Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:04

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

11:47 30.9.2022

Мобилизация эълон қилганидан сўнг Путиннинг рейтинги пасайди

"Левада-центр" сентябрда ўтказган ижтимоий сўров натижаларига қараганда, президент Путиннинг рейтинги август ойига нисбатан 6 фоизга камайди. Август ойида Путиннинг фаолиятини сўралганларнинг 83 фоизи қўллаб-қувватлаган эди. Сентябрда эса бу кўрсаткич 77 фоизни ташкил қилди.

Россия Украинага уруш очгунига қадар "Левада-центр" Путиннинг рейтинги 70 фоизга яқин эканини билдирган эди. Украина босқинидан сўнг унинг рейтинги 80 фоизга чиққан.

Сўров иштирокчиларидан ўзлари ишонган сиёсатчининг исмларини айтиш илтимос қилинганида Путиннинг рейтинги 40 фоизни ташкил қилган.

11:56 30.9.2022

АҚШ Украинага яна 12,3 миллиард долларлик кўмак кўрсатади

АҚШ Сенати Украинага 12,3 миллиард долларлик молиявий ва ҳарбий кўмак кўрсатиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

Ёрдамнинг 4,5 миллиарди Украина ҳукумати фонди учун, 3 миллиарди қурол сотиб олишга ва бошқа ҳарбий ёрдамга ажратилади.

Бундан ташқари қонун билан президент Жо Байденга Пентагон қурол аслаҳаларининг ортиқча бўлган 3,7 миллиард долларлик қисмини Украинага тақдим қилиш ҳуқуқи берилди.

18:47 30.9.2022

Россия президенти Владимир Путин 30 сентябрь куни Катта Кремль саройининг Георгий залида нутқ ирод этиб, Украинанинг Херсон, Заопрожье, Донецк ҳамда Луганск вилоятлари аннексия қилинганини эълон қилди. Ушбу вилоятларнинг катта қисми Россия қўшинлари томонидан босиб олинган.

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари аннексияни тан олмасликларини аллақачон билдиришди. Украина эса ушбу ҳудудларни ўз назоратига қайтариш учун қуролли кураш олиб боришини таъкидламоқда.

Путиннинг нутқидан сўнг айирмачи “ДХР” ва “ЛХР”, шунингдек Херсон ва Запорожье вилоятлари оккупацион маъмуриятлари ушбу ҳудудлар Россия таркибига кирганлиги ҳақидаги шартномага имзо чекишди.

Путин нима деди?

Путин ўз чиқишида “Новороссия”нинг аннексия қилинган ҳудудлари Россияга минг йиллик тарих билан боғланганини айтди. У, шунингдек, урушда ўлган рус аскарлари, шунингдек Александр Захарченко, Арсен Павлов (Моторола) ва бошқа айирмачиларни эслаб, улар хотирасига бир дақиқа сукут сақлашни сўради. Бундан ташқари, 1991 йилда тузилган СССРни тарқатиб юбориш тўғрисидаги Беловеж битимларини қаттиқ танқид қилиб, Иттифоқ одамларнинг хоҳиш-иродасига хилоф ўлароқ парчаланганидан баҳс этди. Яна, Путиннинг иддаосича, “миллионлаб” одамлар Россияга қўшилиш учун овоз берган эмиш.

Россия раҳбари “Киев режими”ни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ва музокара бошлашга чорлар экан, айни чоғда Россия аннексия қилинган ушбу тўрт вилоят мақомини муҳокама қилмаслигини урғулади.

Путин Ғарб мамлакатларига танқид тошларини ёғдирмай ўтолмади: хусусан, уларни Россияни хароб қилишга интилишда, “неоколониализм”да ва расизмда айблади. Унинг назарида Ғарб Москвага қарши “гибрид уруш” олиб бораётган эмиш. Путин Россияни Ғарб тиқиштираётган қоидалар бўйича яшамайдиган “тамаддун мамлакат” деб атади. Шунингдек, радикал файласуф Александр Дугиннинг автомобиль портлаши натижасида ўлган қизини назарда тутди, шекилли, “Ғарб бизнинг файласуфларимиз жонига қасд қиляпти”, деб юборди.

Путинга кўра, Ғарб Россиядан аламзада, чунки Россия “православие, ислом, яҳудийлик ва буддизмнинг маънавий қадриятлари”га асосланган марказлашган давлат бўлгани сабабли уни мустамлакага айлантира олмаган эмиш. 1945 йилда Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбалари ташлангани ҳақида сўзлар экан, Путин бу билан АҚШ “прецедент яратган”ини айтди. Шунингдек, бирон бир далил келтирмаган ҳолда “англосакслар”ни “Шимолий оқим” гуз қувурини портлатишда айблади.

Путин айтишича, бугунги кунда “улкан тарихий Россия” учун “жанг” бўлаётган эмиш. Табиийки, у нимани назарда тутаётганини очиқлагани йўқ. Аввалроқ Путин, хусусан, Совет Иттифоқини “тарихий Россия” деб атаган эди. Нутқини тугатар чоғда у файласуф Иван Ильиндан иқтибос келтирди.

