Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳасини ислоҳ қилиш, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш ва олий таълимнинг бакалавр йўналишига қабул бўйича тест синовларини такомиллаштириш масалалари юзасидан Бош вазир, тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди.
Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, йиғилишда давлат раҳбари олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишига бўладиган тест синовларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш, ривожланган хорижий давлатларда синовдан ўтган энг илғор тажрибаларни татбиқ этиш, тест синовларининг шаффофлигини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берган.
Йиғилишда ёшларда олий ўқув юртларига ўқишга бўлган талабнинг ошиб бораётганини, бунда муҳим бўлган тест синовлари тизимининг эса эскиргани қайд этилди.
Бу соҳада қандай ўзгаришлар бўлиши тўғрисида ЎзА хабарида ҳеч нарса дейилмаган.
Агентликка кўра, 2016/2017 ўқув йилида 466 мингдан ортиқ ўқувчилар умумтаълим мактабларини тамомлаган бўлиб, шундан 170 мингдан зиёди касб-ҳунар коллежларига ўқишга кирган. 288 минг, яъни олтмиш фоизидан ортиғи 10 синфларда ўқишларини давом этирмоқда.