Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:11

Пахтага мажбуран чиқарилган шифокорларнинг ойлиги ҳам қирқилмоқда


Аксар ҳолларда ҳашарчилар ўз ҳисобидан овқатланмоқда.
Аксар ҳолларда ҳашарчилар ўз ҳисобидан овқатланмоқда.

Ўзбекистондаги тиббиёт ходимлари мажбуран пахта теримига жалб қилинган ҳолда уларнинг ойлик маошлари ҳам ушлаб қолинмоқда. Озодликка боғланган шифокорларга кўра, пахтага чиққан ишчиларнинг сентябрь ойидаги иш ҳақи берилмаган.

Наманган шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг исми сир қолишини истаган врачларидан бири Озодлик билан суҳбатда пахтага чиқарилган ишчилар ойликсиз қолиб кетаётгани ҳақида куюниб гапирди:

“Биз РШТТЁИМнинг Наманган филиали ходимлари пахта мавсумида ётоқда юрганимиз учун иш ҳақи ёзмас экан. Ҳозир 600 та ҳашарчи даладамиз. Бу ерда врачлар, ҳамширалар, фаррошлар, техника ходимлари ва шофёрлар бор. Ҳаммамизга пахта мавсумида ойлик ёзилмас экан. Пахта терганингиз учун ҳақ оласизлар, ойлик начисление бўлмайди, деяпти. Бизга пахтада юрганимиз учун иш ҳақи ёзилмас экан", дейди наманганлик врач.

Наманганлик ҳамшира қиз эса пахтага чиқарилганларнинг ойлиги ушлаб қолинаётгани ноҳақлик эканини айтади:

“Биз хоҳлаб пахтага чиқаётганимиз йўқку. Шунча ҳаражат қилиб келамиз. Пахта терганимиздан оладиганимиз пул овқатга зўрға етса. Бунинг устига пахтага чиқяпсизлар, шу чиққан кунларингизга ойлик бўлмайди, деяпти. Бу қандай ноҳақлик”, дейди исми сир қолишини истаган наманганлик ҳамшира.

Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган бўлими ходимлари пахта мавсумида ойликлари ушлаб қолиниши 2011 йилдан бери давом этиб келаётганини айтишди.

Мазкур марказнинг ҳисобчиларидан бирига кўра, пахта мавсумида фақат шифохонада қолиб ишлайдиган ходимларга иш ҳақи ёзилади:

“Пахтага чиққанларга ойлик йўқ. Пахта терганининг пулини оляпти. Бу бутун Наманган вилояти бўйича шундай. Жамоатчилик ишига пул тўланмайдику. Ҳашарку бу. Биз касал учун берилган пулни касалга сарфлаяпмиз. Бизда касалга қарагани учун ойлик олади. Пахтага чиқса ишламайди ҳисоб. Пахта терганидан олади. Ойлик ёзилмайди”, деди тиббий ёрдам илмий марказининг ҳисобчиларидан бири.

Озодлик мухбири Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги тиббиёт муассасаларига билан ҳам боғланди.

Сирдарё вилоят марказий касалхонасининг ҳисобчиси уларда ҳам пахтага чиққанларга ойлик ёзилмаслигини айтди.

- Ойлик ишга чиққанларга ёзилади, пахта терса ишга чиқмайдику, пахта терганидан ҳақ оладику, - дейди Сирдарё вилоят марказий касалхонасининг ҳисобчиси.

Пахтага мажбуран чиқарилиб ойлиги қирқилаётган шифокорлар бунга норозилик билдиришди:

-Пахтага ўзимиз йўлкира қилиб келамиз, 4 минг сўм йўлкира, қорнимизни ўзимиз қиламиз, овқат бермайди. Бунинг устига ойлигимизни уриб қоляпти. Оиламизни қандай боқамиз. Ўзи 300 минг сўм ойлик олсак, шуни ҳам кўп кўришяпти. Биз пахтага ўзимиз хоҳлаб чиқаётганимиз йўқку. Чиқмасак бўшатворамиз деса, чиқсак ойлигимиздан уриб қолса, қандай кунларга қолдик, - дейди Наманган Юқумли касалликлар шифохонасининг исмини айтмаган ҳамшираси.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари шифокорларнинг пахта мавсумида ойлиги ушлаб қолинаётгани юзадан Озодликка изоҳ бера олмасликларини айтишди.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиб келаётган Вашингтондаги “Cotton Campaign” фаоли Мэттю Фишер Дали шифокорларнинг ўз хоҳишларига зид тарзда пахта теримига жалб этилишини меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши сифатида баҳолайди:

- Ўзбекистонда йиллардан бери ўқитувчилар, шифокорлар ва бюджет идоралари ходимлари ишдан ҳайдалишлари ҳақидаги таҳдидлар билан пахта теришга мажбурланади. Бунинг устига ойликлари кесилмоқда. Бу замонавий қулликнинг бир кўринишидир, - дейди Мэттю Фишер Дали.

Бир қанча инсон ҳуқуқлари ташкилотларини бирлаштирган “Cotton Campaign” аввалроқ Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатни тақиқлаш, бу тақиқни бузганларни жазолашга чақирган эди.

XS
SM
MD
LG