Кремлда кимлар жам эди?

Георгий залида депутатлар ва Федерация кенгаши аъзолари, юқори мартабали мулозимлар, ҳудудлар раҳбарлари, кремлпараст жамоат арбоблари ва ҳукуматпараст ОАВлар журналистлари, қолаверса айирмачи “ДХР” ва “ЛХР”, Херсон ва Запорожье вилоятлари оккупацион маъмуриятлари вакиллари тўпланишган эди.

2014 йили, Путин Қрим аннексиясини эълон қилган анжуманга келмаган патриарх Кирилл бу йиғилишга ҳам қадам ранжида қилмади. РПЧ хабарномасига кўра, “ҳазрат” коронавирус билан оғриб ётганмиш.

Энди нима бўлади?

Кеча Путин Херсон ва Запорожье вилоятлари мустақиллигини тан олиш ҳақидаги фармонларга имзо чеккан эди. 2014 йилда Россия дастаги билан Украинадан ажралиб чиққан айирмачи “ДХР” ва “ЛХР”нинг мустақиллигини эса Путин февралдаёқ тан олган. Россия ҳукумати босиб олинган ҳудудларда 23-27 сентябрь кунлари ўтказилган “референдум” отли тадбирлар натижаларини рўкач қилаётир. Украина ва бошқа кўплаб мамлакатлар эса овоз бериш жараёни оккупация ва ҳарбий ҳаракатлар шароитида, боз устига миллий қонунчилик ва халқаро меъёрларга зид тарзда ўтганини таъкидлаб, референдумларни “сохта” деб аташмоқда.

Херсон ва Запорожье вилоятларининг катта қисми Украинага босқиннинг илк даврида – 2022 йил февраль-март ойларида Россия қўшинлари томонидан ишғол қилинган эди. Путин мустақил деб тан олган вилоятларнинг бир қисми, чунончи, Заопрожье вилояти маркази бўлмиш Запорожье шаҳри, шунингдек Донецк вилоятининг катта бўлаги ҳануз Украина назоратида. Қайтага босқинчи маъмуриятлар Николаев вилоятининг Снигирёвка шаҳри дохил кичик парчасини Херсон вилояти таркибига қўшиб олган.

Аннексия тартиб-таомиллари расман келгуси ҳафтада якунланиши кутилмоқда. Уни Давлат Думаси ҳамда Федерация кенгаши маъқуллаши керак. Украина ушбу ҳудудларни озод этиш учун курашажагини, Россия ҳукумати уларни Россиянинг бир қисми деб билиши ҳеч нимани ўзгартирмаслигини таъкидламоқда. Украина ҳарбийлари, хусусан, Донецк вилоятида ҳужумларни давом эттиряпти. Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ҳукумати аннексия қилинган ҳудудларни Россия ерлари деб ҳисоблашини, бинобарин Москва украин ҳарбийларининг мазкур ҳудудларга ҳужумларини агрессия деб топишини айтди. Аввалроқ Путин ҳам Россия “агрессия”ни қайтариш учун барча воситаларни ишга солишга тайёрлигини билдирган эди.

Кремлда ҳужжатлар имзолаш маросими тугаганидан сўнг Путин Қизил майдонда аннексияни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиладиган митингда нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Украинанинг халқаро тан олинган сарҳадлари доирасида Россия томонидан аннексия қилинган қилинган ҳудудлар сони олтитага етди. 2014 йилда Россия Қрим ва Севастополни ўз таркибига қўшиб олган эди. Ўшанда ҳам дунёнинг аксар мамлакатлари буни тан олмаган. Мазкур аннексия эса Украинанинг минглаб тинч аҳолиси ва икки томондан ўн минглаб ҳарбийлар ўлимига сабаб бўлган кенг кўламли уруш манзарасида юз бермоқда.

10:28 1.10.2022

АҚШ: биз Украинани НАТОда кўришни хоҳлаймиз, аммо жараён бор ва биз унга амал қиламиз

Қўшма Штатлар ва Канада Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади, бироқ уни қабул қилишни тезлаштиришга ваъда беришдан тийилди.

“Биз НАТОга аъзо бўлишга интилаётган ва НАТОни кучайтиришга қодир бўлган мамлакатларнинг киришини қатъий қўллаб-қувватлаймиз”, деди жума куни журналистларга АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.

Зеленскийнинг Украинани қабул қилишни тезлаштириш таклифига Блинкен: “Бунинг учун жараён бор ва давлатлар бу жараённи кузатишда давом этади”, деди.

Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жоли ҳам Вашингтондаги музокаралардан сўнг Блинкен билан суҳбатда Украинанинг таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Биз НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатига ишонамиз ва ҳар доим Украинанинг НАТОга қўшилиши тарафдори бўлганмиз”, - деди у.

НАТО қоидаларига кўра, янги аъзони қабул қилиш ҳақидаги ҳар қандай қарор бир овоздан қабул қилиниши керак. .

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG