Назарбоев истеъфога чиқарилди, намойишлар давом этмоқда
ИИВ: 8 полициячи ва 1 аскар ҳалок бўлди
Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига кўра, 5 январдаги намойишлар чоғида саккиз нафар полиция ходими ва бир нафар Миллий гвардия аскари ҳалок бўлган, 317 нафари жароҳатланган.
5 январь куни ИИВ “жамоат тартибини бузгани учун” 200 дан ортиқ киши қўлга олинганини билдирди. Расмийлар намойишчилардан қанчаси жабрлангани ҳақида маълумот беришгани йўқ.
ИИВга кўра, “ҳокимият вакилига нисбатан куч ишлатиш, безорилик, давлат идоралари биноларига ҳужум қилиш” билан боғлиқ ўнлаб факт бўйича жиноят ишлари тергов қилинмоқда.
Вазирлик 5 январь кунги воқеаларни “тартибсизлик” деб атади ва митингчиларни ёруғлик-шовқин гранаталари ҳамда кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган ҳолда куч билан тарқатилди.
Суюлтирилган газ баҳоси икки баравар ошгани ортидан мамлакат ғарбида бошланган оммавий норозилик манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфо берди.
5 январь куни Қозоғистондаги намойишлар бўлаётган ҳудудлар
Қозоғистон бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Аввалроқ намойишлар кенг тарқалган ҳудудлар - Нур-Султон ва Олмаота шаҳри ҳамда Манғистау ва Олмаота вилоятларида фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.
Фавқулодда ҳолат даврида соат 23:00дан эрталаб соат 7:00га қадар комендантлик соати амал қилади.
Фавқулодда ҳолат тартиби фуқаролар ҳуқуқларини чеклаб, комендантга кенг ваколатлар беради. У аҳолининг ҳаракатланиш эркинлигини чеклаши, ҳужжатлар текшируви ва шахсий тинтувлар ўтказиши, шаҳарга кириш ва чиқишни чеклаши мумкин.
Шунингдек, фавқулодда ҳолат шароитида тинч йиғилишлар, иш ташлашлар ва бошқа оммавий норозилик чиқишларини ўтказиш тақиқланади.