Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:16

З.Ҳақназаров: 78 йил санъат ўчоғи бўлган филармонияни тугатиш ваҳшийликдир!


Таниқли дирижёр Зоҳид Ҳақназаров филармония ëпилишини қоралади.
Таниқли дирижёр Зоҳид Ҳақназаров филармония ëпилишини қоралади.
Ўзбекистондаги Муҳиддин Қориёқубов номидаги академик ва халқ бадиий жамоалари дирекцияси ҳамда Бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси тугатилди. Бу ташкилотларда ишлайдиган ходимларга тақдим қилинган огоҳлантириш мактубида уларнинг янги иш жойи топиши учун икки ой муҳлат берилган. Шу тариқа, Ўзбекистонда 78 йил ишлаган филармония тамомила тугатилди.


Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 1936 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган Ўзбекистон давлат филармониясини тугатиш тўғрисидаги 402-сонли қарори ижроси оқибатида филармония таркибидаги саккизта жамоанинг 300 мусиқачиси ишсиз қолди.

Филармония раҳбариятига яқин манбанинг Озодликка билдиришича¸ кекса санъаткорлар нафақага чиқарилган¸ ëшларга эса бошқа иш топиш тавсия қилинган.

Дирекция раиси Ўлмас Саиджонов имзоси билан ходимларга тақдим этилган мактубда санъаткорлар билан шартнома муддати тугагани ҳақида огоҳлантирилган.

Муҳиддин Қориёқубов номидаги академик ва халқ бадиий жамоалар дирекциясидаги Озодлик манбасининг таъкидича, филармония давлат бюджетида пул йўқлиги учун тугатилган:

- Бюджет кўтармайди, дейишди. Лекин унақа боқиманда бўлиб ҳам қолмагандик. Концертлар муваффақият билан ўтаëтган эди. Вазирлик нега бизни тугатганини тушуна олмадик, - деди суҳбатдош.

Тошкент Давлат Консерваторияси профессори, Ўзбекистон халқ артисти Зоҳид Ҳақназаров филармониянинг ëпилишини миллатни тараққиëтдан қолдирадиган ваҳшийликка тенглади.
Узр, лекин бу хизмат ҳозирча ишламайди

Ўзбеклардан етишиб чиққан илк дирижëрлардан бири бўлган Зоҳид Ҳақназаров ижоди мамлакатда классик мусиқа ўчоғи бўлган филармония билан чамбарчас боғлиқдир.

Озодлик билан суҳбатда Ҳақназаров жадидлар орзусининг рўëби ўлароқ 1936 йилда очилган филармониянинг жоҳил мулозимлар тарафидан тугатилишига мутлақо қарши эканини айтди:

- Мен филармониянинг ëпилишини мутлақо қоралайман. Бу тараққиëтдан орқага қайтишдир. Бу ваҳшийликдир. Жаҳон мумтоз мусиқасини ижро қилиб улкан маданият ўчоғига айланган масканни йўқ қилинишини ҳеч бир тарзда оқлаб бўлмайди, - деди Зоҳид Ҳақназаров.

Филармония тугатилиши оқибатида ишсиз қолган “Туркистон” камер оркестри дирижёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Элдор Азимов ҳам бу ўзгаришлар санъаткорлар фаолиятига салбий таъсир қилишидан хавотир билдирди:

- Мен ҳам ҳайрон бўлиб турибман, нега бундай қилинаётганининг негизига етолмадим. 22 йил олдин Давлат филармонияси бор эди, "Ўзбекконцерт" бор эди. Кейин буни парчалаб ташлашди¸ - дея таъкидлаган Элдор Азимов келажакда ўзбек филармонияси яна тикланиб мамлакатда мумтоз мусиқага йўл очилишига умид билдирди:

- Барибир умид бор. Филармония бу мумтоз мусиқа ўчоғи, дегани. Мумтоз мусиқа¸ классик ижродаги европача мусиқанинг бугун тўсилган йўли яна очилади деб умид қиламан¸ - дейди суҳбатдош.

Таркибига Давлат хори, “Туркистон” камер оркестри, “Мумтоз” классик ансамбли, Муножот Йўлчиева ижодий гуруҳи, “Ўзбекистон” давлат қўшиқ ва рақс ансамбли, Тўхтасин Жалилов номидаги Давлат халқ чолғу оркестри, Ботир Зокиров номли эстрада-симфоник оркестри ва “Ўзбекистон солистлари” камер ансамбли кирадиган Муҳиддин Қориёқубов номидаги академик ва халқ бадиий жамоалар дирекцияси мустақиллик йилларида Ўзбекистон Давлат филармонияси асосида ташкил қилинган эди.

Тошкентда илк симфоник оркестр концерти 1890 йилда ўтказилган.

Бу концертни томоша қилган шоир Зокиржон Фурқат “Тошкент шахрида бўлғон нағма базми хусусида” ғазал ëзиб “Туркистон миллатидан ҳам нағма базмида соз чаладирғон устодлар етишуви” ҳақида орзу қилган эди.

Фурқатнинг орзуси 1936 йилда амалга ошди.

1936 йили Ўзбекистонда Муҳиддин Қориёқубов номидаги филармония ташкил қилинди.

Бу Марказий Осиëда ташкил бўлган илк филармония ўлароқ 78 йил умр кўрди.

Филармония (юнонча phileo — севги ва harmonia — гармония, мусиқа) мумтоз мусиқа тарғиботи билан шуғулланадиган давлат ҳомийлигидаги муассаса.

Филармониялар XIX асрда Петербург, Москва, Берлин, Лондон, Нью-Йорк шаҳарларида тузилиб, асосан симфоник мусиқани тарғиб қилишган.

Совет иттифоқида 1991 йили 136 филармония иш юритган. Ўзбекистон давлат филармонияси собиқ совет ҳудудида собиқ совет ҳукумати ташкил қилган илк филармониялардан бири эди.
XS
SM
MD
LG