Путин: Херсон аҳолисини эвакуация қилишимиз шарт
Россия президенти Владимир Путин 4 ноябрь куни Херсондаги тинч аҳоли хатарли ҳудудлардан эвакуация қилиниши шарт, деди.
Россия сентябрь ойида Херсонни аннексия қилиб олганини эълон қилган. Россияда бирдамлик куни муносабати билан Қизил майдонга борган Путин тинч аҳоли ҳарбий ҳаракатлардан азият чекмаслиги лозим, деб таъкидлади:
“Херсон аҳолисини энг хавфли ҳарбий ҳаракатлар бўладиган ҳудудлардан олиб чиқиш керак. Тинч аҳоли қарши ҳужумлардан ёки бошқа ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлардан азият чекмаслиги лозим".
Херсоннинг Россия томонидан тайинланган мулозими, Москва ўз қўшинларини Днепр дарёсининг ғарбий қирғоғидан олиб чиқиб кетиши мумкинлигини айтган. Агар бу иш амалга ошса, Москва қўшинларининг ортга сезиларли чекиниши бўлади.
АҚШ Киевни қўллашда давом этади
Киевга ташриф буюрган икки АҚШ сенаторлари демократ Крис Кунс ва республикачи Роб Портман келаси ҳафта АҚШда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлардан кейин ҳам Украинани қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
“Қўшма Штатлар азалдан озодлик учун курашган давлат бўлиб келган. Ҳозирги уруш эса бугунги дунёдаги озодлик учун энг муҳим курашдир”, деди Кунс.
Ташриф сайловда фаворит республикачилар Украинага ёрдамни сусайтириши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар фонида содир бўлди. Бироқ сенатор Портман буни рад этди:
“Шубҳасиз, Украинада содир бўлаётган воқеалар республикачилар эътиборини тортади, чунки бу бизнинг миллий хавфсизлигимиз манфаатларига бевосита боғлиқ. Владимир Путин ғалаба қозонишига йўл қўйиб беришнинг оқибатлари ҳақида ўйлаб кўринг”.