Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:45

"GM-Ўзбекистон"га пудратчи корхонанинг 19 яшар ишчиси пахтада вафот этди


Ўзбек машинаcозлари ўз ишини ташлаб пахта теришга мажбур бўлмоқда
Ўзбек машинаcозлари ўз ишини ташлаб пахта теришга мажбур бўлмоқда

"GM-Ўзбекистон" автомобиллари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган Асакадаги ЎзДонгВонКо қўшма корхонасининг 19 ёшли ишчиси, вилоятнинг Қўрғонтепа туманида пахта тераётган Аббосбек Таптиев 5 октябрь куни пахта теримида вафот этди.

Расмий манбаларга кўра, ҳашарчи йигит тунда юрак ҳуружига учраган.

Воқеа тўғрисида Озодликка хабар берган қўрғонтепалик манбага кўра, фожеа ҳашарчилар тунайдиган бинода содир бўлган:

“Глушитель заводи ишчилари пахта теримига ўн кунлик ётоққа келишган. Ҳашарчилар “Қаҳрамон” массивида пахта теришган. Аббосбек деган бола ҳам завод ишчиси экан. Фермер танишимнинг айтишича, кечқурун ўлиб қопти. 19 ёшли соғлом боланинг бирданига ўлиб қолиши кўпчиликни ажаблантирди”, деди қўрғонтепалик манба.

ЎзДонгВонКо қўшма корхонасининг пахта теримига масъул бўлган мулозимларидан бирининг Озодликка айтишича, Аббосбек Таптиев юрак хуружидан вафот этган:

“Ишчиларимизнинг айтишларича, Аббосбек кечаси чўчиб уйғонгану кейин ҳушидан кетган. Ўша пайтда унинг юраги ушлаб қолган экан. Кейин туман касалхонасига олиб боришса, жони чиқиб бўлган экан. Судмедкспертиза унинг юрак хуружидан вафот этгани ҳақида хулоса берган”, деди қўшма корхона мулозимларидан бири.

Мулозимнинг айтишича, завод ишчиларидан 60 киши пахта теримига сафарбар этилган. Улар ҳар ўн кунда янги ишчи-ҳашарчилар билан алмашиниб туради.

ЎзДонгВонКо қўшма корхонаси "GM-Ўзбекистон" автомобиллари учун овоз сўндиргичлар, ёнилғи тутуни чиқариш тизими мосламалари, каталитик нейтрализаторлар, эшиклар учун зарбга қарши балкалар, панел қисмлари ишлаб чиқаради.

Ўзбекистонда давом этаётган пахта теримига барча бюджет ташкилотлари, хусусий корхоналар, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизими ишчи-хизматчилари мажбуран жалб этилмоқда.

Саломатлиги пахта теримига тўғри келмайдиган ишчи-хизматчиларнинг эътирозлари ҳам ҳисобга олинмаётгани боис, ўлим ҳолатлари кўп содир бўляпти.

Жумладан, 3 октябрь куни Фарғона Политехника институтининг 2-курс талабаси, Риштон туманида пахта тераётган Шаҳноза Мирзажонова оламдан ўтди. Озодлик манбаларига кўра, Шаҳнозага далада касаллангани боис уйига рухсат берилган ва у уйига келганининг эртасига вафот этган.

Аббосбекнинг ўлими эса жорий йил пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган 15- мудҳиш воқеадир.

Жорий йилда "пахта фронти"да содир бўлган бошқа 14 та воқеа билан махсус саҳифамизда танишинг.

XS
SM
MD
LG