Сарлавҳага чиқарганимиз огоҳлантирув билан Оренбург вилоятидаги Ўзбеклар автономияси нодавлат, нотижорат ташкилоти раҳбари, 45 яшар Равшанҳожи Кавланов Россияда ишлаб юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига мурожаат қилди.
Равшанҳожи Кавланов билан биринчи марта Оренбург областининг Қозоғистон билан чегарадош Бузулук районида тўпланиб қолган ўзбекистонлик муҳожирлар масаласида 10 июлда суҳбатлашган эдик.
Ўшандан бери Бузулукда тўпланиб қолган муҳожирларнинг катта қисми поездда Ўзбекистонга (16 июлда) олиб келинди. Бироқ Равшанҳожи Кавлановнинг 23 июлда билдиришича, поезддан қолиб қолган бир неча ўн киши ёнига кейинги кунларда яна бошқалар қўшилган ва натижада шу кунда Ўзбекистонга қайтиш учун Қозоғистон чегарасини очишини кутаётганлар сони 400 дан ортиб қолди.
Равшанҳожи Кавланов билан чегарада қолаётганларнинг шу кундаги аҳволи ҳақида суҳбатлашдик. Суҳбатдошимиз «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодировнинг чет элдан ўзбекистонликларни ватанга қайтаришни вақтинча тўхтатиб, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш тўғрисидаги таклифига ҳам ўз муносабатини билдирди.