Путин: Украинадаги ҳарбий амалиёт узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкин
Россия президенти Владимир Путин ўзи “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаётган Украинадаги уруш узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, у Россия томонидан Украинанинг қатор ҳудудлари аннексия қилинганини “сезиларли ютуқ” сифатида эътироф этди.
Путин бу ҳақда 7 декабрда президент қошидаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолари билан ўтган учрашувда гапирди. Кенгаш аъзоларининг асосий қисми Кремль сиёсатини тўлиқ қўллайдиган шахслардир.
“Азов денгизи ҳам Россия Федерациясининг ички денгизига айланди”,- деган Путин рус императори Пётр I ҳам Азов денгизига чиқиш учун курашганини таъкидлади.
Путин “ҳарбий амалиёт” бошланишини эълон қилар экан Украина ҳудудини аннексия қилиш мақсади борлигини айтмаган эди. Украинанинг 4 вилояти аннексия қилинишини жаҳон ҳамжамияти қоралади. Украина бу ҳудудларни озод этишда давом этмоқда.
Путин учрашувда “махсус амалиёт” деган сўздан ташқари “уруш” деган сўзни ҳам ишлатди. Унга кўра, “урушни Украина ҳукумати 2014 йилда бошлаган”.
Россия президенти ядровий уруш таҳдиди ошиб бораётганини таъкидлар экан, Москва ядровий қурол қўлламаслигига кафолат бермади. “Биринчиси қўлламаса, демак, иккинчиси ҳам қўлламайди”, деди Путин “биринчиси” деганда Ғарбни назарда тутган ҳолда. Унга кўра, Россия ҳукумати “ҳали ақлдан озгани йўқ ва ядровий қурол билан устара каби муомала қилмоқчи эмас”.
Айни пайтда Путин Россия миллий манфаатларни дастлаб тинч йўл билан ҳимоя қилишга ҳаракат қилишини, агар бу натижа бермаса “барча имкониятларни ишга солишини” айтди.
“Уни тирик қолдиришмаслигини билардик”. Харьковда Россия оккупацияси чоғида ўлдирилган ёзувчи Владимир Вакуленко дафн этилди
Харьковда 49 ёшли украин адиби Владимир Вакуленко дафн этилди. У Россия оккупацияси вақтида Изюм яқинида ўлдирилган эди. Оиласи ярим йил деганда номсиз оммавий қабрлар орасидан унинг жасадини топиб, тупроққа қўйди.
Владимир Вакуленконинг онаси оёқда базўр турган бўлса-да, ўғлининг портретини қўлидан қўймайди.
“Тангри кечиримли бўлишга ўргатади, аммо мен қотилларни асло кечирмайман. Бундан сўнг қотиллар аниқланиши ва жазога тортилишига умид қилиб яшайман. Энг муҳими, ўша кунларга етсам бас. Мен шу умид ва орзу билан яшайман”, дейди Елена.
Владимир Вакуленко Харьков вилоятининг Изюм шаҳри яқинидаги Капитоловка қишлоғида туғилган ва истиқомат қилган. Россия кенг кўламли уруш бошлаганида у кетмасликка, қишлоқда қолишга қарор қилади.
“Володяни бу ердан кетишга жуда кўп қистадик: ижтимоий тармоқлардан ёздик, қўнғироқ қилиб ҳам айтдик. Чунки босқинчилар уни тирик қўймаслигини тушунардик. Лекин у “Йўқ, мен бу ерда керакман, бу ер менинг юртим, кетмайман”, деб туриб олди”, дейди марҳум ёзувчининг қўшниси.
Владимир қандай ўлганини ҳали тергов аниқлаши керак. Унинг жасади Изюм яқинидаги оммавий қабрлар орасидаги 319-сонли қабрдан топилди. Яқинлари Владимир бир умр Украинага содиқ бўлганини айтишар экан, душманлар уни қидириб келишини кўнгли сезарди, дейишади. Ўғирлаб кетишларидан бир кун олдин ёзувчи эсдаликларини уй ёнидаги боғчага кўмиб қўйган экан. Ёзувчи ва волонтёр Виктория Амелина уларни ковлаб олди. Эсдаликлар мазмуни эълон қилинганича йўқ, аммо дўстлари уларни чоп этиб, музейга қўйишни режалашмоқда.
Shahed-136 камикадзе дронлари ҳужуми қайтарилди
Днепрда туркум портлашлар бўлди. Украина ҚК Shahed-136 дронлари ҳужум қилганини ва ҲҲМ кучлари ҳужумни қайтарганини маълум қилди.
Дронлар ҳужуми ҳақида дастлаб LIGA.net нашрига маҳаллий аҳоли хабар берган. Улар вилоят маркази осмонида бир неча портлаш содир бўлганини, чақин кўринганини айтганлар. Шаҳар тепасида Эроннинг Shahed-136 камикадзе дронлари шовқинига ўхшаш товуш эшитилгани ҳақида маҳаллий телеграм-каналлар ҳам ёзди.
Аввалроқ Днепропетровск вилояти кенгаши раиси Николай Лукашук Эрон дронлари ҳужумини тасдиқлаган эди. Қурбонлар, ярадорлар ва вайронагарчиликлар тўғрисида ҳозирч маълумот йўқ.
Baza: Кеча Новошахтинскда полициячиларни ўққа тутган одам “Вагнер ХҲШ”нинг дезертир аскари бўлиб чиқди
Baza нашри ёзишича, ўтган куни Россиянинг Новошахтинск шаҳрида полиция патрулини пулемётдан ўққа тутган номаълум эркак – ўғирлик ва талончилик учун қамалиб чиққан собиқ маҳкум Павел Николин экан. У Украинада жанг қилиш учун “Вагнер ХҲШ”га ёллангани, аммо кейин хизматдан қочгани айтилмоқда.
Аввалроқ Ростов вилояти губернатори Василий Голубев сешанба куни полициячини яралаган эркак бўш бинода қўлга олинганини маълум қилган эди.
Евгений Пригожин ўз матбуот хизмати орқали “Вагнер ХҲШ” оператив гуруҳи суриштирув ўтказишини ва, лозим топса, унинг натижаларини эълон қилишини” билдирди.