Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:24

Тошкент бозорларида маҳсулотлар яна қимматлади


Шу йилнинг 15-16 апрель кунлари Тошкентдаги “Олой”, “Фарҳод”, “Қўйлиқ” ва “Миробод” деҳқон бозорлари, бир қанча расталар, хусусий сабзавот дўкончаларидаги ҳолатни ўрганган мобил мухбирларимизга кўра, маҳсулотларнинг нархи сезиларли даражада ошган.


Деҳқонлар бу ҳодисани маҳсулотларни пойтахтга келтириш таннархи, бозорларда кунлик чипта нархларининг кўтарилгани, участка милиция нозиридан тортиб солиқ идораси вакилларигача бериладиган кундалик ўлпонлар миқдори ошгани билан изоҳламоқда.

Гўштнинг мисқоли тиллога айланади чоғи...

Пойтахтнинг айниқса “Фарҳод” бозорида гўшт нархи ошгандан ошиб бормоқда. Ҳатто қаттиқ, сифати ҳаминқадар бўлган сигир гўштини ҳам 22 мингдан камга ололмайсиз. Сифатли мол гўшти нархи эса 28 минггача кўтарилган. Шундай ҳам бир килогина гўшт олсангиз, қассоблар эпини қилиб, гўшт орасига муштдек суяк тиқиб юборишади. Бай чоғида ҳам дини Исломдан кичик ваъз қилиб кетадиган уддабурон йигитларнинг маҳсулотига яқинлашиш қийин. Килоси 28 000-30 000 сўм деб турилган жайдари қўй гўшти ҳалол, сўйилишидан аввал бисмиллоси айтиб сўйилганмиш.

Авваллари арзон бўлган парранда гўштининг нархи ҳам қимирлаб қолган. Ҳозир Янгийўлнинг броллер фабрикасидан келаётган оддийгина товуқнинг килоси 17 минг сўмгача кўтарилди. Сотувчи нархдан пешонангиз тиришганини кўрибоқ, вазиятга изоҳ беришга ошиқади: “Жойидан шунақа оляпмиз, қолса 500 сўм қолади, ока”, дейди хижолатомуз. Баҳор келиб, кун исиганигами, от гўшти нархи бироз пастлаган: 23 000-25 000 сўм.

Тошкентнинг кичик ҳалқа йўлидан тўғри “Миробод” бозорига келсангиз, таъбингиз янаям тирриқ бўлади. Бу ерда шаҳарнинг оқсуяклари яшайди, гўшт нархи “Фарҳод”дагидан 1-2 мингга қиммат. Ананас-у узоқ Африканинг бошқа маҳсулотлари ҳам топиладиган бу бозор ўзи аввалдан қиммат. Уч чақирим йўл босангиз, “Олой” бозори келади. Тошкентликлар бу бозорни “бозорларнинг додаси” дейди. Дода бозорда гўшт янаям қимматроқ, атроф тўла амалдор, бу ерга сифатсиз, арзон гўштлар кирмайди.

Навоий кўчаси бўйлаб “Чорсу”га етиб олсангиз, марра сизники. Бу ерда янги қурилган гўшт растасида “биринчи қўл” маҳсулотлари бирмунча арзон. Яъни бозор атрофидаги уйларни ижарага олиб яшаётган қашқадарёликларнинг ўзлари мол-қўй келтириб сўйишади, нархи ҳам шунга яраша арзон: 24 000 – 26 000 сўм. Эринмай “Қўйлиқ”қа йўл олсангиз, бу ерда ҳам нархлар ҳамёнбоп, бунинг устига маҳсулот тури сероб.

Карамнинг нархи ошди, турпники турибди

Қиш бўйи килограмми 500-600 сўмдан ошмаган оддий карамнинг нархи шу кунда 1000 сўмгача кўтарилди. Қизил карамнинг килограмми 1600 сўм, гулкарамнинг килоси 2200 сўм. Турпнинг нархи аввал ҳам 1000-1500 сўм эди, ҳалиям шу нархда. Аммо картошка-пиёзга қараб бўлмайди: “Корзинка” супермаркетида килограмми 3500 сўм бўлган қизил картошканинг бозорлардаги нархи ҳам шунга яқинлашиб қолди. Пиёзни чоғроқ бозорларда 2000 сўмгача сотишяпти, шунда ҳам териб, саралаб олишингизга қўйишмайди.

Лавлагининг чакана нархи 1000 сўмдан бошланади. “Сичқондум” деб номланадиган, карсиллаб турган қанд лавлагини ҳам 1500 сўмгача топса бўлади. “Топинамбур” деб аталадиган жуда фойдали сабзавот тури негадир ўзбекларга сингмаяпти: килоси Европа-ю Америкада тиллога тенг бўлган бу маҳсулот тури Қўйлиқнинг Чирчиқ дарёси соҳилида уйилиб ётибди, ҳатто растадан ҳам жой тегмаган: 1 кило — 500-600 сўм! Сабзининг қизили 2200 сўмга кўтарилди, оддий ошбоп мушак сабзини 1500 сўмдан олса бўлади.

Бозорни кўк босди, “қора бозор”дан “кўк” қочган

Бозор расталари-ю атрофдаги йўлакчаларни баҳорги мавсумий маҳсулотлар — исмалоқ, жағ-жағ, ялпиз ва кўк пиёздан тортиб антиқа “зелен”ларгача тутиб кетган. Нархи ҳам ҳаминқадар, қайтим учун берилган майда пулларнинг ўзига исмалоқнинг бир тутамини олиб, мазали сомса ёки салат тайёрласа бўлади. Аммо кўк бозор бўйлаб, “қора бозор”га чиқаркансиз, вазият мутлақо ўзгача: атрофга аланглаб турувчи саррофларнинг шашти пасайиб қолган.

“Текширув кўп. Кеча департамент босиб, 5 йигитни олиб кетди. Бўйнига 6-7 мингдан илиб, қўйиб юборишибди. Икки-уч йиллик меҳнатингиз бир рейдда куйиб кетиши ҳеч гапмас. Чўталини олиб туришади, лекин нега яна ушлаб кетади - ҳайронмиз. Шерикларимизнинг бир қисми жонга теккани учун Питерга (Санкт-Петербург — таҳр.) ишлашга кетворишди”, дейди “Қўйлиқ”да саррофлик қилаётган Салоҳиддин.

Айни пайтда АҚШ долларининг юзталик купюрасини 298 000 сўмдан сотиб олишмоқда. Агар шу пулнинг ўзини қайтариб сотиб олмоқчи бўлсангиз, 300 000 сўм беришингизга тўғри келади. Ҳозирги кўрсаткич мустақиллик йилларидаги рекорд даражадир. Россия рубли 88 минггача ошди, Евро эса долларга нисбатан 1,3 баравар қиммат.

Дон-дуннинг нархи жойида, одамлар шундан хурсанд

“Супер алангани 3500 сўмгача, Хоразмнинг жайдари энг зўр “лазер”ини 5500 сўмгача сотяпмиз. Худо хоҳласа, гуруч мўл, нархи ҳали бери ошадиган эмас”, дейди “Фарҳод” бозоридаги гуруч растасида савдо қилаётган Моҳира исмли аёл. Оддий сечка (гуруч увоғи) 1,2 минг сўмгача, кенжа навли суюқ овқатга кетаверадиган гуруч 1,5 минг сўмгача.

Сумалак мавсуми бўлишига қарамай, буғдой килоси, яъни мағзи тўқ, майсабоп доннинг нархи 1500 сўмдан ошмади. Ичида якка-ярим синиғи борлари эса 1000 сўмгача. Арпанинг нархи ҳам шу атрофда. Жавдар ва кунжут бозорлардан деярли йўқолди. Гречканинг энг зўрини 6000 сўмга олса бўлади.

Пойтахт бозорларидаги бошқа маҳсулотлар нархи қуйидаги жадвалда кўрсатилган:

Тошкент шаҳар бозорларида маҳсулотлар нархи (15-16 апрель)
Маҳсулот туриҚўйлиқФарҳодОлойЧорсу
Пахта ёғи (Олмос) литри4 800 сўм4 900 сўм5200 сўм4 900 сўм
Қўзиқорин (килограмм)2000 сўмгача2500 сўмгача3500 сўмгача3000 сўмгача
Сузма, қатиқ2500-3000 сўмгача2500-3500 сўмгача3500-4000 сўмгача2500-3000 сўмгача
Цитрус мева (мандарин)6000-8000 сўмгача6500-9000 сўмгача6000-10000 сўмгача6000-7000 сўмгача
Шакар2800-3000 сўмгача2800-3000 сўмгача2900-3100 сўмгача2900-3000 сўмгача
XS
SM
MD
LG