Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2024, Тошкент вақти: 03:22

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

19:57 2.11.2022

Ульяновск: Мобилизация қилинганлар оммавий норозилик билдирди

Норозиликни бостириш учун куч ташлангани айтилмоқда. (Иллюстратив сурат)
Норозиликни бостириш учун куч ташлангани айтилмоқда. (Иллюстратив сурат)

Ульяновскдаги ўқув марказида ҳарбий сафарбарликка чақирилганларнинг оммавий норозилиги юзага келди. 100 дан зиёд чувашиялик ваъда қилинган 195 минг рубль берилмаганига норозилик билдириб чиқишди.

“Сердитая Чувашия” телеграм-канали ва Gulagu.net нашри бу ҳақда хабар қилишган.

Ҳарбийлар ўзларига ваъда қилинган пул тўланмагунига қадар урушга боришдан бош тортишларини таъкидлашган.

Расмийлар эса, афтидан, норозилик чиқишини куч билан бостиришга қарор қилишган. Ҳарбийлар ваъда қилинган пулларни олишлари ҳақида мулозимлар томонидан ҳеч қанақа баёнот берилган эмас. Бироқ, “Сердитая Чувашия” манбаларига кўра, айни пайтда Ульяновскдаги ўқув марказига ОМОН ва Росгвардия кучлари тортилмоқда.

17:04 2.11.2022

Польша ва Россия чегарасида девор қурилади

Польша ноқонуний миграциядан хавотирда
Польша ноқонуний миграциядан хавотирда

Польша Россия билан чегара ҳудуд ноқонуний миграция йўлагига айланишидан хавотирда. Шу сабаб Россия билан чегарасида девор қурмоқчи.

Бу ҳақда Польша мудофаа вазири Мариуш Блашчак матбуотга билдирди:

“Калининград вилоятидаги аэропорт Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадан парвозлар учун очилгани ҳақидаги хавотирли маълумот сабабли, Польшанинг Калининград вилояти билан чегарасида хавфсизликни кучайтириш чораларини кўришга қарор қилдик".

Режага кўра, девор баландлиги 2,5 метр, чуқурлиги 3 метр бўлиб, унинг қурилиши тез орада бошланади.

"Россия Брифинг" онлайн бизнес журнали ўтган ойда Калининград янги очиқ осмон режимини жорий қилиб, Форс кўрфази ва Осиёдан авиакомпанияларни жалб қилишга интилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Россиянинг Калининград анклави Польша ва Литва ўртасидаги Болтиқбўйи соҳилида жойлашган ҳамда Беларус чегара йўлаги билан ажратилган.

12:09 2.11.2022

АҚШ Украинага саккизта NASAMS ҳаводан мудофаа тизимини беради

АҚШ Украинага ўртача масофага отиладиган саккизта NASAMS ҳаводан мудофаа тизимини бериши ҳақида Пентагон маълум қилди. Иккита тизим тез кунларда, қолган олтитаси эса кейинроқ етказиб берилади.

АҚШ мудофаа вазирлиги матбуот котиби Сабрина Сингх ўтган ҳафтада украин ҳарбийлари яқин кунларда NASAMS ҳаводан мудофаа тизимини бошқариш бўйича машғулотларни якунлашини билдирган эди. Сингх ўқув машғулотлари якунланиши ортидан Украинага мазкур тизим етказиб берилишини эҳтимолдан соқит қилган эмас.

Мудофаа вазири Ллойд Остин NASAMS Украинага ноябр ойининг бошларида етказиб берилишини айтди.

Ўртача масофага отадиган NASAMS зенит ракета комплекси ҳар қандай об-ҳаво шароитида паст ва ўртача баландликда учаётган нишонларни уриб тушира олади.

Август ойида Пентагон Украинага етказиб бериш учун мазкур тизимни ишлаб чиқарувчи Raytheon ширкати билан 182,2 миллион долларлик шартнома тузган эди. NASAMS тизимидан бугунги кунда 12 мамлакат, жумладан, АҚШ, Норвегия, Финляндия, Испания, Нидерландия, Индонезия, Австралия, Қатар, Венгрия каби давлатлар фойдаланади

11:51 2.11.2022

Украина россияликларга вақтинча ёки доимий яшаш рухсатномасини беришни вақтинча тўхтатди

Украина россияликларнинг вақтинча ёки доимий яшашга рухсатнома бериш тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқишни вақтинча тўхтатди. Шунингдек, иммиграцияга рухсат бериш тўғрисидаги аризалар ҳам кўриб чиқилмайди. Бу тартиб мамлакатда ҳарбий ҳолат бекор қилинганидан сўнг яна 30 кун мобайнида сақланиб қолинади. Бу қарор Украина Министрлар кабинети томонидан 1 ноябрда қабул қилинди

Мазкур қарор қабул қилингунига қадар берилган аризаларни кўриб чиқиш тўхтатилади. Россияликлардан янги аризалар қабул қилинмайди. Бу чеклов Украина фуқаросининг эри ёки хотини, Украина фуқароларининг фарзанди ёки ота-онаси, акаси ёки опа-синглиси, бобоси ёки бувиси, набираси бўлган шахсларга таалуқли эмас.

Бундан ташқари бу қарор Украина армиясида уч ва ундан кўп йил хизмат қилган, Украинага қонуний асосда меҳнат қилиш учун келган шахсларга ҳам қўлланилмайди.

1 июлдан Украина ҳукумати Россия фуқароларига виза режимини жорий этган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG