Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:36

ЖЧ-2018: Кўп миллатли жамоаларнинг бошқаларидан фарқи нимада?


Россия жамоаси, 2015 йил
Россия жамоаси, 2015 йил

Россияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган аксар терма жамоада турли миллат вакилларини кўриш мумкин. Айниқса, Швейцария терма жамоаси этник таркиби хилма-хиллиги билан ном чиқарган.

Швейцария терма жамоасидаги 23 ўйинчининг 14 нафари ёки мамлакат ташқарисида туғилган, ёки иммигрантлар фарзандларидир.

Франция терма жамосининг 3/4 қисми мамлакатда яшаётган бошқа миллат вакилларидир. Бельгия жамосида 11, Англияникида 10, Германияникида эса 6 нафар бошқа миллатга мансуб бўлган ўйинчи бор.

Аммо, Россияда Марказий Осиё давлатларидан ҳамда Украина ва Молдова каби бошқа ўлкалардан келган миллионлаб иммигрант бўлса-да, Россия терма жамоси аъзолари асосан этник рус эканлиги пайқамасликнинг иложи йўқ. Жамоада бир-икки нафар осетин ва бошқа Россияга кирувчи автоном республикада яшовчи миллат вакили бор холос.

Россия фуқаролигини олган Марио Фернандез ва ота-онаси Беларусь ва Украинада туғилган ўйинчилардан ташқари рус терма жамоасида рус бўлмаган ўйинчи деярли йўқ.

Москвада чоп этиладиган “Советский спорт” газетасининг АҚШдаги мухбири Слава Маламуд Озодлик билан суҳбатда:

- Табиийки, Россия Собиқ Совет давлатларидан бошқа ўлкалардаги мигрантларни ўзига жалб қилмайди. Бундан ташқари, Россияда бор муҳожирларни жамиятга интеграция қилиш билан боғлиқ катта муаммолар бор. Шундай экан, миллий терма жамоа аксар Европа давлати жамоасидек этник таркиби жиҳатдан хилма-хил эмаслиги ҳайратланарли ҳол эмас, - деди.

Маламуд Тошкентда туғилган ва Россияда улғайган нигериялик иммигрант фарзанди Питер Одемвингие бир неча йил олдин Россия учун ўйнашдан бош тортиб, Нигерия учун ўйнашга қарор қилганини айтди.

Маламуд Россияда яшаётган миллионлаб мигрант ижтимоий ва иқтисодий тўсиқларга дучор бўлиб, профессионал спорт билан шуғуллана олмаслигини қўшимча қилди. Россиядаги муҳожирларнинг аксари оз маош тўлайдиган ишларда ишлайди ва жамиятнинг тўлақонли аъзоси ўлароқ кўрилмайди.

- Улар чеккада яшайди, тўлиқ қабул қилинмайди ва кўпи билан уларга тоқат қилишади. Ўз иқтисодий-ижтимоий аҳволлариден келиб чиқиб, фарзандларини уюшган спорт билан шуғулланишга юбора олмайдилар. Уларнинг аксари Россия фуқаролигини ололмайдиям, - деди мухбир.

Маламуд Россия терма жамоасида этник озчилик вакиллари йўқлигининг яна бир сабаби миллатчилик эканлигини айтди.

Кўпчилик россиялик Франция, Германия, Англия ҳамда Швейцария каби Европа жамоларидаги хилма-хилликни ушбу давлатлар заифлиги ҳамда анъанавий маданият емирилаётганидан дарак деб билади.

Маламуд кўпчилик этник руслар Европа “бостириб келаётган варварларни” деб ҳалок бўляпти, деб ҳисоблашини қўшимча қилди.

- Умуман олганда, бу қарашлар мамлакат расмий идеологиясининг бир қисмидир.

Масалан, Санкт-Петербург шаҳрининг “Зенит” футбол клуби яқингача қора танли ўйинчи олмаслик сиёсатига амал қилиб келарди. Бунинг асосий сабаби клуб мухлисларининг бунга қарши эканлигидир.

Аммо Россия терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги ягона моноэтник жамоа эмас. Жанубий Корея, Япония, Исландия, Сербия, Хорватия каби давлатлар терма жамолари ҳам деярли бутунлай бир миллат вакилларидан иборатдир.

Швейцария терма жамоасининг икки таниқли ўйинчиси Гранит Жака ва Жердан Чакири этник албандир. 22 июнь куни Швейцария Сербия терма жамоасини 2-1 ҳисоби билан мағлуб этди. Тўпни дарвозага киритган Жака ва Чакири гол ортидан бургутни эслатувчи имо-ишора қилди. Албания байроғида икки бошли бургут акс этган бўлиб, у мамлакат мустақиллиги рамзидир.

Ўйин бораётган стадионларда ҳар қандай сиёсий белги ва ҳаракатларни ман этувчи FIFA бу икки футболчининг ҳар бирини 10 минг доллардан жаримага тортди.

Швейцарияда ҳам ҳамма мамлакат терма жамоаси этник таркиби хилма-хил бўлганидан мамнун эмас. Швейцария миллий партияси аъзоси мамлакат терма жамоасини “болқон акценти билан сўзловчи хорижлик ёлланмаларнинг тажрибали труппаси” дея таърифлади.

Қизиғи, Морокко терма жамоасидаги 23 ўйинчининг 17 нафари ҳамда Тунис жамоасининг 11 ўйинчиси Европада туғилган. Улар ўз ватанлари эмас, ота-онали туғилиб ўзган мамлакат учун ўйнашга қарор қилишган.

Маламуд этник хилма-хиллик асосан Франция, Германия, Бельгия ҳамда Нидерландия каби бой мамлакатларда кузатилишини айтади.

Мухбир Аргентина ва Бразилия жамияти этник жиҳатдан хилма-хил бўлмаганида, балки футболда катта муваффақатият қозонмаган бўларди, дейди. Ўзи ҳам АҚШ фуқаролигига қабул қилинган Маламуд бир кун АҚШ ҳам ўзининг этник хилма-хиллигидан футболда муваффақият қозониш учун фойдалана олишига умид қилишини айтди.

XS
SM
MD
LG