Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35
Ижтимоий тармоқда тарқалган сурат
Ижтимоий тармоқда тарқалган сурат

Бош прокуратура афғон ҳарбий ҳаво кучлари Ўзбекистонга ўтгани ҳақидаги ўз хабарига раддия берди

New York Times Ғани рафиқаси билан Ўзбекистонга кетгани ҳақда хабар қилди

New York Times нашри Афғонистон президенти Ашраф Ғани рафиқаси Рула Ғани ва икки ёрдамчиси билан бирга Ўзбекистонга кетгани ҳақда хабар қилди.

Афғон ҳукуматидаги исми очиқланмаслигини истаган расмийнинг нашрга билдиришича, Ғани якшанба куни катта делегация таркибида Толибон билан ҳокимият алмашинуви бўйича музокараларда қатнашиши керак эди.

Лекин, Ғани Ўзбекистонга кетган. Ҳозирча Ўзбекистон бу хабарга расмий муносабат билдиргани йўқ.

Бундан аввал оммавий ахборот воситалари Ғанининг Тожикистонга жўнаб кетгани ҳақда хабар қилган эди.

Афғонистон Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла "Фейсбук"да эълон қилган билдирувида “Президент мамлакатдан чиқиб кетганини” ёзиб, унинг бу қадамини танқид қилганди.

Ашраф Ғанининг ўзи "Фейcбук"да қон тўкилишини олдини олиш учун Кобулдан кетган ҳақда ёзди.

"Қон тўкилишини олдини олиш учун мен кетишга қарор қилдим", деб ёзади у. Аммо, Ғани қаерда эканини очиқламади.

Айни пайтда Толибон Афғонистонда Ислом Амирлигини эълон қилишга тайёрланмоқда.

Кобулдаги президент саройида Толибон байроғи тикилгани ҳақда хабарлар бор.

АҚШ Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлашини билдирди

Вашингтон АҚШ ва иттифоқчиларнинг Афғонистондаги вакилларини эвакуация қилиш мақсадида Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлаш учун чора-тадбирлар кўраётганини билдирди.

АҚШ Давлат департаменти ва Пентагон эвакуация 16 августда бошланиши ҳақида баёнот берди. Франция, Британия ва Германия ҳам ўз вакилларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишини маълум қилди.

АҚШ ҳарбий вертолётлари 15 август куни Кобулдаги АҚШ элчихонасини аэропортга кўчира бошлаган эди.

Британия Бош вазири Борис Жонсон эса Лондон 3000 британ фуқаросини эвакуация қилиш учун Кобулга 600 ҳарбийни жўнатганини билдирди. Кобулдаги Британия элчихонаси ходимларининг асосий қисми ҳам ватанига қайтарилади.

Британия Бош вазири Борис Жонсон 15 август куни матбуотга берган интервьюсида давлатларни Толибонни Афғонистон ҳукумати сифатида тан олмасликка чақирди.

“Биз бирон бир давлат икки томонлама келишувга асосланган ҳолда Толибонни тан олишини истамаймиз”,-деди Жонсон.

Бош вазир Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун парламентни таътилдан чақириб олганини ҳам айтди.

16 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун навбатдан ташқари шошилинч йиғилиш ўтказади.

Толибон жанггарилари 15 август куни Афғонистон пойтахтини эгаллади. Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди.

Албания ва Косово афғон қочқинларни вақтинча қабул қилишга рози бўлди

Албания ва Косово АҚШ илтимоси билан афғонистонлик қочқинларни вақтинча ўз ҳудудига жойлаштиришга рози бўлди. Расман билдирилишича, қочқинлар бу икки давлатда АҚШга виза бериш жараёни якунлангунига қадар бўлиб туради.

Албания Бош вазири Эди Рамага кўра, президент Жо Байден маъмурияти ундан афғон қочқинлари учун транзит давлат бўлишни илтимос қилган.

