Зеленский: Украинани қўрқитиб бўлмайди
Украина президенти Владимир Зеленский душанба кунги мурожаатида Россиянинг Украина шаҳарларига зарбасини “одатий террорчилик тактикаси” деб атади.
Мурожаати давомида Зеленский ҳужум натижасида зарар кўрган турли маданий ва тарихий обидаларни санаб ўтди. Жумладан у 190 йиллик тарихга эга университет ва санъат музейи, шунингдек, христиан динининг Шарқий Европадаги муҳум аҳамиятли қадамжосига зарар етгани айтиб ўтди:
"Украинани қўрқитиб бўлмайди. Фақат янада бирлашиш керак. Украинани тўхтатиб бўлмайди. Фақат террорчиларни зарарсизлантириш кераклигига яна бир бор ишонч ҳосил қилиш керак. Россия армияси айнан эрталабки тиғиз вақтда ракета зарбаларини берди. Бу террорчиларнинг одатий тактикаси. Улар кўпроқ қўрқув уйғотишни ва кўпроқ одамларга таъсир қилишни хоҳлашган. Улар шундай ҳам қилишди. Бутун дунё бунга эътибор қаратди".
Бутун Украинада ҳаво тревогаси эълон қилинди
Украинада 11 октябрь куни бутун мамлакат бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинди. Украина расмийлари ватандошларни пана жойларда қолишга чақирмоқдалар.
Россия кучлари 11 октябрь тонгида Украина шаҳарларини яна ракета ҳужумларига тутди.
Украина расмийларига кўра, мамлакатнинг жами етти вилоятидаги ўндан зиёд шаҳар бомбаланган. Биргина Запорожье шаҳрига эрта тонгда рус қўшини 12 та ракета отган.
Запорожье вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Старухга кўра, Россия ҳарбийлари вилоятнинг инфратузилма объектларини нишонга олган, ракета зарбалари натижасида ўқув ва тиббиёт муассасалари ҳамда турар-жой биноларига шикаст етган. Жабрланганлар бор.
"Бу Киев шаҳри, атиги бир соат олдин қилинган ҳужумда тинч аҳоли ҳалок бўлди. Эркин дунёда яшовчи миллионлаб одамлар биз, украиналикларга ёрдам бериши керак. Украина аҳолисига қарши геноцидни, инфратузилмамиз ва шаҳарларимиз вайрон бўлишини тўхтатишда бизга ёрдам беришда давом этишлари керак", деди украиналик собиқ профессионал боксчи Владимир Кличко.
ISW: Путин Россиянинг қўшимча кучларини Беларусь орқали ишга солиши мумкин
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчиларига кўра, Путин Киев яқинидаги украин қўшинларини “боғлаб қўйиш”, яъни уларнинг фронтга ташланишига йўл қўймаслик мақсадида Россиянинг қўшимча кучларини Беларусь ҳудуди орқали ишга солиши мумкин.
Россия шу йўл билан Украина қарши ҳужумига халал бермоқчи, дейилади ISW ҳисоботида.
Айни чоғда экспертлар, кеча Лукашенко Россия билан Беларусь “минтақавий қўшинлар гуруҳи”ни жойлаштиришга келишганини айтган бўлса-да, Россия-Беларусь қўшинлари шимолдан Украинага ҳужум қилиши даргумонлигини таъкидлашмоқда.
Сиднейдаги намойишчилар: Россия-террорчи давлат
Сешанба куни Австралиянинг Сидней шаҳрида ҳам Россиянинг Украинага қилган сўнгги ҳужумларини қораловчи намойиш ўтказилди.
Украина байроқлари ва плакатларни кўтарган 100 га яқин одамлар шаҳар кўчалари бўйлаб “Россия-террорчи давлат” деб юриб ўтган.
Намойишчилар украиналик- австралияликлар ҳамда урушдан қочган украиналиклардан иборат.