Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:33

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

Қозоғистонда Интернет яна ўчирилди

Пайшанбага ўтар кечаси Нур-Султон ва Олмаотада яна Интернет узиб қўйилди. Интерфакс хабарига кўра, телефон алоқаси ҳам деярли ишламаяпти.

5 январь кун бўйи ўчириб қўйилган Интернет ва телефон алоқаси кечқурин ишга тушгани хабар қилинганди.

“Қазақтелеком” оператори 5 январь куни бутун мамлакатда интернетни узиб қўйган, Интернет мобил операторларда ҳам, симли алоқа операторларида ҳам ишламаган эди. Ҳозир ҳам айни вазият кузатилаётгани айтилмоқда. Қозоғистонда интернет буткул блоклаб қўйилганини дунёда интернетнинг ҳолатини кузатиб борувчи NetBlocks ширкати (Буюк Британия) ҳам тасдиқлади.

Чет элдаги қозоғистонликлар Нур-Султон ва Олмаотадаги қариндошлари билан телефон ва оммабоп мессенжерлар орқали базўр алоқа боғлашаётганини айтишмоқда. Қозоғистонга оид қатор сайтлар, жумладан, машҳур медиалар сайтлари айни пайтда очилмаяпти.

ЕИ Қозоғистон ҳукуматини сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқларига тўсқинлик қилмасликка чақирди.

Назарбоевнинг сафдоши, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Карим Масимов ишдан кетди

Карим Масимов
Карим Масимов

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик сафдоши Карим Масимов мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан бўшатилди. Унинг ўрнига Давлат қўриқчилик хизмати бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Ермек Сагимбаев тайинланган. Қозоғистон президентининг бунга оид фармонлари 6 январь куни Ақўрда сайтида эълон қилинди.

Қозоғистонда махсус хизмати раҳбарининг алмаштирилиши ҳудудларда тўхтамаётган норозилик чиқишлари ва Олмаота комендатурасининг “аксилтеррор амалиёти” бошланганига оид баёнотлари манзарасида амалга оширилди.

56 ёшли Карим Масимов 2000-йиллар бошидан бери Қозоғистон ҳукуматида турли юқори лавозимларни эгаллаб келган, ҳатто икки марта бош вазир лавозимида ишлаган эди. Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимида у 2016 йилнинг сентябрь ойидан бери ишлаб келаётган эди.

Псаки АҚШ Қозоғистондаги вазиятни диққат билан кузатаётганини билдирди

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки
Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки

Оқ уй 6 январь куни Қўшма Штатлар Қозоғистондаги тартибсизликларни диққат билан кузатаётганини маълум қилиб, томонларни хотиржамлик ва босиқликка чақирди.

“Биз Қозоғистондаги намойишларга оид хабарларни кузатиб турибмиз. Намойишчиларни ўз талабларини тинч йўл билан билдиришга, ҳокимиятни эса вазмин бўлишга чақираётганларни қўллаб-қувватлаймиз”, деган Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.

У Россиянинг тартибсизликларда АҚШнинг қўли борлиги ҳақидаги иддаоларини “уйдирма” деб атаган.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларига “террористик таҳдид”ни бартараф этишга кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган эди. Унинг иддаосича, Мудофаа вазирлиги Олмаота яқинида террорчи тўдалар билан жанг қилмоқда.

Қозоғистонда намойишлар 2 январь куни бошланган. Дастлаб мамлакат ғарбида аҳоли суюлтирилган газ нархини арзонлаштириш талаби билан бош кўтарган. Расмийлар аввалига бозордаги вазиятни рўкач қилиб, нархларни тушириш имконсизлигини айтишган эди. 4 январда ҳокимият ён берган, аммо одамлар барибир намойишни тўхтатишмаган. Кейинроқ норозилик бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот ўтказган. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати мулоқот санасига аниқлик киритган эмас.

Суҳбат чоғида, қайд этилишича, “давлат раҳбарлари Қозоғистондаги вазиятнинг ривожланиши, республикадаги ҳолатни барқарорлаштириш, тез фурсатда тинчлик ва осойишталикни қайта тиклаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашганлар”.

Мирзиёев Қозоғистоннинг биродар халқи ва раҳбариятини уларнинг мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларида доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.

Аввалроқ президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев 5 январдан эътиборан таътилга чиққанини маълум қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG