Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:18

Ўқитувчи отаси ўрнига пахтага чиққан ўсмирни машина босиб кетди


Техника хавфсизлигига зид равишда ҳашарчилар аксарият ҳолларда юк машиналарида ташиляпти.
Техника хавфсизлигига зид равишда ҳашарчилар аксарият ҳолларда юк машиналарида ташиляпти.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида пахта теримига сафарбар этилган 19 ёшли Ҳумоюн Эргашевни 23 cентябрь куни кечқурун Нексия автомобили босиб кетди. Воқеа гувоҳларига кўра, Ҳумоюн Бахмал туманида ўқитувчилик қилаётган отасининг ўрнига пахта теримига жўнатилган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган. Ҳозирда Ҳумоюн вилоят касалхонасида оғир аҳволда қолмоқда.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида пахта теримига сафарбар этилган бахмаллик 19 ёшли Ҳумоюн Эргашевнинг 23 сентябрь куни автмобиль ҳалокатига учраганлиги ҳақидаги хабар Озодликка 3 октябрь куни маълум бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган мирзачўллик манбага кўра, воқеа кечаси соат ўнларда содир бўлган:

“Мирзачўл туманига пахта теришга Бахмал туманидан роса кўп ҳашарчи олиб келинган. Ҳумоюн деган бола ҳам бахмаллик ўқитувчининг ўғли экан. Отасининг ўрнига пахтага жўнатилган экан. Бу ҳашарчилар одамларнинг уйларини ижарага олиб яшамоқда. Йўл ёқасига яқин бўлган уйда яшаган бу болани ўша куни Нексия автомобили уриб юборган”, деди манба.

Суҳбатдошга кўра, оғир жароҳат олган ўсмир туман тез тиббий ёрдам марказига ётқизилган:

“Бироқ, жароҳати оғир бўлган шекилли, эртасига вилоят касалхонасига олиб кетишибди”, деди манба.

Жиззах вилояти тиббиёт бирлашмасининг исми сир қолишини сўраган шифокорларидан бири Ҳумоюн Эргашевнинг аҳволи ҳануз оғир эканлигини айтди:

“Ҳумоюн Эргашев олиб келинганда аҳволи жуда оғир эди. Бош мияси қаттиқ жароҳат олган, битта оёғининг суяклари синиб кетган эди. Жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Ҳозир аҳволи бироз яхшиланган. Аппаратдан олдик, ҳозир трубка билан нафас оляпти. Муолажани давом эттиряпмиз", деди тиббиёт бирлашмаси шифокорларидан бири.

Ўзбекистонда бюджетдан маош олиб ишлайдиган ташкилотлар ва хусусий корхоналарнинг пахта теримига одам жўнатиши мажбурий қилиб қўйилган.

Аксарият туманларда мактаб ўқитувчилари ўз ўрнига одам ёллаб жўнатишга мажбур қилинмоқда.

Мирзачўллик манбанинг айтишича, ўқитувчилар ўрнига пахта теримига жўнатилган теримчиларнинг аксарияти ёлланма ишчилардир.

Сўнгги пайтларда пахта теримига мажбурий сафарбар этилган ҳашарчиларнинг турли хил фалокатларга учраши кўп содир бўлмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида пахта теримига сафарбар этилган Тахиатош касб-ҳунар политехника коллежининг учинчи курс ўқувчиси, 18 ёшли Мажид Ўтеганов 28 сентябрь куни ўзини осди. Озодлик манбасига кўра, воқеа пахта терими мавсумида ўқувчилар вақтинча яшаб турган маҳалла хонадонларидан бирида содир бўлган.

26 сентябрь куни Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги “Боёвут-3” фермерлар уюшмасида пахта тераётган Тошкент Темир йўл транспорти коллежининг 18 ёшли ўқувчисини трактор босиб кетди.

25 сентябрь куни Фарғона вилояти Данғара тумани Қиёли қишлоғида яшовчи 57 яшар Мурод Мелиқўзиев мактабда ўқиётган невараси ўрнига пахтага чиққан пайти далада жон берди.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида 23 сентябрь куни содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди.

Бундан 10 кун олдин, 17 сентябрда Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида худди шундай воқеа бўлган эди. Тунда пахта ортиб кетаётган тракторнинг прицепига Нексия автомобилининг келиб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган, уч киши оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилганди.

20 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани Духчи қишлоғидаги касб-ҳунар коллежининг Муборак туманига пахтага сафарбар қилинган директори Ибодулла Бобоев ҳам автоҳалокатда нобуд бўлди.

17 сентябрь куни Қашқадарёдаги Чироқчи Саноат коллежининг ўқувчилари ЗИЛ юк машинасида пахта теримига олиб кетилаётган пайти аварияга учради. Юк машинасида бўлган 39 боладан 29 нафари авария оқибатида жароҳатланиб шифохонага ётқизилди.

14 сентябрь куни Тошкентдан Жиззах вилоятига кетаётган пахта колоннаси Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида аварияга учраши натижасида ҳайдовчи ва ҳашарчилардан бир неча киши жароҳат олган.

Шунингдек, айни шу куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG