КХШТ кучларини Қозоғистонга жўнатиш бошланди. Россия ҳарбийлари Қозоғистонга киргани билдирилди
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти - КХШТ кучлари тинчликпарварлик миссиясини амалга ошириш мақсадида Қозоғистонга жўнатила бошланди.
“КХШТ кучларининг асосий вазифаси давлат идораларини қўриқлаш ва ҳуқуқ-тартибот органларига кўмак кўрсатишдан иборат бўлади”,-дейилади ташкилот баёнотида.
Vlast.kz нашрининг ёзишича, 6 январь куни эрталаб Олмаотага Россия ҳарбийларини олиб келган биринчи самолёт қўнди. Улар бир неча соатдан кейин шаҳарни қўриқлашга киришиши айтилмоқда.
КХШТга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон аъзо давлат ҳисобланади. 5 январь куни ташкилотга раислик қилаётган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян КХШТ кучлари Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев илтимоси билан киритилаётганини билдирган эди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот ўтказган. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати мулоқот санасига аниқлик киритган эмас.
Суҳбат чоғида, қайд этилишича, “давлат раҳбарлари Қозоғистондаги вазиятнинг ривожланиши, республикадаги ҳолатни барқарорлаштириш, тез фурсатда тинчлик ва осойишталикни қайта тиклаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашганлар”.
Мирзиёев Қозоғистоннинг биродар халқи ва раҳбариятини уларнинг мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларида доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.
Аввалроқ президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев 5 январдан эътиборан таътилга чиққанини маълум қилган эди.
Псаки АҚШ Қозоғистондаги вазиятни диққат билан кузатаётганини билдирди
Оқ уй 6 январь куни Қўшма Штатлар Қозоғистондаги тартибсизликларни диққат билан кузатаётганини маълум қилиб, томонларни хотиржамлик ва босиқликка чақирди.
“Биз Қозоғистондаги намойишларга оид хабарларни кузатиб турибмиз. Намойишчиларни ўз талабларини тинч йўл билан билдиришга, ҳокимиятни эса вазмин бўлишга чақираётганларни қўллаб-қувватлаймиз”, деган Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.
У Россиянинг тартибсизликларда АҚШнинг қўли борлиги ҳақидаги иддаоларини “уйдирма” деб атаган.
Аввалроқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларига “террористик таҳдид”ни бартараф этишга кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган эди. Унинг иддаосича, Мудофаа вазирлиги Олмаота яқинида террорчи тўдалар билан жанг қилмоқда.
Қозоғистонда намойишлар 2 январь куни бошланган. Дастлаб мамлакат ғарбида аҳоли суюлтирилган газ нархини арзонлаштириш талаби билан бош кўтарган. Расмийлар аввалига бозордаги вазиятни рўкач қилиб, нархларни тушириш имконсизлигини айтишган эди. 4 январда ҳокимият ён берган, аммо одамлар барибир намойишни тўхтатишмаган. Кейинроқ норозилик бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олган.
Назарбоевнинг сафдоши, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Карим Масимов ишдан кетди
Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик сафдоши Карим Масимов мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан бўшатилди. Унинг ўрнига Давлат қўриқчилик хизмати бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Ермек Сагимбаев тайинланган. Қозоғистон президентининг бунга оид фармонлари 6 январь куни Ақўрда сайтида эълон қилинди.
Қозоғистонда махсус хизмати раҳбарининг алмаштирилиши ҳудудларда тўхтамаётган норозилик чиқишлари ва Олмаота комендатурасининг “аксилтеррор амалиёти” бошланганига оид баёнотлари манзарасида амалга оширилди.
56 ёшли Карим Масимов 2000-йиллар бошидан бери Қозоғистон ҳукуматида турли юқори лавозимларни эгаллаб келган, ҳатто икки марта бош вазир лавозимида ишлаган эди. Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимида у 2016 йилнинг сентябрь ойидан бери ишлаб келаётган эди.