АҚШ Путиннинг ядровий таҳдидини қоралади
Россия президенти Владимир Путиннинг мамлакат ядровий тийиб турувчи кучларини жанговар шай ҳолатга келтириш ҳақидаги буйруғи Ғарбда ядровий уруш эҳтимоли билан боғлиқ хавотирларни келтириб чиқарди.
Қўшма Штатларнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфильд Путиннинг буйруғи “қабул қилиб бўлмас” эканини таъкидлади.
"Бу президент Путин урушни мутлақо қабул қилиб бўлмас тарзда ёйишда давом этаётганини англатади ва биз унинг ҳаракатларига энг қатъий кўринишда қаршилик қилишда давом этишимиз керак”, деб айтди АҚШ вакили with CBS телеканалига берган интервьюсида.
Путин Россия ядровий кучларини навбатчиликнинг махсус тартибига ўтказишни буюрди
Россия президенти Владимир Путин Россия армиясининг тийиб турувчи кучларини жанговар навбатчиликнинг махсус тартибига ўтказишни буюрди. Бу ҳақда у мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимов билан Кремлда бўлиб ўтган учрашувда билдирган. Бунга сабаб ўлароқ Путин НАТОдаги юқори лавозимли амалдорларнинг Россияга қарши “тажовузкорона ифодалари”ни кўрсатган.
Ғарб мамлакатлари вакиллари Россиянинг Украинага бостириб кирганини кескин танқид қилишяпти, Россияга қарши санкциялар жорий этишяпти ва Украинага қурол-аслаҳа етказиб бериш кенгайтирилишини айтишмоқда. Айни пайтда улар НАТОга аъзо мамлакатлар ҳарбийлари Россияга қарши жанг қилиш учун Украинага йўлланмаслигини урғулашяпти.
Армиянинг тийиб турувчи кучлари дейилганда стратегик ядровий кучлар ҳам тушинилади, улар орасида Стратегик аҳамиятга эга ракета қўшинлари ҳам бор.
Россия қўшинлари Украинага 24 февралдан бостириб кира бошлаган. Айни пайтда жанглар Харьков ва Киев яқинларида, шунингдек, Донбассда давом этмоқда.