Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:14

Рус матбуоти Ўзбекистонда пахта ёпиштирилганини "абсурдизм"га тенглаштирди


“Ўзбекларни мажбуран терилган пахтани қайта чаноқларга ёпиштиришга мажбурлашди”. Ўтган ҳафта Озодлик Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида 400га яқин одам Ўзбекистон бош вазирининг келишига терилган пахтани ПВА клейи билан чаноқларга ёпиштиргани тўғрисида берган хабарини рус тилида чиқадиган 100дан ошиқ матбуот воситаси кўчириб босди. Рус матбуоти пахта ёпиштирилаётган Ўзбекистондаги воқеликни сюрреализм, дея атади.


Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида чиқадиган каттаю кичик агентлик ва нашрлар “пахта ёпиштириш” тўғрисидаги хабарни кўчириб босгани Озодлик таҳририятини анча мамнун этди. 9 октябрь куни Озодлик берган хабарни кўчириб босган 100дан ошиқ матбуот воситаси орасида “Эхо Москвы”, “Коммерсант”, “Дождь ТВ”, “Слон”, “Newsru.com” каби нуфузли медиа ташкилотлар бор.

Русийзабон матбуот бу хабарни қандай сарлавҳалар остида бергани, айниқса эътиборлидир. Албатта, миллионлаб ўзбекистонлик Россияда мардикорлик қилаётгани боис, бу мардикор билан кунда учрашадиган рус муштарийси учун энг мантиқий ва энг кўп ишлатилган сарлавҳа “Ўзбекларни терилган пахтани қайта ёпиштиришга мажбурлашди”, деган муждадан иборат бўлди. Бу хабарни ўқиб кўчага чиққан оддий рус ўқувчиси уйи олдидаги ҳовлини супураётган ўзбек, унинг дунёқараши ҳақида қўшимча тасаввур ҳосил қилган бўлиши аниқ.

Айрим сарлавҳаларда ўзбекнинг дунёқарашини яхши билмайдиган ўрис муштарийси “терилган пахтани нега қайта ёпиштиришади”, деган жўн саволни бериши мумкинлигини аввалдан пайқаб, вазиятни тушунтиришга уриниш бўлганини ҳам кўриш мумкин.

Масалан, Украинадаги “Inforesist” агентлиги “Ўзбекистонда бош вазирга мўл-кўл ҳосилни кўрсатиш учун одамлар терилган пахтани қайтариб ёпиштиришди”, деган сарлавҳани тепага чиқарди.

Россиянинг “Дождь ТВ” телеканали ўз томошабинларига ўзбеклар пахтани бош вазирни “муносиб равишда” кутиб олиш мақсадида ёпиштиргани тўғрисида тушунтириш бериб ўтди.

"Ўзбекистонда одамларни бош вазир келишига териб олинган пахтанинг ҳаммасини жойига ёпиштиришга мажбурлашди", деб ёзган "РенТВ" телеканали қўштепалик ўзбеклар қўллаган пахта ёпиштиришнинг самарали усулига ҳам эътибор қаратди: “айрим одамлар ПВА клейини чаноқларга суркаб туришди, бошқалари териб олинган момиқни пахта чаноқларига ёпиштиришди”, дейилади бу хабарда.

“Эхо Москвы” радиоси берган қисқа хабар “дарвоқе, Ўзбекистон бош вазири охир-оқибат пахта ёпиштирилган туманга келмади”, деган хулоса билан якунланган.

“Newsru.com” нашри русларга ўзбекларнинг нима сабабдан терилган тайёр пахтани қайтариб чаноққа ёпиштирганини яхшироқ тушунтириш учун “Ўзбекча “Потёмкин қишлоғи”: маҳаллий аҳолини момиқни пахта чаноғига қайта ёпиштиришга мажбурлашди”, деган сарлавҳани берди.

Бундан ташқраи “Newsru.com” қиёслаш учун Россияда “Потёмкин қишлоқларини” яратиш уринишларига ҳам мисол келтиради. Лекин Путиннинг Россия вилоят ва шаҳарларга ташрифи олдидан хароб уйларнинг таъмирланиши ёки йўлларга асфальт ётқизилиши абсурдизм бўйича пахта ёпиштиришнинг ёнига ҳам бора олмаслигини бу нашр таҳририяти тан олган бўлиши аниқ.

"Комсомольска Правда" газетаси "Ўзбекистон пахта плантацияларида одамлар бош вазир келишини кутиб, пахтани жойига қайтариб ёпиштиришди", деб ёзди.

Россиянинг энг оммабоп нашрларидан яна бири “Слон.ру” муштарийлар “ўзбеклар ўз ихтиёрига кўра пахтани ёпиштираркан”, деган фикрга бормасин учун “мажбуран терилган пахтани ҳокимият вакиллари қайта ёпиштиришга мажбурлагани”ни қистириб ўтди. Шунингдек, “Ўзбекистонда пахта етиштиришда ҳукумат мажбурий меҳнатдан фойдаланиши, миллионлаб ўзбекистонликлар ҳар йили оммавий тарзда пахта даласига ҳайдалиши, пахтага чиқишдан бош тортганлар тазйиққа учраши”ни тушунтирди “Слон.ру” ўз муштарийларига. Бундан ташқари “Слон.ру” замонавий Ўзбекистонда авваллари пахта фақат президент келишига ёпиштирилгани, бир икки марта дарахтларга гуллар ёпиштирилганини ҳам эслатади.

“Ура.ру” нашри “Бош вазир келишидан аввал амалдорлар одамларни терилган пахтани далага қайтадан ёпиштиришга мажбурлашди. “Ахир шундай бўлса, кўркамроқда!, деган сарлавҳа билан бўлган воқеани ортиқча тушунтириб ўтиришга ҳожат қолдирмади.

“ЧасПик” нашри сарлавҳасидан кўра, хабарнинг кириш қисми эътиборлидир. “1990 йилдан бери президенти, 2003 йилдан бери эса бош вазири алмашмаган мамлакатда ҳаёт машаққатлари ҳақида кичик лайфхак (ҳаёт сабоғи-таҳр.)” деган преамбула билан бошланади “ЧасПик” хабари. Бу нашр негадир мавзудош хабар сифатида "Путиннинг олдига кирмоқчи бўлгани учун руҳий касалликлар шифохонасига жўнатилган йигит" ҳақидаги мақолани берган.

Андрей Бильжо Ўзбекистондаги воқелик Хармс ва Кафка асарларидаги абсурдизм ва сюрреаллизмга менгзашини айтади
Андрей Бильжо Ўзбекистондаги воқелик Хармс ва Кафка асарларидаги абсурдизм ва сюрреаллизмга менгзашини айтади

Озодлик кўздан кечирган айрим сарлавҳалардан уларнинг муаллифлари пахтачиликдан умуман бехабарлигини пайқаш мумкин. Украинанинг “ТСН” агентлиги ўз хабарини “Ўзбекистонда бош вазир ташрифи боис кесиб олинган пахтани ёпиштиришга мажбурлашди”, деган сарлавҳа билан берди. Украиналик журналист пахта қайчи билан кесиб эмас, қўлда терилишини қайдан билсин.

“Коммерсант” газетаси ўз хабарини “Хармс ва Кафка Ўзбекистонда уйғонганда борми, улар ёзадиган нарсалари қолмаганини тушунган бўларди”, деган сарлавҳа остида берди.

Бу воқеани “Коммерсант” мухбири билан муҳокама қилган ёзувчи ва рассом Андрей Бильжо бош вазир кўзини қувнатиш учун пахта ёпиштирилган Ўзбекистондаги воқелик Даниил Хармс ва Франц Кафка асарларидаги абсурдизм ва сюрреаллизмга менгзашини таъкидлади.

Ўзбекистонда пахта ёпиштирилгани воқеаси нафақат хабар агентликлари, балки асосан кўнгилочар вебсайтлар эътиборини ҳам ўзига тортди. Бундай сайтлар муштарийлари мажбуран тердириб, мажбуран ёпиштирилган пахта энди яна териб олингани тўғрисидаги хабарни илҳақ бўлиб кутиб туришган бўлса ажаб эмас.

XS
SM
MD
LG