Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:42

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

КХШТ қўшинларининг Қозоғистонга киритилишига қарши имзо йиғилмоқда

Қозоғистонга йўл олган россиялик ҳарбийлар
Қозоғистонга йўл олган россиялик ҳарбийлар

Change.org сайтида Қозоғистонга Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо мамлакатлар қўшинларининг киритилишига қарши петиция эълон қилинди. Айни пайтгача уни 12 мингдан зиёд киши имзолаган.

Петицияда Қозоғистондаги норозилик чиқишлари асосан тинч характерга эга бўлгани, президент Тоқаевнинг КХШТдан ҳарбий ёрдам сўраши эса нолегитим бўлиб ҳисобланиши урғуланган.

Петиция ташаббускорлари мамлакат норозилик тўлқинига бурканган ва “амалдаги ҳокимият сўнгги легитимлилигини йўқотаётган” бир пайтда КХШТ қўшинларининг киритилиши, улар фикрича, Қозоғистон миллий суверенитетига тажовуз ва ташқи кучларнинг бостириб киришидан бошқа нарса эмасдир.

“Биз амалда бўлган бир неча ўн йиллар мобайнида демократик танлов институтини тўлалигича йўқ қилган ҳамда ўз фуқароларининг йиғилиш эркинлиги дохил тамал ҳуқуқ ва эркинликларини ер билан яксон қилган авторитар режим аскарларимиз милтиғи найзасига таянишига йўл қўёлмаймиз. Ва биз аскарларимиз қозоғистонлик норози фуқароларни ўлдириш қуролига айланишига йўл қўя олмаймиз. Биз элларимиз орасида биродаркушлик уруши бошланишига йўл қўёлмаймиз”, дейилган петицияда.

Аввалроқ КХШТ президент Тоқаевнинг ҳарбий ёрдамга оид талабини маъқуллаган эди. Қозоғистонга КХШТ қўшинларини ташлаш амалиёти 6 январь куни бошланган ва 7 январь куни бу иш ниҳоясига етиши мумкин. КХШТ бош котиби Станислав Засга кўра, бу ерда гап 2,5 минг нафар ҳарбий ҳақида бормоқда.

Уральск турғунлари намойишларда тутиб кетилган яқинлари тақдиридан хавотир олишмоқда

Уральск шаҳридаги намойишдан лавҳа, 2022 йил 5 январи
Уральск шаҳридаги намойишдан лавҳа, 2022 йил 5 январи

Қозоғистоннинг Уральск шаҳри турғунлари норозилик намойишлари чоғида қўлга олинган қариндошларини топа олишмаяпти. Бу ҳақда Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка амал қилиш халқаро бюроси вакили Павел Кочетков маълум қилди.

Унинг айтишича, одамлар ўз яқинларини топишда ёрдам сўраб мурожаат қилишмоқда. Аммо полиция қўлга олинганлар қаерда сақланаётгани тўғрисида ҳеч қанақа маълумот бермаяпти.

Хусусан, жамоатчилик фаоли Амангелди Оразбаевни митинг чоғида ушлаб олиб кетишган, унинг қаердалиги бир суткадан бери номаълум. Қизининг сўзларига кўра, Оразбаев астма касалига чалинган, у вақти-вақти билан дори ичиб туриши керак, лекин дориларини олиб бориб беришнинг имкони йўқ.

Уральскдаги норозилик намойишлари чоғида ўнлаб одам қўлга олинган.

Қирғизистон: Парламент депутатлари Қозоғистонга ҳарбий йўллаш масаласини ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилишмоқда

Қирғизистон парламенти депутатлари Қозоғистонга ҳарбийларни йўллашга оид масалани ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилишга қарор қилишди.

Мазкур таклиф, Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва айрим депутатлардан чиққан.

Аввалроқ МХДҚ раиси Ташиев Қозоғистонга 150 нафар ҳарбий, 8 та зирҳли техника ва 11 та автомобиль юбориш таклиф қилинаётгани ҳақида маълум қилган эди. У қўшинлар аҳамиятга молик давлат объектларини қўриқлашлари, бироқ митингларни тарқатиш ёки интизомни тиклаш ишларида иштирок этмасликларини урғулаган.

Депутатлар бу масалани муҳокама қилар экан, Бишкекдаги парламент биноси олдида Қозоғистонга ҳарбий йўлламаслик талаби билан пикет бўлиб ўтмоқда.

Қирғизистон парламенти Қозоғистонга 150 нафар ҳарбий юборишни маъқуллади

Қирғизистон Жогорку Кенеши Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни йўллаш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда депутат Достон Бекешов маълум қилган.

Бекешовга кўра, депутатлар икки марта овоз беришган. Биринчи мартасида қарор “ўтмагач”, айрим депутатлар иккинчи марта овозга қўйишни илтимос қилганлар. Бу сафар 69 депутат қарорни ёқлаб, 7 нафари унга қарши овоз берган.

“Қарорга мувофиқ, биз 150 аскарни чекланган муддатга юборяпмиз. Аниқ муддатни Қозоғистондаги қўмондонлик белгилайди”, дейди Бекешов.

Бу маълумотни парламент йиғилишидан сўнг МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев ҳам тасдиқлаган. Унинг аниқлик киритишича, 150 ҳарбий хизматчи билан бирга 8 та зирҳли техника ва 11 та ҳарбий автомобиль юбориш кўзда тутилган. Шунингдек, Ташиев қирғиз аскарлари митингларни тарқатиш ёки тартиб ўрнатишда иштирок этмаслигини, балки муҳим давлат объектларини қўриқлашини урғулаган.

Қарор муҳокама қилинаётган пайтда парламент биноси қаршисида Қозоғистонга ҳарбийларни жўнатмаслик талаби билан пикет ўтказилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG