Зеленский: Руслар Херсон инфратузилмасини вайрон қилган
Россия қўшинлари Херсондан қочиб кетишдан олдин шаҳардаги муҳим инфратузилмани вайрон қилган.
Бу ҳақда 12 ноябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди. Президент маҳаллий расмийлар шаҳарни барқарорлаштиришга киришганини қўшимча қилди.
«Босқинчилар Херсондан қочиб кетишдан олдин барча муҳим инфратузилмани – алоқа ҳамда сув, иссиқлик, электр таъминотини вайрон қилишган», - деди Зеленский ўз видеомурожаатида.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина қўшинлари Херсон вилоятида 60дан ортиқ аҳоли пунктини қайта қўлга олган.
Зеленский Херсон ва бошқа жойларда Россиянинг такрорий ҳужумларига қаршилик кўрсатилгани учун Украина амалиётлари муваффақиятли бўлганини айтди.
«Айниқса, Донецк вилоятида рус ҳужумларига чидаганларга миннатдорчилик сўзларини айтмоқчиман – у ер шунчаки жаҳаннамга айланган. У ерда ҳар куни ўта шиддатли жанглар содир бўляпти. Аммо бўлинмаларимиз мардонавор мудофаа қилмоқда, босқинчиларнинг даҳшатли босимига бардош бериб, мудофаа чизиғимизни мустаҳкам ушлаб турибди. Бу жуда муҳим. Донецк вилоятидаги кучли мудофаа туфайли биз бошқа йўналишларда ҳужум амалиётларини ўтказишимиз мумкин. Ушбу қийин жангларда Украинани ҳимоя қилаётган барча аскарларимизга миннатдорчилик билдираман», деди 12 ноябрь тунги мурожаатида Зеленский.
Лавров: Ғарб жануби-шарқий Осиёни ҳарбийлаштиришга интилмоқда
13 ноябрь куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб Россия ва Хитой манфаатларини жиловлаш мақсадида жануби-шарқий Осиёни «ҳарбийлаштираётгани» таъкидлади. Вазир ўз билдирувини Балида бўлиб ўтадиган Катта йигирматалик етакчилари йиғинидан олдин эълон қилди.
«Осиё–Тинч океани ҳудудига АҚШ ва унинг НАТОга аъзо иттифоқчилари эгалик қилишга уринмоқда. У ерда ASEAN (Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси) ташаббуслари доирасида ўн йил давомида хавфсизлик ва ҳамкорликнинг инклюзив, очиқ, тенг тузилмаси шаклланган. У ерда ҳамма учун ҳам очиқ бўлмаган, ASEAN атрофида яратилган инклюзив тузилмалар билан моҳиятан рақобатлашадиган, Хитой ва Россия манфаатларини жиловлашга яққол эътибор қаратган ҳолда минтақани ҳарбийлаштиришни ўз ичига олган форматлар илгари сурилмоқда».
Лавров Катта йигирматалик саммитида Россия делегациясига бошчилик қилади. Кремлга кўра, президент Владимир Путин ўта банд бўлгани учун ўзи бора олмайди. Балидаги йиғин Россия февраль ойида Украинага бостириб кирганидан бери ўтказилаётган илк саммитдир.
Кун тартибида Украина устувор масала бўлиши кутилмоқда. Хусусан, Ғарб етакчилари Россиянинг Украинага ҳужуми борасида очиқчасига эътироз билдириши ҳамда урушдан хавотир изҳор қилган Хитой ва Ҳиндистон каби давлатларни Москванинг ҳаракатларини танқид қилишга ундашини кутиш мумкин.
Байден АҚШ ва Жануби-Шарқий Осиё ўртасида кенг қамровли стратегик ҳамкорлик ҳақида сўзлар экан, минтақадаги давлатлар етакчиларига Вашингтон «эркин ва очиқ, барқарор ва фаровон, бардошли ва хавфсиз Ҳинд-Тинч океани»ни барпо этиш тарафдори эканини айтган.
АҚШ ҳам, Россия ҳам 10та Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан иборат ASEAN аъзоси эмас, бироқ келаси ҳафта Балида бўлиб ўтадиган Катта йигирматалик саммити олдидан уюшма аъзолари ўтказган музокараларда бир қанча дунё етакчилари иштирок этди.
Ғарб Россиянинг Украинага босқинига жавобан мисли кўрилмаган санкциялар киритилгани учун Москва Осиё билан иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.
Путин Россия ва Хитойни АҚШ ва Ғарбнинг глобал ҳукмронлигига қарши глобал исён етакчилари ўлароқ кўрсатиб келади.
АҚШ эса Хитой ва Россияни иккита асосий глобал таҳдид деб ҳисоблайди.
Бэнкси вайрон бўлган украин шаҳрида ўзининг янги граффитисини намойиш қилди
Ўзини Бэнкси (Banksy) деб атовчи сирли граффитичи рассом Украинанинг Бородянка шаҳрида яратган асарини намойиш қилди. Шаҳар апрель ойигача Россия назорати бўлган, Москва босқинининг илк ҳафталарида жиддий зарар кўрган.
Дунёдаги танилган санъаткор кичик бетон вайроналари устида машқ қилаётган гимнастикачи қиз акс этган асари суратини 11 ноябрь куни кечки пайт Instagramда улашди.
Граффити снарядлар натижасида вайрон бўлган бино деворига чизилган.
31га чиққан киевлик Алина Мазур бу ҳақда шундай деди:
«Бэнкси ва бошқа таниқли шахслар бу ерга келиб, Россия бизга нима қилганини дунёга кўрсатаётгани мамлакатимиз учун тарихий лаҳзадир. Мен буни кўришим керак деб ўйладим, шунинг учун бугун эрим билан бу ерга келдим».
12 ноябрь куни санъат асарини томоша қилиш учун Бородянкага бир неча одам борган. Уларнинг айримлари пойтахт Киевдан келиш учун 60 км масофани босиб ўтган.
Россия ҳарбийлари техникаларини ташлаб чекинган
12-ноябр, шанба куни Херсон вилоятидан ўн минглаб рус аскари яшин тезлигида чекинди. Украина аскарлари рус қўшинлари ташлаб кетган ҳарбий техникани кўздан кечирди.
Россия мудофаа вазири, президент Владимир Путиннинг энг яқин сафдошларидан бири Сергей Шойгу 9-ноябр, чоршанба куни қўшинларга Херсонни тарк этишни буюрди ва бу Украина қуолли кучларига Россия 2014-йилда аннексия қилган Қримга яқинлашишига имкон берди.
Россия Мудофаа вазирлиги Россиянинг барча кучлари ва техникаси Днепрнинг шарқий қирғоғига ўтказилганини маълум қилди. Унда айтилишича, Москва вақти билан 11-ноябр, жума куни эрталаб соат 2 га қўшинларни олиб чиқиш якунланган ва “ўнг (ғарбий) қирғоқда бирорта ҳам ҳарбий техника ёки қурол қолмаган”.
Бироқ, Херсон вилояти маркази чеккасида украиналик ҳарбийлар ташлаб кетилган ўнлаб рус ҳарбий машиналарини топди.