Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:44

Собиқ маҳбус Бахтиёр Ханазаров қамоқдаги қийноқлар ҳақида гапириб берди


Собиқ маҳбус Бахтиёр Ханазаров қамалгунига қадар архитектура ва дизайн фирмасининг раҳбари эди.
Собиқ маҳбус Бахтиёр Ханазаров қамалгунига қадар архитектура ва дизайн фирмасининг раҳбари эди.

Тошкентдаги “Экспресс проект дизайн” хусусий ширкатининг хўжайини Бахтиёр Ханазаров “Бугуннинг гаплари” дастурига ўзининг ноҳақ қамалиш тарихи ва қамоқхоналарда қандай қийноқларни бошидан ўтказгани ҳақида гапириб берди.

Бахтиёр Ханазаров МХХ ходимлари томонидан 2013 йилнинг 17 январида Тошкентдаги офисида порахўрликда айбланиб қўлга олинган.

Суҳбатдошимизнинг Озодлик радиосига берган интервьюсида иддао қилишича, унга нисбатан тергов жараёнида ва қамоқхоналарда қаттиқ қийноқлар қўлланилган ва ноинсоний муносабатда бўлинган.

Бахтиёр Ханазаров қийноқлар оқибатида айбловни тан олишга мажбур бўлганини 2013 йилнинг 4 июлида ўтган суд жараёнида айтган. Маълум бўлишича, терговчилар ундан Тошкент шаҳар Яккасарой туман архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Асом Тожиевга нисбатан сохта кўрсатма беришни талаб қилган.

Бироқ суд судланувчининг бу эътирозини инобатга олмаган ҳолда Ханазаровни 7 йилга кесган ва мол – мулкини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Бахтиёр Ханазаров 2014 йилнинг 19 сентябрида амнистия муносабати билан қамоқдан муддатидан олдин озод қилинди. У айни пайтда ўз ҳуқуқлари тикланиши учун кураш олиб боришини эълон қилди.

“Бугуннинг гаплари” дастурида Бахтиёр Ханазаров билан қамоқдаги қийноқлар ва унинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги ҳаракатлари ҳақида гаплашдик.

Озодлик: Бахтиёр, энг аввало воқеанинг тарихини қисқа айтиб берсангиз. Нима бўлган эди?

- Миллий хавфсизлик хизматининг Шавкат деган ходими ишхонамда ўтирган пайтимда шериклари билан келиб мени сўроққа олиб кетган. Мени Тошкент шаҳар Сергели туман прокуратурасига олиб боришди. Мени қандай айблов билан қўлга олишганини сўрасам, “Сен катта миқдорда пора олгансан”, дейишди. Мен: “Хусусий ширкатнинг хўжайини бўлсам, тадбиркор бўлсам, нега пора оламан?” деб сўрасам, “Тошкентдаги “Архидея люкс” фирмасидан 36 миллион сўм олгансан”, дейишди. Бу фирмадан мен проект чизиб бериш учун ҳақиқатан ҳам пул олганман. Фирма раҳбари Шералига мен ўнта проектни кўрсатганман, шундан биттасини у танлаб олган. Бу проектни чизиш учун уч-тўрт ой бутун группамиз билан ишлаганмиз.

Мен шуларни айтиб бердим. Бироқ МХХнинг қурилиш ва архитектура комплекси бўйича куратори Шавкат мени бошимга уриб, бўғиб: “Яхшиликча бўйнигга ол. Шунда осон қутиласан, қийноқларга солмаймиз. Бўлмаса бутун қариндошларинг билан бирга синдириб ташлайман”, деб дўқ урди. Буйрагимга жуда қаттиқ мушт урилганидан мен хушимдан кетиб қолдим. Чунки мен автоҳалокатга учраганимдан сўнг мени бир буйрагимни олиб ташлашган эди.

Озодлик: Яъни сиз ногиронсиз.

