"Олмаота ТВ" машинаси ўққа тутилди. Ҳайдовчи ўлди, журналист яраланди
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, 6 январь куни Олмаотанинг Республика майдонидаги отишма пайти "Олмаота ТВ" телеканали ходимлари кетаётган машина ўққа тутилган.
Оқибатда телеканалнинг бир ходими - машина ҳайдовчиси ҳалок бўлган, унинг ёнида бўлган бир журналист яраланган. Улар билан бирга бўлган оператор эса омон қолган.
Пайшанба куни Республика майдонидаги "тозалаш" тадбирлари пайти намойишчилар ўққа тутилгани, қурбонлар бўлгани хабар қилинди.
ССВ: Тўқнашувларда 1000дан зиёд одам жароҳатланди
Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, мамлакатда норозилик намойишлари бошланганидан бери 1000дан зиёд одам жароҳатланган. 400 киши шифохонага ётқизилган бўлиб, ҳозирда 62 киши жонлантириш бўлимида қолмоқда.
Ички ишлар вазирлиги намойишчилардан қарийб 2300 киши қўлга олинганини маълум қилган. Бироқ намойишчилар орасидаги қурбонлар сони ҳақида ҳозирча расмий маълумотлар эълон қилинмади. Расмий хабарномада “тартибсизликларнинг ўнлаб иштирокчилари маъмурий биноларни ишғол қилишга уринган вақтида йўқ қилинган”и айтилган холос.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги намойишчилар билан бўлган тўқнашувлар пайти куч ишлатар тизимларидан жами 18 киши ўлгани, улардан 13 нафари Олмаотадаги тўқнашувлар пайти ҳалок бўлганини билдирди.
"Интерфакс": Қозоғистондаги рус ҳарбийлари сони 5000дан ошмайди
КХШТ тинчликпарвар контингенти таркибида Қозоғистонга киритиладиган Россия ҳарбийларининг умумий сони 5 минг кишидан ортиқ бўлмайди. Бу ҳақда 6 январь куни РФ Мудофаа вазирлигидаги манбасига таянган ҳолда “Интерфакс” хабар қилган.
Агентлик маълумотига кўра, Россия контингентини 31-гвардия десант-штурм бригадаси (Ульяновск) ҳамда 98-гвардия ҳаво десанти дивизияси (Иваново) бўлинмалари ташкил қилади – иккала ҳарбий тузилма ҳам КХШТнинг тезкор ҳаракат қилувчи кучлари таркибига киради.
Пайшанба куни эрталаб КХШТ котибияти тинчликпарвар контингент Қозоғистонга жўнатилгани, КХШТ Коллектив тинчликпарвар кучлари сафида Россиядан Ҳаво десанти қўшинларига тегишли бўлинмалар кирганини ҳақида маълум қилган эди.
Пайшанба оқшомида эса РФ Мудофаа вазирлиги Россиянинг илк аскарий бўлинмалари Қозоғистонга етиб келганини билдирган.
Чимкент ва Қизилўрда: Қурбонлар бор
Чимкент шаҳар соғлиқни сақлаш идораларига таяниб, маҳаллий нашрларнинг ёзишича, намойишлар пайти чимкентликлар орасида қурбонлар бўлган. Ҳозирча қурбонларнинг аниқ сони маълум эмас. Қурбонлар кучишлатар тизимлари ва намойишчилар орасида ҳам бўлгани айтиляпти.
"Хабар" телеканали Қизилўрдада 14 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилди.
Ички ишлар вазирлиги намойишчилардан қарийб 2300 киши қўлга олинганини маълум қилган. Бироқ намойишчилар орасидаги қурбонлар сони ҳақида ҳозирча расмий маълумотлар эълон қилинмади. Хабарномада “тартибсизликларнинг ўнлаб иштирокчилари маъмурий биноларни ишғол қилишга уринган вақтида йўқ қилинган”и айтилган холос.