Украинага Харьков вилоятидан Россияга олиб кетилган 300 боладан 37 нафари қайтарилди
Август ойида Харьков вилоятининг босиб олинган ҳудудларидан Россияга олиб кетилган 300 боладан 37 нафари Украинага қайтарилди. Бу ҳақда Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларини реинтеграциялаш бўйича вазирлик хабар берди.
Вазирликнинг билдиришича, бу болаларни Харьков вилоятидан Россиянинг Краснодар ўлкаси Кабардинка қишлоғига мажбурий равишда кўчиришган. Болалар икки ой давомида қишлоқдаги "Медвежонок" лагерида сақлашган.
“Айни пайтда болалар оилаларига қайтарилди ва улар Закарпатьедаги хавфсиз жойда яшамоқда”, дейилади вазирлик билдирувида.
Болаларни ватанига қайтариш жараёни жуда мураккаб бўлди. Ота-оналар болаларини олиб келиш учун бир неча Европа давлатлари орқали Краснодарга боришга мажбур бўлишди.
Украина армияси сентябрь ойи ўрталарида Харьков вилоятини тўлиқ Россия босқинидан озод этди. Москва Украин армиясининг бу ғалабаси тўғрисида оғиз очмади.
Россия Мудофаа вазирлиги “қизил зона”даги маҳкумларни урушга ёлламоқда
Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати ортидан маҳкумларни Украинадаги урушга ёллай бошлади,абар берди "Важние истории" нашри.
Журналистларнинг ёзишича, сентябрда вазирлик вакиллари асосан кучишлатар тузилмаларда ишлаган жиноятчилар сақланувчи иккита “қизил зона”да бўлган. Улардан бири Рязан вилоятидаги 3-сонли колония, иккинчиси Ставрополь ўлкасидаги 4-сонли колония.
Вазирлик ёлламоқчи бўлган маҳкумларнинг қариндошлари журналистларга ўз яқинларини Украина шарқида жанг қилаётган “Шторм” батальонига таклиф қилишганини айтишган.
Ставрополдаги колониядан урушга боришга рози бўлган маҳбусларни 11 октябрга ўтар кечаси олиб чиқиб кетишган. Уларнинг сони қанча экани маълум қилинмади. Рязандаги колониядан эса 60 маҳкум ёлланган. Улар олти ойлик контрактни имзолашлари билан авф этиш тўғрисида ариза ёзишган ва бу маълумотни сир сақлаш тўғрисида тилхат беришган.
Нижегород вилоятидаги 11- сонли колониядан маҳкумлар урушга ёлланаётгани тўғрисида "Гулагу.нет" ҳуқуқ ҳимояси нашри хабар берди. Бу ердаги маҳкумлар ҳам “Шторм” батальонига ёлланган.
Украиналиклар шам ёруғида овқатланмоқда
Икки кунлик ракета ҳужумлари натижасида элeктр таъминотисиз қолган Львовдаги ресторанлар меҳмонларни шам чироқлар билан кутиб олишди.
Наталья ва унинг ҳамкасблари ресторан мижозлари учун овқатни ўчоқларда тайёрлашга мажбур бўлишмоқда.
“Бизда қозон-ўчоқлар бор. Одамларга овқат тайёрлаб бера оламиз. Бироқ, чой қаҳва тайёрлаш имконсиз бўлмоқда. Қаҳва машинаси ишламайди, қайноқ сув йўқ, элэктр йўқ. Вазият ҳаммага маълум, бу ракета зарбаларининг оқибатлари эканини ҳамма яхши тушунади”, деди ресторан ходими Наталья Собко.
Расмийларга кўра, ракета зарбалари натижасида Львов шаҳрининг 30 фоизи вақтинчалик элeктр таъминотисиз қолган, шаҳарнинг икки туманида сув таъминоти узилган.
Рус ракеталари ҳужумида Киевда 5 киши ҳалок бўлди
Душанбадан бошлаб, Украинанинг 12та шаҳри бомбардимон қилиниши оқибатида муҳим инфратузилма ва турар-жой объектлари вайрон бўлди. Расмийларга кўра, камида 19 киши қурбон бўлган, 105 киши жароҳат олган.
Киев мери Виталий Кличко пойтахтда камида беш киши ҳалок бўлганини билдирди.
Украина пойтахти Киев шаҳрида яшовчи 38 яшар Юлиянинг уйи душанба кунги ракета ҳужумлари оқибатида вайрон бўлган. Юлия ҳужум пайти енгил жароҳат олган, унинг онаси юз қисмидан яраланган.
“Квартирамиз вайрон бўлди, машинамиз ёниб кетди, лекин биз учун иккинчи ҳаёт берилгандек бўлди, чунки биз нисбатан енгил жароҳат билан қутулдик. Худо асради, мен бунга ўхшаш вазиятда кимдир омон қолишини тасаввур ҳам қилолмайман. Биз қайта туғилгандекмиз”, деди киевлик Юлия Даценко.