Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2024, Тошкент вақти: 10:30

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

12:55 1.11.2022

Россия депутатлари мобилизациядан бош тортганларни 5 йилгача қамашни таклиф қилмоқда

Думанинг “Ягона Россия” фракцияси депутатлари мобилизациядан бош тортганларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлади. Қонун лойиҳасида сафарбарликдан бош тортганларни 500 минг рублгача жаримага тортиш, мажбурий ишларга жалб қилиш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.

"Известия" нашрининг ёзишича, қонун лойиҳаси парламентга тақдим этилиш учун тайёр ҳолатга келтирилган.

Октябрнинг бошларида Россияда амалдаги чақириқ бўйича ҳарбий хизматдан бош тортиш тўғрисидаги қонунга асосан мобилизациядан бош тортганлик бўйича илк жиноят иши очилган эди. Орадан бир неча кун ўтгач, прокуратура бу жиноят ишини тўхтатиш тўғрисида қарор чиқарган. Бунга чақириқ бўйича ҳарбий хизматдан бош тортиш моддасини мобилизациядан бош тортганларга қўллаб бўлмаслиги сабаб бўлган.

Россияда мобилизация президент Путин фармонига асосан 21 сентябрда бошланган эди. Унга асосан Россияда захирадаги 300 минг аскар ҳарбий хизматга чақирилиши назарда тутилган.

28 октябрда мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга сафарбарлик бўйича барча ишлар якунлангани тўғрисида билдирган эди. Унга кўра, сафарбарлик доирасида 300 минг киши ҳарбий хизматга чақирилди. Улардан 82 мингги жанговар ҳаракатларга жалб қилинди, қолган 218 мингги эса тайёргарликдан ўтказилмоқда.

12:36 1.11.2022

Сўнгги бир сутка ичида Украинага 60 та ракета отилди

Сўнгги бир кун ичида Россия томонидан Украинага 60 та ракета отилди ва 15 та авиация зарбаси берилди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълум қилди.

Зарбалар ва ракета ҳужумлари 50 та аҳоли пунктига уюштирилди. Биргина Никополда 14 та турар-жой ва маъмурий бинолар вайрон бўлди. Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар тўғрисида маълумот йўқ.

Бош штабнинг билдиришича, айни пайтда Украина шарқидаги Лиман, Авдеевка, Купянск ва Бахмут атрофидаги ҳудудларда бомбардимонлар ва жанглар давом этмоқда. Мамлакат жанубида фаол жанговар ҳаракатлар Новопавловск ва Запорожье йўналишларида олиб борилмоқда.

12:24 1.11.2022

АҚШ ҳарбийлари Украинага берилган қуролларни ҳисоб-китоб қилмоқда

Украин аскарлари Javelin ракета комплекси билан.
Украин аскарлари Javelin ракета комплекси билан.

Украинада бўлиб турган АҚШ ҳарбийларининг кичик гуруҳи украин армияси ғарб давлатлари томонидан берилган қуролларни қандай тарзда ҳисоб-китоб қилаётганини аниқлаш учун текширув ўтказмоқда. Бу ҳақда 31 октябрь куни Пентагон расмийси маълум қилди.

Текширув Киевдаги АҚШ ҳарбий атташеси ва мудофаа соҳаси бўйича бошқарма ходимлари томонидан ўтказилмоқда. Белгиланган тартибга асосан, улар жанглар бораётган ҳудудларни текшира олмайди. Текширув фақат “имконият мавжуд” ҳудудларда олиб борилади. Пентагонга кўра, украин расмийлари АҚШ инспекторлари билан тўлақонли равишда ҳамкорлик қилмоқда.

Мазкур текширув Украина Қуролли Кучларига берилган замонавий техника ва қурол Россия армияси, унинг иттифоқчилари ёки эсктремистик гуруҳлар қўлига ўтиб кетмаганига ишонч ҳосил қилиш учун олиб борилмоқда. Бундан ташқари АҚШ Конгресси Оқ Уйдан Украинага ажратилган миллиард долларлик ёрдамлар нималарга сарфлангани тўғрисида ҳисобот талаб қилаётир. Текширув бошланиши тўғрисида АҚШ давлат департаменти ўтган ҳафтада эълон қилган эди.

Associated Press агентлигининг хабар беришича, Давлат департаменти Украина билан узоқ муддатли ҳамкорлик режасини тайёрлаган. Мазкур режа доирасида замонавий қуроллар, жумладан, ракета ва ҳаводан мудофаа тизимига оид қуроллардан фойдаланишни ҳамкорликда назорат қилиш, қурол контрабандасининг олдини олиш учун мамлакат чегараларида хавфсизлик чораларини кучайтириш назарда тутилган.

19:50 31.10.2022

Киев ва Харков олов ичида қолди

Россия ҳарбийлари, душанба куни, Украинанинг бир неча вилоятига ракета зарбалари йўллади. Киев, Харьков, Запорожье, Днепропетровск, Винница ҳамда Полтава вилоятларида портлашлар содир бўлди.

Бугун тонгда Украина Ҳарбий хаво мудофаа кучлари Россиянинг 44 ракетасини уриб туширишга муваффақ бўлган. Бу ҳақда Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги “Фейсбук”да маълум қилди.

“31 октябрь соат 07:00 да россиялик босқинчилар Украинанинг критик инфратузилма объектларига қарата бир неча ракета зарбалари тўлқинини йўллади. Каспий денгизи шимолий қисми ва Волгодонскдан Х-101/Х-555 русумли 50 дан зиёд ракета учирилди”, дейилади хабарда.

Киевга уюштирилган ҳаво ҳужумлари натижасида шаҳарнинг 80 фоиздан ортиқ аҳолиси сувсиз қолгани хабар қилинмоқда.

Шаҳар ҳокими Виталий Кличко, тез орада сув таъминоти тикланишини билдирди. Аммо аҳоли ичимлик суви харид қилиш учун дўконларга югурмоқда.

Россия кучлари душанба куни, Киевдан ташқари, Украина бўйлаб қатор энергетика обектларини нишонга олди. Оқибатда, мамлакатнинг айрим ҳудудлари электр ва сув таъминотидан узилиб қолди.

Харковда ҳам шаҳарда метро ва тролейбуслар тўхтаб қолди. Шаҳар ҳокими Игор Теренков, Харковга 5 та ракета ташлангани, зарбалар муҳим объектларни нишонга олганини маълум қилди.

Украина Бош вазирига кўра, душанба кунги ҳужумлар мамлакатнинг 10 дан ортиқ минтақасига уюштирилгани, 18 та энергетик иншоотга зарар етганини маълум қилди. Россия армияси, Қрим кўпригидаги портлашдан сўнг, Украина шаҳарлари ва энергия инфратузилмасига ҳужумларни кучайтирди.

Москва Украинанинг фуқаровий инфратузилмасини нишонга олаётган пайтда украин армияси Россия кемаларига ҳужум қилмоқда: шанба куни дронлар Севастополь кўрфазида Қора денгиз флотига ҳаводан ва денгиздан зарба берди.

Британия разведкаси ёзишича, Россиянинг қуруқликдаги кучлари фронтнинг барча участкаларида мудофаага ўтмоқда. Россияликлар Херсон атрофидан артиллерия қуролларини олиб кетишаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Озодлик уруш шароитида томонлар берган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор текшириш имконига эга эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG