Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:40

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

20:35 15.9.2022

Путин Ариповга қўл бермади. Мирзиёев Хитой раҳбарини шахсан кутиб олди

Россия президенти Владимир Путин Хитой ва Россия бошчилигидаги саккиз давлатнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун пайшанба куни Самарқандга етиб келди.

Путиннинг Самарқанд аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди, бироқ Путин одатига кўра Арипов билан қўл бериб сўрашмади.

Саммит Путин Украинадагимахсус ҳарбий операциясиортидан хорижда яккаланиб қолган бир вақтда ўтказилмоқда.

Россия президентининг ташқи ишлар бўйича маслаҳатчисига кўра, Путин ва Хитой раҳбари Си Цзинпин юзма-юз учрашиб, Украина масаласини муҳокама қилишлари керак эди.

Пекиннинг Вашингтон, Европа, Япония ва Ҳиндистон билан муносабатлари ҳам технология, хавфсизлик ва ҳудуд бўйича келишмовчиликлар туфайли мураккаблигича қолмоқда.

ШҲТ саммитини Озодлик бош муҳаррири Паҳлавон Содиқ бевосита Самарқанддан туриб кузатяпти.

20:38 15.9.2022

Кривой Рог рус ракеталари зарбаси туфайли сув остида қолди

Россия маҳаллий дамбага саккизта қанотли ракета билан зарба бериши оқибатида 14-сентябр куни Украина жанубидаги Кривой Рог шаҳридан ўтувчи Ингулец дарёсида сув сатҳининг кўтарилиши кузатилди.

Эълон қилинган видеокадрларда қутқарувчилар сув босган ҳудуддан одамларни эвакуация қилаётгани ва гидротехник иншоотга етказилган зарарни бартараф этишга уринаётгани акс этган.

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченко кичик кўприкни тошқин олиб кетаётгани акс этган видеони ўз саҳифасида чоп этди.

"Ракеталар гидротехник иншоотларга йўналтирилди. Бу Ингулец дарёсидаги сув сатҳининг кўтарилишига олиб келди ва шаҳарга хавф туғдирди", - деб ёзди у твиттерда.

Президент девони раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко аввалроқ ҳужумда тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаганини айтиб, Россияни шу тариқа аҳоли орасида ваҳима қўзғашга уринаётганликда айблаган эди.

20:41 15.9.2022

Россия Мудофаа вазирлиги фейк видео тарқатди

Россия Мудофаа вазирлигининг украин десантчилари йўқ қилингани акс этган видеоси фейк бўлиб чиқди.

Россия Мудофаа вазирлиги куни кеча бир видеони ёйинлади: унда гўё Украинанинг Махсус амалиётлар бўлинмаси десантчилари Запорожье АЭСни босиб олиш учун баржаларда Днепр дарёсидан сузиб бораётган пайтда йўқ қилингани акс этган. Бироқ вертолётдан олинган ушбу тасвирда баржа дея иддао қилинган нарса – 1943 йилда немислар Днепр дарёсида қурган ва ярим йилдан сўнг, чекиниш чоғида портлатиб кетган эски кўприк тиргаклари бўлиб чиқди.

Видеодаги сохтакорликни қатор телеграм-каналлар ва журналистлар пайқаган.

Журналистлар аввалроқ ҳам РФ Мудофаа вазирлиги расмий пресс-релизларидан Украинада кечаётган ҳарбий ҳаракатларга доир бир қанча ёлғон ва “қовушмаган” маълумотлар ни топганлар. Жумладан, 12 сентябрь куни вазирлик бир ой ичида иккинчи марта Николаев вилоятининг Вознесенск туманида 45 минг тонна ўқ-дори йўқ қилинганини билдирган эди. Донецк вилоятидаги Пески посёлкаси ишғол этилгани ҳақида эса бутун уруш мобайида тўрт марта хабар қилинди. Шунингдек, ҳарбий қўмондонлик РФ армияси Украинанинг 84 та Bayraktar дронини йўқ қилганини иддао қилади, ҳолбуки, расмий қайдларга кўра, Украинада ушбу дрондан атига 36 та бўлган.

Журналистлар Мудофаа вазирлигининг Матбуот хизмати ва ахборот бошқармаси бошлиғи Игорь Конашенковнинг кундалик ҳисоботларидаги яксон қилинган Украина ҳарбий техникаларини санаб чиқиб, бу Украина армиясининг ўз қурол-аслаҳалари ва Ғарб етказиб берган қуролларнинг умумий сонидан ҳам кўп эканини аниқлашди.

20:45 15.9.2022

Путин ошпази маҳкумларни Украинага урушга ёллаётган видео тарқалди

Алексей Навальний жамоаси ўз телеграм-каналида Россиядаги қамоқхоналардан биридан олинган видеони ёйинлади: унда Владимир Путинга яқинлиги билан танилган тадбиркор ва ошпаз Евгений Пригожин маҳкумларни Украина урушига аскарликка ёлланишга тарғиб этаётгани айтилади.

Видеоёзув, афтидан, мобил телефонда ёки қамоқхона нозирлари кўкрагига тақиб юрадиган видеорегистраторда тасвирга олинган. Шунингдек, сифати унчалик юқори бўлмаган ва айрим қисмлари монтаж қилинган ушбу кадрлардаги одам айнан Пригожин экани ҳам шак-шубҳасиз эмас, бироқ маҳкумларни аскарликка ёлланишга ундаётган кимсанинг ташқи кўриниши ва овози, дарҳақиқат, тадбиркор Евгений Пригожинникига жуда ўхшайди.

Видеода Пригожинга ўхшаш одам маҳкумлар кийимидаги эркаклар қаршисида турганча ўзини “Вагнер” хусусий ҳарби ширкати вакили деб таништиради ва урушда вазият жуда оғир экани урушга жўнатиш шартлари ҳақида сўзлаб беради:

Бу уруш ҳеч қандай чечен уруши ўхшамайди. Биз Сталинград жангига қараганда икки ярим баравар кўп ўқ-дори сарфлаяпмиз. Бизга ким керак? Бизга фақат “ҳужумчилар” керак. Йигитларимнинг 60 фоизи ҳужумчи ва сиз улардан бири бўласиз. Сиз биздан фарқ қилмайсиз. ...

Ўлганлар масаласида. Жасадлар васиятномангизда кўрсатган жойга олиб кетилади. Қариндошларингизга етказишади - ёки сиз айтган жойда дафн қилишади. Ҳар бири ўз шаҳарларидаги Қаҳрамонлар хиёбонига дафн этиляпти. Ким қаерга дафн қилишни билмаса - биз Горячий Ключдаги Вагнер компанияси ибодатхонаси ёнига дафн қиламиз. Ундан кейин. Олти ойдан сўнг, авф олгандан сўнг, уйга кетасиз. Биз билан қолишни истаганлар биз билан қолади. Шунинг учун, зонага қайтиш вариантлари йўқ. Биринчи куни келиб "Мен хато келибман", деганларга биз "дезертир" белгисини қўямиз ва шундан кейин отиб ташлаймиз.

Унинг айтишича, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга розилик берадиган маҳкумлар фронтнинг олдинги чизиғида олти ой бўлади; аскарликка ёлланувчи 22 ёшдан кичик бўлса, қариндошларининг ёзма розилиги керак; хизмат даврида мародёрлик, маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, маҳаллий аҳоли билан “жинсий алоқалар”га киришиш, шунингдек “чекиниш ва асирга тушиш” ман этилади.

Пригожиннинг қиёфадоши видео охирида бир қарорга келиш учун маҳкумларга беш дақиқа фурсат берар экан, шундай дейди: “Сизларни қамоқдан чиқариш кимнинг қўлидан келади? Бунга қодир бўлганлар иккита – Аллоҳ билан Худо, лекин улар ҳам фақат жасадингизни олиб чиқа олади. Мен эса тирик ва соғ-саломат олиб чиқиб кетаман, лекин тирик қайтишингизга ваъда беролмайман”.

Аввалроқ ОАВлар Россияда маҳкумлар Украина ҳудудида жанг қилишга тарғиб қилинаётгани ва бу иш билан Евгений Пригожин шахсан шуғулланаётгани ҳақида бир неча бор хабар тарқатган эди. Хусусан, у Иваново вилоятидаги учта колонияга бориб, 650 нафар маҳкумни ёллагани, шунингдек Ростов вилоятидаги икки қамоқхонага борганидан сўнг “Вагнер” ХҲШга қарийб бир ярим минг чоғли янги аскар қўшилгани тўғрисида маълумотлар бор. Нашрларда ёзилишича, гўё Пригожин маҳкумларга “украинларни истаган куйингизга солишингиз мумкин, бунинг учун сизларга ҳеч нарса бўлмайди”, деб айтган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG