Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:16

Бойсун тумани ҳокими ҳибсга олинди


Шу йилнинг 19 апрель куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳокими Панжи Тангриев МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ҳибсга олинди. Бу ҳақдаги маълумотни туман ҳокимлигининг ташкилий бўлими маъмури тасдиқлади. Унга кўра, ҳоким туманда истиқомат қилган бир неча тадбиркорнинг кўрсатмаси билан ҳибсга олинган.


46 ёшли Панжи Тангриев ҳозирда МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов изоляторида сақланмоқда. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси (Давлат ёки ўзгалар мулкини растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш), 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) билан тергов олди ҳаракатлари бошланган.

- Наврўздан олдин бу ердан (Бойсун тумани назарда тутилмоқда — таҳр.) бир неча тадбиркорни вилоят СНБ олиб кетганди. Уларни Панжига кўрсатма беришга мажбур қилибди. Оёғидан осиб қўйиб, “ҳокимга пул берганман”, деб ёздириб олишган. Буни тадбиркорларнинг қариндошлари бутун Бойсунга тарқатди. СНБда бир Тўрақулов дегани бор. Ўша фақат “результат керак” деб, ҳокимларни қамайди. Панжини бойсунликлар яхши кўрарди, оддий одамларга доим эшиги очиқ эди, - дейди бойсунлик пенсионерлардан бири “Озодлик”ка.

Маълум бўлишича, Панжи Тангриев Ўзбекистон Республикаси президентининг Наврўз шодиёналарини ўтказиш юзасидан белгиланган чора-тадбирларга оид қарори доирасида туманда жамоатчиликни оммавий ҳашарга чорлаган. Шунингдек, бир неча тадбиркордан кам таъминланган хонадонлар, туманда барпо этилаётган иншоотларга ҳомийлик қилишини сўраган, аммо бошқа жойларда бўлгани каби бу ҳаракат зўравонлик ҳисобига амалга оширилмаган.

- Мустақиллик йилларида туманга Панжибойдан аввал Тўрақул Ҳамроев, Эркин Бойниёзов деган кишилар раҳбарлик қилди. Шулар туманни еб тугатди, одамлар уларнинг дастидан “дод” дейишарди. Ана шу ҳокимлар даврида Бойсуннинг азалий довруғига дарз кетди. Бойсуннинг машҳур ҳисори қўйларини икки оёқли бўрилар еб кетди, туманда бирорта иншоот ёки кўркимли бино қурилмади. Аммо Тангриев халққа яқин эди, туманни жуда гуллатиб юбормаган бўлса ҳам, имкон даражасида ишлади. Ҳар ҳолда, одамларнинг арз-додига қулоқ соларди, - деди маҳаллий оқсоқоллардан бири Ҳожибой ака.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида туғилган Панжи Тангриев 2009 йилга қадар Сурхондарё вилояти ҳокимнинг биринчи ўринбосари, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. 2009 йилнинг 9 январида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Бойсун тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида у собиқ ҳоким Эркин Бойниёзовнинг ўрнига тайинланганди.
XS
SM
MD
LG