизиб тиззалаб тепишди. Тепиб, уришганидан кейин у кишининг юзи ёрилиб қонаб кетди. У ногирон эди, мен “войдод, бу одам ногирон урманглар”, десам қулоқ солишмади. Оғзи, юзи, қўллари қонаб, бехуш бўлиб қолди, - дейди Юлдузхон опа.

Унга кўра, Маҳаммаджон Абиджанов бехуш бўлиб қолганда қўшнилар тез ёрдам хизматини чақирмоқчи бўлишган, бироқ куч ишлатар тизим ходимлари бунга рухсат бермаган.

Орадан бир неча соат ўтиб Маҳаммаджон Абиджанов шаҳар касалхонасига олиб келинади. Бироқ бўлган воқеадан хабар топган шифокорлар уни касалхонага ётқизишдан бош тортишади. Юлдузхон опа турмуш ўртоғи кечаси оғриб чиқани сабабли унинг жароҳат олгани борасидаги тафсилотларини айтмай, 4 апрель куни вилоят касалхонасига ётқизишганини айтди.

Шунингдек, Абиджановлар оиласи Маҳаммаджон Абиджановнинг калтакланиши бўйича тегишли органларга мурожат қилган.

-Милиция “Қаршилик кўрсатди” дейиши мумкин. Агар қаршилик бўлса нега у кишини олиб бориб, протокол тузилмади? Бу ерда хеч қандай қаршилик йўқ. Акс холда унинг устидан тегишли чоралар кўрилар эди, демак бу ерда хеч қандай қаршилик бўлмаган, - деди Абиджановлар оиласи адвокати Хусанбой Солиев.

Айтиб ўтиш жоизки, Маҳаммаджон Абиджановни калтаклаган ҳарбийлар айбдорлиги исботланса, Қирғизистон жиноий кодекси 305- моддаси 1-прим (қийноқ) 3-қисмига асосан 15 йилгача қамалишлари мумкин.

Бу мавзу юзасидан Ўшдаги ҳуқуқ-тартибот тузилмалари шарҳ беришдан тийилмоқда.

Ўтиб бораётган ҳафтада Ўшда диний мотивлар билан айбланиб қўлга олинган уч ўзбекдан бири Ўш шаҳри Калинин кўчасида истиқомат қилувчи аёл киши экани маълум бўлди. Ишончли манбалардан олинган маълумотларга кўра, бир неча йил олдин диний ташкилотларга алоқадорликда айбланиб аёлнинг отаси қўлга олинган экан ва бу одам Ўзбекистон қамоқхоналаридан бирида вафот этган.

Ота ўлигини ололмаган аёл эса Ўшда жаноза маросимини ўтказади. Аёлнинг ўша маросимда сўзлаган нутқи тасвирланган видео Қирғизистон интернет нашрларидан бирида пайдо бўлган. Шундан сўнг аёл қўлга олинган. Унга нисбатан “Диний низо қўзиш” айби қўйилмоқда.

Қўльга олинганлар “Хизбут Тахрир” диний оқимига алоқадорликда гумонланмоқда. Хозирда улар Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов изоляторида сақланиб, тергов ишлари Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси томонидан олиб борилмоқда.

Қўшимча қилиб ўтамиз, сўнги ойларда Ўш шаҳрида турли диний оқимларга алоқадорликда гумонланиб 10 га яқин одам қўлга олинган. Уларнинг аксарияти ўзбеклардир.
XS
SM
MD
LG