Залужний: Бир кунда 12 та аҳоли пункти озод қилинди
Украиналик аскарларнинг Россия назоратидаги Херсон шаҳридан 30 километр шимоли-ғарбдаги автомагистрал яқинида тургани акс этган видеолар тармоқда тарқалди.
Рейтерс агентлиги видеонинг жойлашувини дренаж, йўл схемаси, кичик бино ва атрофдаги дарахтлардан аниқлай олди.
Видеолардан бирида аскар қўлида Украина байроғини кўтариб, 28инчи алоҳида механизациялашган ҳарбий бригада Россиянинг биринчи мудофаа чизиғини бузиб, Херсон томон йўл олганини айтади.
Украина армияси раҳбари Валерий Залужний пайшанба куни Украина кучлари жанубда икки йўналишда етти километр илгарилаб, сўнгги 24 соат ичида 12 та янги аҳоли пунктини озод қилганини билдирди.
Залужнийнинг айтишича, Украина кучлари Первомайскдан Херсонга, Петропавливкадан Новорайскга қараб, тахминан Днепр дарёси билан параллел равишда олдинга силжиган.
Унинг сўзларига кўра, озод қилинган ҳудуд жами 264 квадрат километрни ташкил этади.
Шу билан бирга, Залужний ҳозирда рус қўшинлари Херсондан олиб чиқиб кетилгани ҳақидаги маълумотни на тасдиқлай, на инкор эта олишини айтди. Унга кўра, Украина Қуролли кучлари ўз режасига мувофиқ ҳужумни давом эттирмоқда.
Унинг сўзларига кўра, 1-октабрдан буён украин кучлари 36, 5 км илгарилаган, умумий майдони 1381 квадрат километрлик 41та аҳоли пунктини қайтариб олган.
Украина расмийлари ҳозирча Россиянинг қўшинларни олиб чиқиб кетиш ҳақидаги баёнотларига вазминлик билан муносабатда бўлмоқда. Улар ҳозирча қўшинларнинг чиндан ҳам олиб чиқиб кетилиши аломатларини кўрмаганликларини айтишади.
Бир кун олдин Россия ҳукумати ўз ҳарбийларини босиб олинган Херсон ҳудудидан олиб чиқиб кетганини эълон қилди. Таҳлилчилар Херсондан Россия қўшинларининг чекиниши мумкинлигини анчадан бери айтиб келишаёган эди. Днепр дарёсини устидан ўтган Антонов кўприги қисман бузилгандан кейин таъминот узилиб қолганди.
"Мазда" Россияни тарк этади
Япониянинг "Мазда" автомобиль ширкати Россияда фаолиятини тўхтатиб, Владивостокдаги қўшма корхонадаги улушини "Соллерс Авто" компаниясига ўтказишга қарор қилди.
Украинада уруш бошланганидан кейин ғарб ишлаб чиқарувчилари, жумладан "Инфинити", "Мерcедес-Бенз", "Форд" ва бошқа кўплаб компанияларнинг оммавий чиқиб кетиши туфайли Россия автомобиль бозори қулади.
Йиллик ҳисобда автомобиль савдоси октябрь ойида деярли 63 фоизга камайди. Айрим автомобилларнинг сотуви 90 фоиздан кўпроққа камайди.
Херсон вилояти маъмурияти биноси олдида Украина байроғи пайдо бўлди
Ижтимоий тармоқларда Херсон вилояти маъмурияти олдида Украина байроғи туширилган сурат пайдо бўлди. Херсонлик журналист Константин Риженко байроқ маҳаллий партизан ҳаракати вакиллари томонидан осиб қўйилгани ҳақида хабар қилди.
Россия байроғи бир ҳафта олдин бинодан ғойиб бўлган эди.
Россия армияси икки кун аввал шаҳарни тарк этишини маълум қилган эди. Риженко хабарига кўра, шаҳар аҳолиси электрсиз, сувсиз қолган. Бундан ташқари, шаҳарда аҳоли озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ муаммоларга юз тутган.
Россия қўшинлари Харьков, Николаев ва Винница вилоятларини ҳужумга тутди
Жумага ўтар кечаси Николаевда Россия ҳужумларидан икки киши ҳалок бўлди ва бир неча киши яраланди. Харьковда қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Винница вилояти ҳарбий раҳбари Сергей Борзовнинг Телеграм каналида маълум қилишича, Россия ракетаси бу ердаги муҳим инфратузилма объектларидан бирига келиб урилган. Қурбонлар йўқ, қутқарувчилар жойда ишламоқда.