“Биз “Йўқ”, деб айтмаймиз. Биз бу ишни катта иттифоқчимиз илтимос қилгани учунгина эмас, балки Албания бўлганимиз учун ҳам амалга оширамиз”,-деди Рама.

Косово ҳукумати расмийси Луан Далипи эса Озод Европа-Озодлик радиосига АҚШ илтимоси билан афғонистонлик қочқинларни вақтинча қабул қилиш масаласи муҳокама қилинганини тасдиқлади.

“Июль ойининг зрталаридан бошлаб биз бу масалада АҚШ ҳукумати ва ҳарбийлари билан тиғиз ҳамкорлик қилмоқдамиз. АҚШ бизнинг бош иттифоқчимиз ва стратегик ҳамкоримиздир. Шунинг учун бу масала ижобий ҳал бўлади”,-деди Далипи.

Афғонистон учоғи Ўзбекистон ҳудудига қулаб тушди. Тошкент Кобулнинг қулаши борасида сукут сақламоқда

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги 15 август куни кечқурун Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида фарқлаш белгилари Афғонистонга тегишли бўлган самолётнинг қулаб тушгани ҳақидаги хабарларни ўрганаётганини айтган. Ижтимоий тармоқларда қулаган самолёт қисмлари ва камида бир инсон жароҳатлангани акс этган видео ва фотолар тарқалди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа расмий идоралар ҳодиса билан боғлиқ хабарларни шарҳлагани йўқ.

Айрим хабарларда учоқнинг афғон ҳарбийларига тегишли қирувчи учоқ экани айтилади.

14 август куни Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтган 84 нафар Афғонистон ҳарбий хизматчисига тиббий ёрдам ва вақтинчалик бошпана берганини тасдиқлаган. Хабарда ТИВ афғон фуқароларини ватанига қайтариш ҳамда Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазиятни юмшатиш учун афғон томони билан музокаралар олиб бораётгани айтилган.

Расмий Тошкент шунингдек, 14 август куни Толибон кучларидан қочган ўзбек маршал Абдурашид Дўстумнинг Ўзбекистонда паноҳ топгани ва якшанба куни Афғонистонни тарк этган президент Ашраф Ғани самолёти Тошкентга қўнгани ҳақида матбуот, жумладан, Нью Йорк Таймс нашрида пайдо бўлган хабарларга ҳам изоҳ бермади.

16 август куни президент Шавкат Мирзиёевнинг босма матбуотга биринчи марта интервью берганини эълон қилган президент матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам Кобулдаги ҳукумат ўзгаришини шарҳламаган. Тошкентдаги брифинг чоғида у журналистларни Афғонистондаги вазият борасида тасдиқланмаган ахборотни тарқатмаслик тўғрисида огоҳлантирган.

«Албатта, Афғонистондаги вазият ҳамманинг диққат-эътиборида, ҳамма уни ёритишга ҳаракат қиляпти. Лекин бу мавзуда спекуляцияга йўл қўймасликка, ишончсиз манбалардаги гапларни тарқатмасликка чақираман", дея президент матбуот котибининг сўзларидан иқтибос келитмроқда Daryo.uz нашри.

"Мана, кеча Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон—Ўзбекистон чегарасидаги вазият ҳақида расмий баёнот берди. Бундан кейин ҳам ўз вақтида ахборот бериб боради. Илгари бундай вазиятларда расмий идоралар халқимизга тегишли маълумотни етказиб бермаган, бу биринчи марта.

Биз журналистлар ва ватандошларимизга маълумотлар ўз вақтида етказилишини таъминлаймиз. Сиздан илтимос, турли фейкларга ишониб, нотўғри ахборотларни тарқатманг. Бизнинг позициямиз шундан иборат, материалларимиз шунга мувофиқ бўлиши керак», — деб айтган Шерзод Асадов.

Президент матбуот хизмати душанба куни давлат раҳбари 15 август куни Москвадаги шифохонада вафот этгани эълон қилинган муфтий Усмонхон Алимовнинг яқинларига ҳамдардлик билдириш учун марҳумнинг хонадонига ташриф буюргани ҳақида хабар тарқатди.

Президент Мирзиёев якшанба куни Россия президенти Владимир Путин билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган. Ўзбекистон давлат телеканаллари Афғонистон билан чегарадаги Ҳайратон кўпригида вазият осойишта экани ҳақидаги лавҳаларни намойиш этган.

Толибон жангчилари 15 август куни пойтахт Кобулга кирди. Маҳаллий вақт билан соат 13:00 да Толибон Афғонистоннинг бутун ҳудудини тўлиқ назоратига олгани ва Кобулда жанглар тугаганини эълон қилди.

Шундан сўнг толиблар вакиллари ҳокимиятни “тинч йўл билан топшириш” шартлари бўйича музокара олиб бориш учун Кобулдаги президент саройига келишди, дея хабар беради “Associated Press” исми сир тутилишини истаган мулозим маълумотига таянган ҳолда.

Ушбу маълумотни Озодлик радиоси афғон хизматига Толибон вакили ҳам тасдиқлади. 15 август кундузи Кобул кўчаларида тартибсизлик ва ваҳима ҳукм сурди.

Аҳолининг бир қисми шаҳардан чиқиб кетишга уринди, ҳукумат муассасалари ходимлари қочишга тушди. Маъмурий идоралар, полиция маҳкамалари, армия бошқармалари ёпилиб, дўкон ва бозорларда иш тўхтади.

Толиблар шаҳарга киришидан бир оз аввал президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди.

У қайси давлатга жўнаб кетгани ҳақида расмий маълумот йўқ. Жаҳон ОАВларининг бу борадаги тахминларида Тожикистон, Ўзбекистон ва Уммон номлари тилга олинади. Кейинроқ Ашраф Ғани Кобулга ҳужум қилишга ҳозирлик кўрилганини, аммо у хунрезлик олдини олиш учун ваколатларидан воз кечишга қарор қилганини билдирди.

“Толибон қурол кучи билан ғолиб чиқди ва эндиликда ўз ватандошларининг номуси, мол-мулки ва жони учун масъулият унинг зиммасида. Аммо у кўнгилларни забт этишга муваффақ бўла олмади”, деб ёзди собиқ президент “Facebook”даги саҳифасида.

“Уруш тугади”

Толиблар вакили Муҳаммад Наим Кобулдаги президент саройида туриб “Ал Жазира” телеканали орқали Афғонистон учун уруш “ниҳоясига етгани”ини эълон қилди. “Бугун афғон халқи ва мужоҳидлар учун улуғ кундир.

Улар бугун 20 йил чеккан машаққатлари ва берган қурбонлари самарасини кўриб туришибди. Аллоҳга шукрки, мамлакатда уруш тугади”, деди Муҳаммад Наим. Наимга кўра, Афғонистондаги янги тузум тури ва шакли тез орада очиқланади.

Унинг айтишича, толиблар “яккаланиб яшашни истамайдилар ва тинч халқаро муносабатларга чақирадилар”.

“Биз мақсадимизга етдик, айнан – мамлакатимиз озодлиги ва халқимиз мустақиллигига эришдик. Биз ҳеч кимнинг юртимиздан бошқа-бировга ҳужум қилиш учун фойдаланишига йўл қўймаймиз, шунингдек, ўзимиз ҳам бошқаларга зарар етказишни хоҳламаймиз”, дея баёнот берди Наим. Толибон ҳаракати сиёсий идораси раҳбари Мулла Абдул Ғани Бародар якшанба куни (15 август) қисқа видеомурожаатида ҳаракат “афғонларнинг ишончини оқлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш билан синалиши”ни айтди.

Шундан сўнг ташкилот вакили хорижий давлатлар “АҚШ бошлиқ коалициянинг муваффақиятсиз тажрибаси”ни ҳисобга олган ҳолда “Афғонистонга бостириб киришдек хатони такрорламайдилар”, дея умид қилишаётганини қўшимча қилди.

БМТ Бош котиби босиқликка чақирмоқда

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 15 август куни Толибон ҳамда можаронинг бошқа тарафларини “инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун мумкин қадар вазмин бўлишга” чақирди.

Гутерриш, айниқса аёллар ва қизлар келажаги учун хавотир билдирди. БМТ Бош котиби халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларига, шунингдек, Ислом Республикаси барча аҳолисининг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши таъминланмоғи лозимлигини таъкидлади.

У мамлакатга гуманитар ёрдам етказиб берилишига қаршилик қилмасликка чақирди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши бугун, 16 август куни Афғонистондаги вазият юзасидан йиғилиш ўтказади.

15 август куни АҚШ ўз дипломатларини эвакуация қилишга киришди. Кобул аэропорти ва ўз элчихонасини ҳимоя қилишга кўмаклашиш учун Вашингтон Афғонистонга қўшимча кучлар жўнатди. CNN ва “Bloomberg” хабар қилишича, элчихона ходимларига ҳужжатларни ҳамда пропаганда мақсадида қўллаш мумкин бўлган буюмлар (масалан, Америка байроқлари)ни йўқ қилиш буюрилган.

“Bloomberg” манбасига кўра, бу стандарт амалиётдир. Россия ўзининг Кобулдаги элчихонаси ходимларини кўчиришни режалаштирмаяпти.

Бу ҳақда Россия ТИВ вакили Замир Кобуловга таянган ҳолда “РИА Новости” хабар қилмоқда. Қобуловга кўра, дипломатик миссия ўз фаолиятини одатдаги тартибда давом эттиради, чунки толиблар элчихона хавфсизлигига кафолат берган. Унинг урғулашича, бу кафолат бошқа мамлакатлар ваколатхоналарига ҳам тааллуқли.

Бу орада эса, “Pajhwok” ахборот агентлиги хабар беришича, Ашраф Ғани ва бошқа юқори мартабали мулозимлар қочиб кетганидан сўнг, Кобулда “ҳокимиятда тартибсизлик вужудга келишининг олдини олиш ва уни тинч йўл билан топшириш мақсадида” миллий ярашув олий кенгаши тузилди. Кенгашга собиқ президент Ҳамид Карзай, Миллий ярашув олий кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла ҳамда Афғонистон Ислом партияси етакчиси Гулбиддин Ҳикматёр аъзо бўлиб кирган.

Жалолобод ва Мозори Шарифнинг забт этилиши. Панжшер – Толибон назоратидан ташқарида

Якшанба куни Толибон жангчилари Афғонистоннинг муҳим жанубий шаҳри бўлмиш Жалолободни жангсиз эгаллади. “Reuters” агентлиги Жалолободдаги афғон мулозимига таяниб, губернатор толибларга таслим бўлгани сабабли шаҳарда тўқнашувлар бўлмагани ҳақида хабар берди.

Манбага кўра, бу шаҳар аҳолиси ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона чораси бўлган. Жалолободнинг босиб олиниши толибларга Афғонистондан Покистоннинг Пешовар шаҳрига элтувчи йўлда назорат ўрнатиш имконини берди. Шанба (14 август) куни толиблар Афғонистон шимолидаги йирик шаҳар — Мозори Шарифни босиб олишга муваффақ бўлишди.

Ундан аввалроқ эса Кобулдан атиги 80 чақирим масофада жойлашган Пули Алам шаҳри (Логар вилояти) ишғол қилингани маълум бўлганди. Айни пайтда, Афғонистон миллий қаҳрамони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ватани бўлмиш Панжшер вилояти толиблар назоратидан четда қолмоқда.

19 август Афғонистонда Мустақиллик куни бўлиб, бу сана 1919 йилда мамлакат Британия таъсиридан халос бўлганидан сўнг белгиланган.

Толиблар айнан шу санага қадар мамлакатни узил-кесил эгаллаб, Кобулда ўз ҳокимиятини ўрнатиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилган бўлиши мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG