Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:57

Вазирлик Бухородаги икки туман сув остида қолиши мумкинлигига оид гап-сўзларни рад этди


Амударё.
Амударё.

Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида ҳеч қандай сув тошқини кузатилмаяпти ва ҳозирги шароитда бунинг асло эҳтимоли ҳам мавжуд эмас. Бу баёнот Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати томонидан 29 апрель куни тарқатилган хабарномада акс этган.

Вазирлик Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган нуқтасидаги Термиз сув ўлчаш постида ҳозирда ўртача 1300 м3/сек. сув оқиб ўтаётгани, бу кўрсаткич ўртача кўп йиллик меъёрга нисбатан 3–4 бараварга кам эканини, шунингдек, Амударёнинг Бухоро вилоятига сув олиш ҳудудида жойлашган Атамират сув ўлчаш постида бугунги кунда ўртача 805 м3/сек. сув оқиб ўтаётган бўлиб, бунинг кўп йиллик меъёрга нисбатан 4 бараварга кам эканини урғулаган.

Амударёнинг асосий ирмоғи бўлган Вахш дарёсида жойлашган Тожикистоннинг Нурек сув омбори умумий ҳажми 10,5 млрд. м3 бўлиб, бугунги кунда мазкур сув омборида сув ҳажми бор-йўғи 6,2 млрд. м3 ни ташкил этади ёки сув омборда сув захираси деярли қолмаган.

Хабарномада Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев Амударёдаги сув ресурсларига боғлиқ вазиятни Тожикистон Республикаси Сув ва энергетика вазири Усмонзода Усмонали билан телефон орқали муҳокама қилгани, унда У.Усмонзода Амударёда ҳеч қандай тошқин бўлиши мумкин эмаслиги ва бунга бирор-бир омил йўқлигини таъкидлагани уқтирилади.

“Шундан кўриниб турибдики, Амударёда сув кўпайиши кузатилаётгани йўқ ва бунга ҳеч қандай сабаб ҳам мавжуд эмас”, дейилади хабарномада.

Айни пайтда вазирлик Каспий денгизидан сув тошқини бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига, шу жумладан Олот ва Қоракўл туманларигача етиб келиши борасида тарқалган миш-мишлар мутлақо асоссизлигини таъкидлайди.

“Чунки халқаро сатҳлар шкаласига (Болтиқ тизимига) нисбатан Каспий денгизининг сув сатҳи 27 метр пастда, Олот ва Қоракўл туманларининг ер сатҳи эса ўртача 190 метр юқорида жойлашган. Бундан кўриниб турибдики, Каспий денгизининг сув сатҳи Олот ва Қоракўл туманлари ер сатҳидан ўртача 217 метр пастда ҳамда 950 км узоқликда жойлашган”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Эслатиб ўтамиз, кеча маҳаллий нашрларда кучли шамол, ёмғир аралаш довулдан сўнг Бухоро вилоятида электр токи узилиб, телефон алоқалари ҳам узилгани, натижада илгари кузатилмаган миқёсдаги табиий офатдан энг кўп зарар кўрган Олот ва Қоракўл туманларининг дунёдан узилиб қолган аҳолиси орасида ваҳима тарқалгани, одамлар сув тошқини ва сел келишидан қўрқиб, тепалик ва қирларга йиғила бошлагани ҳақида хабарлар ёйинланганди.

XS
SM
MD
LG