Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:40

Озодбекнинг концертга келмагани сурхонлик мухлисларни ғазаблантирди


Стокҳолмда Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг концертига реклама.
Стокҳолмда Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг концертига реклама.

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг Термиздаги “Алпомиш” ўйингоҳида душанба кунига белгиланган ва аввалдан роса реклама қилинган концерти бўлмади. Ашулачи келмагани учун концерт бекор қилингани мухлислар ғалаëнига сабаб бўлди.

Термиздаги Озодлик манбаларининг айтишича¸ 14 июль куни соат 18 га белгиланган концерт бошланишини кутиб безор бўлган томошабинлар оламони кеч соат 8га яқин куч билан стадион ичига ëриб кирмоқчи бўлган.

Озодликнинг Сурхондарë вилоят ҳуқуқ тартибот органларидаги манбасига кўра¸ “Алпомиш” стадионига ëриб кирмоқчи бўлган гуруҳ ҳаракати қўшимча милиция кучлари жалб қилинганидан сўнггина бартараф қилинган.

Бу аснода Сурхондарë ИИБсидан тезкор гуруҳ келиб, учта халқага бўлиниб, стадионни ўраб олган.

Айни манбанинг айтишича¸ сал ўтмай “Алпомиш" стадиони кассаси олдида пулини қайтариб олмоқчи бўлганлар орасида ур-йиқит бошланган:

- Сурхондарë ИИБсидан тезкор гуруҳи ур-йиқит оқибатида одамлар оëқ тагида қолиб кетмаслиги ва безорилар муштлашувини олдини олиш учун тез ва самарали ҳаракат қилди. Бир вақтнинг ўзида стадион дарвозаси ва стадион кассаси олдида юзага келган тартибсизликни бартараф қилишга эришилди¸ - дейди Озодлик манбаси.

Озодликка маълум бўлишича¸ 14 июль куни кеч соат 7да Озодбек Назарбековнинг концертга келмаслигини Сурхондарë ИИБ мулозими стадион атрофида йиғилганларга овоз кучайтиргич воситасида маълум қилган.

Бу орада 10 минг сўмдан чипта олган томошабинлар билетларини топшириб¸ пулини қайтариб олиш учун стадион кассасига қараб чопган. Аммо, кассада етарли пул бўлмагани боис кўпчилик пулини қайтиб ола олмаган.

Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Шеробод, Узун, Сариосиё, Денов, Шўрчи ва бошқа олис тоғли ҳудуларидан автобус тутиб “Озодбекни кўраман” деб келган мухлислар “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бошлиғига норозилик мактуби ëзишган.

Бу мактуб нусхаси Озодликка ҳам етиб келди.

“Ушбу концерт дастурини кўриш учун чипта олиб вилоятимизнинг олис ва яқин туманларидан қарийиб 5 мингдан ошиқ мухлислар автобус ва енгил транспорт воситаларида соат 12-00дан Термиз шаҳрига етиб келиб, “Алпомиш” ўйингоҳи атрофида йиғилишиб концерт дастурининг бошланишини иссиқда қийналиб интизорлик билан кутишди.

Мухлислар концерт дастурига келиш учун бир неча 10 минг сўмлаб йўл ҳаражатлари қилиб келишган. Аммо олдиндан реклама қилинган концертга Озодбек Назарбековнинг келмаганини билган мухлисларнинг кайфияти тушди.

Кўпчилиги кекса отахон ва онахонлар, ёш болалар ҳамда аёллардан иборат булган мухлислар Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековга нисбатан норозилик билдириб тегишли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар ва Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси рахбариятидан Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековга нисбатан қаттиқ чораларини қўллашини сўраймиз” дейилади мурожатномада.

Озодлик мухбири бу мурожат ортидан республика “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси билан боғланди.

Ўзини Мурод деб таништирган "Ўзбекнаво" мулозими Озодлик мухбирига¸ концерт бекор қилингани юзасидан бирор бир изоҳ беришдан ошкора қўрслик билан бош тортди.

Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг Термиздаги концертини уюштиришга масъул бўлган ва ўзини Илëс деб таништирган маъмури Озодлик мухбири билан гаплашишни истамай телефонини ўчириб қўйди.

Озодликнинг Сурхондарë вилояти ҳокимлигидаги манбаларига кўра¸ “Алпомиш” ўйингоҳида бўладиган концерт учун сотилган билетлар сони Озодбек Назарбековни қаноатлантирмаган.

- Озодбек истаган даражада пул йиғилмаган. Концерт олдидан Назарбеков ўз ташкилотчиларига телефон қилиб сўраб турган. Маълум сумма йиғилмаганини билган Назарбеков Тошкентдан Термизга учиб бормасликка қарор қилди¸- дейди Озодликнинг Сурхондарë вилояти ҳокимлигидаги манбаси.

Манбанинг айтишича¸ Озодбек Назарбековнинг 14 июль куни бўлиши керак бўлган концерти сўнгги бир ой мобайнида вилоятда кенг реклама қилинган.

Ўзбекистон халқ артисти, таниқли хонанда Озодбек Назарбеков шу 6-23 апрель кунлари Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида берган концертнинг асосий қисми фонограммадан иборат бўлгани мухлислар норозилигига сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG