Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:57

Тошкент ҳокими одамлар яшаётган уйни бузиш хатолигини тан олди, жавобгарлик ҳақида индамади


Демонтаж қилинаётган 78-уй, Тошкент, 16-февраль, 2019 йил
Демонтаж қилинаётган 78-уй, Тошкент, 16-февраль, 2019 йил

16 февраль оқшомида журналистлар билан учрашган Тошкент шаҳар ҳокими ва унинг мулозимлари пойтахтда ваҳимаси кучаяётган "буз-буз"лар бўйича саволларга жавоб берди. Ҳокимлик раҳбарияти, хусусан, шаҳардаги 78-уйнинг ичидаги оилалар кўчмасидан туриб, бузилиши нотўғри бўлганини тан олди, аммо жавобгарлар борасида изоҳ бермади.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, шанба оқшом ўз идорасида журналистлар билан учрашган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев: "Фуқаролар яшаб турган уйларда демонтаж ишларини олиб бориш тақиқланган", деган.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, 16-февраль, 2019 йил
Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, 16-февраль, 2019 йил

16 февраль куни пойтахтдаги Анҳор канали ёқасида жойлашган ва ҳали одамлар яшаб турган 78-уй шошилинч бузила бошлади. Бу ҳодиса ижтимоий тармоқларда кескин норозиликка сабаб бўлди.

Нашрнинг хабар қилишича, уйда яшовчилар бинонинг бузилишидан 2 йил аввал хабардор қилинган, аммо уйнинг бузилиш санаси айтилмагани ва кўчиб чиқиш учун шароит яратилмаганидан шикоят қилмоқда.

Ҳозирча, уйни унга қўшни паркни кенгайтириш мақсадида бузаётганини билдирган ҳокимият, нега бу қадар шошилинч иш қилаётганини изоҳламаётир.

Бунинг ўрнига эса, ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев: "Ҳокимият одамлар яшаётганда [уйни бузиш] ҳуқуқига эга эмас", деган жавоб билан чекланган.

Яъни, одамлар яшаб турган уйни бузиш бошлаб юборилгани ноқонуний бўлганини тан олган шаҳар ҳокими, бу ишга жавобгарлар ва уларга кўриладиган чора ҳақида ҳам индамаган.

Аслида, 78-уйнинг авария ҳолатига келиб қолганини таъкидлаган шаҳар ҳокимияти, бу уйда яшовчиларга Тошкентнинг Байналмилал кўчасидаги "Ёзувчилар уюшмасининг тайёр уйи", шунингдек, Қори Ниёзий кўчасидан уй таклиф қилинганини билдирди.

Шунингдек, ҳокимият вакиллари пойхтахтнинг "Лолазор" маҳалласидаги халқ орасида "Полкушка" деб аталувчи кўп қаватли уйлар ҳам авария ҳолатида экани, айрим уйларнинг ҳатто "4 ёки 5 баллик зилзилани кўтара олмас ҳолга келган"ини қайд этган.

Шу йилнинг 12 февралида ​Тошкент шаҳар ҳокимлиги аслида бу уйларни бузиш тўғрисида қарор ҳануз қабул қилинмагани, аммо инвесторлар “ҳеч қандай тарихий аҳамияти йўқ бўлган” 27/3, 27/3а, 27/3б, 27/3 В и 27/4-сонли икки қаватли уйлар ўрнига замонавий кўп қаватли бинолар барпо этишни таклиф қилаётганини билдирганди.

Аммо, "Muhandis-Konsulting" номли хусусий ширкат вакиллари 3 февраль куни маҳалла аҳли билан учрашиб, яшаб турган уйларини бузиб, ўрнига янги уй қуриши ва уларга янги уйлардан квартиралар берилишини билдиргани хабар қилинганди. Ширкат вакиллари тилга олган уйлар сирасида эса "Лолазор" маҳалласида 1891 йилда қурилган уйлар ҳам борлиги айтилганди.

Fergana.agency нашрининг ёзишича, Тошкент марказидаги Шаҳрисабз, Миробод, Фидокор ва Ойбек кўчалари кесишган ҳудудда жойлашган "Лолазор" маҳалласидаги айрим уйлар 1891 йилда қурилган. Улар 1917 йилги инқилобга қадар 1 қаватли бўлган, сўнгра иккинчи қавати уланган.

Ўз даврида бу уйлар Чор Россияси аскарлари учун отхона, казарма; Иккинчи жаҳон уруши даврида эса эвакуация қилиниб, Тошкентга олиб келинган одамлар учун бошпана вазифасини ўтаган.

Муҳими, яшовчилар бу ҳудуддаги эски бинолар остида бомбадан сақланадиган ўта мустаҳкам ертўлалар борлиги, улардан 2 таси ҳануз очилмаганини айтиб келадилар.

Экспертлар шаҳар ҳокимиятини, аввало, бу уйларнинг тарихий қимматини аниқлаш, қимматга эга бўлганда тақдирда, уларни замонавий стандартлар асосида реконструкция қилишга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG