Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:52

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

Назарбоев истеъфога чиқарилди, намойишлар давом этмоқда

ЕИ Қозоғистондаги вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди

Европа Иттифоқи Қозоғистон ҳукумати ва намойишчиларни вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди.

ЕИ ўз баёнотида Қозоғистон ҳукуматини фуқароларининг тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқини ҳурмат қилишга, намойишчиларни эса зўравонликка йўл қўймасликка чақирди.

“ЕИ Қозоғистон ҳукуматини сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқларига тўсқинлик қилмасликка чақиради”, дейилади баёнотда.

5 январь куни “Қазақтелеком” оператори бутун мамлакатда интернетни узиб қўйди.

Интернет мобил операторларда ҳам, симли алоқа операторларида ҳам ишламаяпти. Қозоғистонда интернет буткул блоклаб қўйилганини дунёда интернетнинг ҳолатини кузатиб борувчи NetBlocks ширкати (Буюк Британия) ҳам тасдиқлади.

Чет элдаги қозоғистонликлар Нур-Султон ва Олмаотадаги қариндошлари билан телефон ва оммабоп мессенжерлар орқали базўр алоқа боғлашаётганини айтишмоқда. Қозоғистонга оид қатор сайтлар, жумладан, машҳур медиалар сайтлари айни пайтда очилмаяпти.

Карим Масимов истеъфога чиқарилди

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев чоршанба куни кечқурин Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасининг қудратли раиси Карим Масимовни истеъфога чиқарди.

Президент қарорига кўра, Ермек Сагимбаев Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасига раис қилиб тайинланди. Шу пайтгача Сагимбаев Қозоғистон давлат қўриқлаш хизмати бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Карим Масимов биринчи марта 2007 йил бош вазир лавозимига тайинланган ва 2012 йилгача шу лавозимда ишлаб келган эди. Иккинчи марта у 2014 йилда Бош вазирликка тайинланган ва 2016 йилдан Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди.

Интернетда тарқалган ушбу видеода норозилар Олмаотадаги Миллий хавфсизлик қўмитаси биносидан қуролларни олиб кетгани айтилган.

Тоқаев КХШТдан ёрдам сўради

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев 5 январь оқшомида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти (КХШТ)га расман мурожаат қилиб, Қозоғистонда юзага келган вазиятни ўнглашда ёрдам сўради.

Тоқаев “Хабар-24" давлат телеканали орқали чиқишида бу ҳақда гапираркан, Қозоғистондаги ҳодисаларни «террористик таҳдид» дея таърифлайди ва уни бартараф қилишда КХШТдан ёрдам сўрайди.

Россия раҳномалигидаги КХШТга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва Белорус аъзо ҳисобланади. Ҳозирча ушбу давлатлар Тоқаев сўровига қандай жавоб бергани маълум эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG