Янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимида махсус сиртқи бўлим талабалари учун дарслар масофадан туриб онлайн тарзда ўқитилади.
Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, эндиликда жорий этилган онлайн ўқитиш платформаси ёрдамида сиртқи таълим талабалари, масофадан туриб, ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олиш имкониятига эга бўлади.
Онлайн ўқитиш платформаси вазирлик ҳузуридаги Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази томонидан жорий этилди.
“Бугунги кунда махсус сиртқи таълимнинг 144 та дарслиги таянч олий таълим муассасаси билан биргаликда масофавий ўқитиш формати асосида ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Масофавий таълимни амалга оширишнинг навбатдаги босқичида олий таълимнинг сиртқи ва кечки таълим учун масофавий ўқитишни йўлга қўйиш режалаштирилган, дейилади хабарномада.
Онлайн ўқитиш курсини ташкил қилиш учун мўлжалланган платформада барча зарурий элементлар яратилган. Маъруза, видеодарс, тест, топшириқ, чат, форум, сўровнома, глоссарий, тескари алоқа ва вебинар шулар жумласидандир. Шунингдек, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида платформани ижтимоий тармоқлар билан интеграцияси амалга оширилган.