Рус ҳарбийлари Беларусда машғулотларда қатнашмоқда
Россия Мудофаа вазирлиги рус ҳарбийларининг Беларусдаги ҳарбий машғулотларда қатнашаётгани акс этган видеотасвирларни ёйинлади.
Вазирлик маълумотларига кўра, аскарлар “ шартли душман”га қарши жанг қилиш бўйича тайёргарликдан ўтмоқда.
Беларус Мудофаа вазирлиги 16 октябрь куни ўз чегараларини ҳимоя қилиш учун “минтақавий гуруҳ” таркибида 9000 га яқин рус ҳарбийлари мамлакат ҳудудига жойлаштирилишини эълон қилган эди.
Аввалроқ Беларус президенти Александр Лукашенко Украина ва Ғарб таҳдидларига жавобан Беларус ва Россиянинг бирлашган қўшинлари Украина билан чегара яқинига жойлаштирилишини билдирган эди.
Шунингдек, Лукашенко Беларус Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можарога қўшилмаслигини ҳам бир неча бор таъкидлаган. Яқинда у тинчлик музокараларига зарурат бор деб ҳисоблашини ҳам айтиб ўтди.
Ўз навбатида Украина Бош штаби ҳам Россиянинг Беларус орқали ҳар қандай ҳужумига тайёр туриш учун Беларус билан чегара яқинида ҳарбий фаолликни оширишини маълум қилган.
"Украинада Россиянинг 40000 дан ортиқ жиноятлари рўйхатга олинган"
Украинанинг биринчи хоними Олена Зеленская Лондонда ташкил этилган “Россиядаги уруш жиноятлари” номли фотосуратлар кўргазмасини очиб берди:
"Украинада Россиянинг 40 000 дан ортиқ жиноятлари рўйхатга олинган. Мен бу фотосуратларга нигоҳ ташлашингизни хоҳлайман, шунда Украинадаги уруш ҳақидаги мавҳум фикрларингиз ҳақиқатга айланади".
Лондондаги Порткуллис уйида Зеленскаяга ҳамроҳлик қилган Буюк Британия парламенти спикери Линдси Хойлга кўра, ушбу кўргазма Украинанинг Россия босқини давридаги "ҳақиқатларини очиб беради", "тинч аҳолини йўқ қилишга қаратилган ваҳшийликни кўрсатади".
Зеленская Буюк Британияга ташрифи доирасида Британия қонунчилари билан ҳам учрашди.
Харковда Россиянинг уруш жиноятларига далил тўпланмоқда
Украиналик терговчилар Россия содир этган уруш жиноятларига далил сифатида Харков шаҳрида минглаб ракета снарядлари бўлаклари, бомба парчаларини йиғмоқда.
"Россия бу қуроллардан тинч аҳоли турар-жойлари, фуқаролик инфратузилмаси, шифохоналар, кўп қаватли уйлар, ноҳарбий бўлган хусусий ва давлат корхоналарига ҳужум қилишда фойдаланган", деди Харков прокуратураси матбуот котиби Дмитро Чубенко.
Россия кучлари бир неча ой давомида Украинанинг иккинчи йирик шаҳри бўлмиш Харковни артиллерия ва ракеталардан ўққа тутиб келади. Халқаро қонунларни очиқдан-очиқ бузилиши дея таърифланган ҳужумларда кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлди, шифохоналар, мактаблар ва уйлар вайрон бўлди.
Чубенконинг билдиришича, тўпланган ракета ва снаряд парчалари Халқаро жиноий суд экспертлари ва терговчилари томонидан текширилмоқда.
Зеленский: Душман Харковга киришга уринмоқда
Владимир Зеленский фронтда вазият оғирлигича қолаётганини, Россия кучлари Донбасс ва Харков йўналишида олдинга силжишга уринаётганини билдирди:
"Фронт чизиғида вазият оғир. Катта йўқотишларга қарамай, душман ҳали ҳам Донецк ва Луганск вилоятларида олға силжишга ҳамда Харков вилоятига киришга уринмоқда. Душман жанубда қандайдир ўзгариш қилишни режалаштирмоқда".
Украинанинг шарқий Донбасс вилоятини ўз ичига олувчи Луганск ва Донецк вилоятларида бир неча ойдирки шиддатли жанглар давом этмоқда.