- Ҳа, ўша патйда иккинчи гуруҳ ногиронлиги учун ҳужжат тўғрилаётган пайтим эди. Мени жуда қаттиқ қийноқларга солиб, Шавкат айбловни бўйнимга олишимни таъминлаган. У мени қийнаб, айбловни бўйнимга олдириб кетганидан кейин Сергели туман прокуратурасининг катта терговчиси Алишер Мухторов мени уч кун сўроқ қилди. Уч кун мобайнида менга бир қултум сув ҳам, бир бурда нон ҳам бергани йўқ. Уч кун оч сақлаган.

Шундан сўнг мени Тоштурмага олиб боришди. У ерда 7 ой ўтирдим. Бу ерда жуда қаттиқ қийноқлар бор. Қийноқларнинг асосий қисмини ўзимга ўхшаган маҳбуслар қилади. Аниқроқ айтсам, шунга мажбур қилишади.

Озодлик: Яъни, милиция ходимлари маҳбусларга ниманидир ваъда қилиб бошқа маҳбусларни қийноқларга солишга мажбур қилишадими?

-Худди шундай.

Озодлик: Тоштурмада қандай кунларни бошдан ўтказдингиз?

- Тоштурмада МХХ ходими Шавкат мени иккинчи қаватдаги тергов хонасига чақириб олиб, бошқа одамлар, давлат мансабдорларининг пора олиши ҳақида кўрсатма берасан, деб роса қийнаган. Нозик жойимга тепган. Тоштурманинг мелисаларига буйруқ берган бўлса керак, мелисалар мени: “Кўрсатма ёзасан. Пул олди берди қиладиган одамларининг устидан ёзасан”, деб мажбурлашган.

Қийноқларнинг турлари: оёғингдан осмонга қараб боғлаб қўйиб, товонга резинка тўқмоқ билан уришади. Оёқдан тепага қараб осиб қўйишади. Тоштурманинг суви жуда совуқ. Туалетга ўтқазиб қўйишиб, бошингиздан сув қуйишади.

Озодлик: Шу қийноқларнинг ҳаммаси сизга нисбатан қўлланилдими?

- Ҳа, ҳаммаси қўлланилди. Хушимдан кетган пайтларим бўлган. Соғлигим жуда ёмонлашган. Масалан, Тоштурмага келгунимча 67 кило эдим. Тоштурмадаги қийноқлар натижасида 55 кило бўлиб қолдим.

Бахтиёр Ханазаров билан суҳбатнинг тўлиқ ҳолда қуйида тинглашингиз мумкин.

Бахтиёр Ханазаров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:54 0:00
Бевосита линк

Айни пайтда халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистонда қийноқлар мавжудлигини таъкидлаб келадилар. БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси сўнгги бор 2013 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат қамоқхоналардаги “систематик қийноқлар”га чек қўйишга чақирган.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ташаббус гуруҳи 2014 йил давомида Ўзбекистонда камида 23 маҳбус қийноқлар ёки қамоқда орттирган кассалик оқибатида ҳаётдан кўз юмгани ҳақида маълумотларга эга эканини билдирган эди.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг айтишларича, Ўзбекистонда қийноқ қўллашни тақиқловчи қонун қабул қилинганига қарамасдан, тергов изоляторларида ва қамоқхоналарда гумонланувчи ва маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш давом этмоқда.

Ўзбекистон Президенти 2012 йилнинг 25 декабрида имзолаган ва эртасига расмий матбуотда эълон қилинган “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун орадан бир йил ўтиб, 2013 йилнинг декабрида кучга кирган эди. Мазкур қонунда қийноқлар қўлланилиши тақиқланган.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида қийноқлар систематик тус олганини рад этиб келади.

2013 йилнинг октябрида Женевада бўлган муҳокамаларда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов ўз мамлакатида қийноқлар систематик тус олгани ҳақидаги хабарларни рад этган ва халқаро ноҳукумат ташкилотларини Ўзбекистон борасида бир тарафлама, нохолис ахборот тарқатаётганликда айблаган эди.

XS
SM
MD
LG