В.Зеленский: Россия Украинага уруш бошлаганидан бери 4700та ракета учирган
Бу ҳақда Украина президенти дунёнинг 84 та француззабон давлатини бирлаштирган халқаро ташкилот – Франкофония иштирокчиларига мурожаатида айтиб ўтди. Зеленский ўз нутқида, унинг фикрича, урушни тугатиши мумкин бўлган тинчлик формуласини, яъни БМТ Низоми қоидаларини амалга ошириш ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тиклашда ёрдам сўради:
“Айтишим керакки, Украина тинчлик формуласи дунёда жуда ижобий қабул қилинади. Бу Россиянинг қандайдир музокараларга тайёрлиги ҳақидаги бўш ва ёлғон риторикасидан фарқли ўлароқ, жуда конструктив ва реалдир. Биз бутун дунё Украина тинчлик формуласини қабул қилиши учун ҳамма нарсани қиламиз. Келгуси ҳафтада бир нечта муҳим халқаро мурожаатлар бўлиб ўтади. Ва биз тайёрланяпмиз."
Бу, Украина президентининг сўзларига кўра, адолатни тиклаши ва келажакда кескинлашувнинг қайта бошланишининг олдини олиши мумкин.
Якшанба куни кечқурунги мурожаатида Владимир Зеленский, шунингдек, энг оғир жанглар Донецк вилоятида кечаётганини айтди. Луганск вилоятида, президентнинг сўзларига кўра, жанглар қизғин кечмоқда ва Украина Қуролли кучлари бу йўналишда ҳужумларини давом эттирмоқда.
“Энг шиддатли жанглар Донецк вилоятида ҳамон давом этмоқда. Гарчи об-ҳаво ёмонлашгани сабабли отишмалар сони камайган бўлса-да, афсуски, рус отишмаси сони жуда кўплигича қолмоқда. Луганск вилоятида биз жанглар билан аста-секин олға интилмоқдамиз. Шу кун давомида 400 га яқин маротаба отишма бўлди. Позицияларимизни сақлаб турган ва мудофаа кучларимизга ёрдам бераётган ҳар бир кишидан миннатдорман”.
WP: Эрон дронлари Россияда ишлаб чиқарилади
Москва билан Теҳрон Россияда Эроннинг жанговар дронларини ишлаб чиқаришга келишди. Бу ҳақда The Washington Post газетаси АҚШ ва иттифоқчиларининг разведка маълумотларидан хабардор уч аноним манбага таяниб хабар берди.
Хабарда айтилишича, битим ноябрь ойи бошларида Теҳронда узил-кесил келишилган. Музокараларда Россия томонидан мудофаа саноати вакиллари иштирок этганлар. Ишлаб чиқариш “бир неча ой” ичида бошланиши мумкин, деб ёзади WP.
Россия армияси августдан бери Эроннинг 400 тагача дронини Украинага қарши қўллагани айтилмоқда. Бироқ Эрон қуроллари Россияга етказиб берилаётганини Москва ҳам, Теҳрон ҳам инкор этиб келади. Шунга қарамай, яқинда АҚШ Эроннинг дронлар ишлаб чиқарувчи ширкатларига нисбатан санкциялар жорий этди.
Расмий Теҳрон ишлаб чиқаришни Россияга кўчириш билан Эронни янги санкциялардан сақлаб қолишга умид қилмоқда. Бироқ Теҳрон бунинг эвазига Москвадан айнан нима ундирмоқчи экани бир оз мавҳум бўлиб турибди. Манбалардан бири журналистлар билан суҳбатда Кремль халқаро босимни юмшатиш учун Oятулло режимига дипломатик ва иқтисодий кўмак таклиф қилаётганини билдирган.
Украина Херсон ва Николаев вилоятларининг озод этилган ҳудудлари аҳолисини ихтиёрий эвакуация қилишни бошлади
Бу ҳақда вақтинча босиб олинган ҳудудларни қайта интеграция қилиш масалалари бўйича вазир Ирина Верешчук ҳамда Николаев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Ким брифингда маълум қилишди.
Верешчукка кўра, аҳолининг вақтинча бошқа жойларга кўчиши харажатлари давлат ҳисобидан қопланади.
Россия қўшинларидан озод этилган ҳудудлар аҳолисига вақтинча Кривой Рог вилоятига ёки Украина ғарбига кўчиб кетиш таклиф қилинмоқда. Расмийларга кўра, бу озод қилинган ҳудудларда яшаш шароити оғирлиги ва совуқ кунлар бошлангани билан боғлиқ.
Россия Украина ҳудудларини яна ўққа тутди
Днепропетровск вилоятида ўтган кечада тўрт ҳудудий жамоа Россия томонидан ўққа тутилди. Маҳаллий маъмуриятга кўра, энг кўп Никополь шаҳри жабр кўрган: “Турар-жой даҳаларига камида 40 та снаряд тушган”. Бир киши яралангани айтилмоқда.
Харьков вилоятида эса, расмийларга кўра, Россия ҳужумлари натижасида икки киши оғир ярадор бўлган.
Украина президенти офиси ўтган суткада Россия қўшинларининг зарбалари оқибатида тинч аҳолидан 3 киши ўлиб, 10 дан ортиғи яраланганини билдирди.
Украина кучлари Луганск вилоятида ҳужумни давом эттирмоқда. АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, сўнгги кунларда жанглар Сватоводан 13-20 ва Кременнаядан 6 километр нарида бўлган – Россия қўшинлари Харьков вилоятидан чекинганидан сўнг мазкур шаҳарларни ўз мудофаасининг таянч масканларига айлантирган эди.
Украина армияси Бош штаби Днепрнинг ўнг соҳилидаги Херсон вилояти ерларидан олиб чиқиб кетилган Россия бўлинмалари Луганск ва Донецк вилоятларига ташланганини билдирди.
Шунингдек, Бош штабга кўра, Россия қўшинлари Бахмут йўналишида – Донецкдан шимол томонда ҳужумларни давом эттирмоқда.