Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:27

Валютани ноқонуний алмаштирганни 15 суткага қамаш таклифи муҳокамадан ўтди


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хорижий валютани ноқонуний алмаштирган шахслар учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтириб, 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси белгилаш таклифини биринчи ўқишда маъқуллади.

Ҳужжатнинг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси қачон бўлиши ҳозирча номаълум.

Республика ҳудудида ноқонуний валюта айирбошлаш учун жазони кучайтириш таклифи Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментига тегишлидир.

Қонунчилик палатаси расмий сайтида берилишича, янги лойиҳада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддаси, Жиноят кодекси 177-моддасининг санкциясига ўзгартиш киритиш орқали "валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун жазо чораларини белгилаш ҳамда жарималар миқдорини ошириш кўзда тутилган".

Палата хабарномасида айтилишича, мамлакатда чет эл валютасини алмаштириш эркинлашганига қарамай, хорижий валютани ноқонуний алмаштириш ҳоллари "кескин ошиб бормоқда".

"Масалан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан ўтказилган таҳлиллар бу тоифадаги жиноятчиликнинг кескин ўсиш ҳолатларини кўрсатмоқда: биргина жорий йилнинг 9 ойида 2 069 та (2017 йил шу даврида – 1 656) шундай ҳуқуқбузарликлар аниқланган", дея таъкидланади хабарномада.

Бош прокуратурага таянган ҳолда хабар қилаётган Turon24 агентлигининг ёзишича, хорижий валютани қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини белгилаш ва жарима миқдорини ошириш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон президентининг 2017 йил, 2 сентябрь кунги фармонига асосан, мамлакатда юридик ва жисмоний шахслардан чекланмаган миқдорда валюта сотиб олишга рухсат берилган, аммо аҳолига нақд валюта сотишга изн берилмаган.

Марказий банк расмийлари "валютанинг нақдсиз сотилиши ислоҳотлар аввалида чайқовчилик босимини, хорижий валютада амалга оширилаётган амалиётларнинг олдини олишга қаратилган вақтинчалик чора", деб изоҳ берган.

Шундан буён, босқичма-босқич равишда, АҚШ долларининг расмий курси ва Ўзбекистонда йиллардан буён ҳукм суриб келаётган хорижий валюта қора бозоридаги курс қарийб тенглаштирилди, аммо қора бозор ҳануз ҳукм сурмоқда.

Озодлик гаплашган таҳлилчилар, аҳолига нақд доллар сотиб олиш ҳаққини беришни пайсалга солиш ортида, йиллар давомида валюта қора бозорини назорат қилиб келган қудратли гуруҳлар манфаати турганини айтиб келадилар.

XS
SM
MD
LG