Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:04

Роза Ўтунбаева: Июнь воқеалари келиб чиқишидан наркобизнес вакиллари ҳам манфаатдор бўлган


Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтунбаева.
Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтунбаева.

Июнь воқеаларининг уюштирилишидан кўп кучлар манфаатдор бўлган, айниқса бундан наркобизнес вакиллари ва криминал гуруҳларнинг манфаати катта эди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтунбаева Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида билдирди.

Ўтунбаева фикрича, наркотрафикда иштирок этаётган гуруҳлар 2010 йил июнида мамлакат жанубида содир бўлганга ўхшаш воқеалардан фойдаланиб қоладилар.

“Улар чегараолди ҳудудларида вазият беқарор бўлиб турган пайтда катта партия молларини ўтказиб олар эканлар. Бу ҳақда кўпчилик гапирган”, деди собиқ президент.

Ўтунбаева ўзи бошқарган Муваққат ҳукумат 10 йил аввалги воқеалар уюштирилган, деб ҳисоблашини айтди. Унинг эътирофича, 2010 йил июнь воқеаларининг келиб чиқишида наркобизнес вакилларидан ташқари собиқ президент Бакиев тарафдорлари, хусусан, уни ёқлаган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг, ўзбек миллатига мансуб айирмачиларнинг ҳамда учинчи кучларнинг роли бўлган.

Айни пайтда собиқ президент Ўш воқеаларида учинчи кучлар иштироки ҳақида етарли ҳужжатга эга эмаслигини, бу ҳақда Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов кўп гапирганини қўшимча қилди.

Ўш воқеалари чоғида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти билан қилган суҳбатини ёдга олар экан, Ўтунбаева Ислом Абдуғаниевич (Каримов – таҳр.) унга: “Мен чегарани қаттиқ ушлаб, тўсиб турай, бизда ҳам ёрдамга бормоқчи бўлган миллатчилар кўп, мен бу тарафни тутиб тураман, сиз эса у тарафни ўзингиз ҳал қилинг”, деганини эслади.

Қирғизистон жанубида 2010 йил 10 июнида бошланган воқеаларга бугун 10 йил тўлди. Ўша пайтда, расмий маълумотларга кўра, 442 киши нобуд бўлган, 2000 чоғли одам тан жароҳати олган. Қурбонларнинг 295 нафарини ёки 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини эса қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июнь воқеалари чоғида 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам ҳалок бўлган.

XS
SM
MD
LG