АҚШ Россиянинг «глобал зулми» ҳақида огоҳлантирди
Шанба куни озод қилинган Херсон шаҳрига саккиз ой деганда ўнлаб украиналик поездда қайтиб борди. Уларни қўлида байроқ тутган одамлар кўз ёш билан кутиб олди.
Шаҳарни бир ҳафта олдин Украина кучлари Россия ишғолидан озод қилганди. Бу шаҳар турғунлари ва ниҳоят уйларига қайтишларига имкон яратди.
Шаҳарда ҳануз электр токи ва сув таъминоти йўқ бўлишига қарамай, турғунларни шох-хуррамлик билан кутиб олишди.
Жанг майдонидаги қатор мағлубиятлардан ортидан Россия Украинанинг энергетика инфратузилмасига ракета зарбаларини бермоқда.
Бу эса миллионлаб тинч аҳоли қишки совуқдан азият чекишига олиб келиши мумкин.
Пентагон расмийларининг айтишича, Москва Украинанинг ракеталардан ҳимоят қилувчи мудофаа тизимини заифлаштириш ҳамда ўз қўшинларини тиклаш учун вақт ютишга уринмоқда.
Шанба куни Канадада бўлиб ўтган хавфсизлик форумида АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Россиянинг Украинага босқини «зулм ва тартибсизлик ҳукм сурадиган дунёга» етаклиши мумкинлигини айтди.
«Путинга ўхшаган автократлар уни кузатмоқда. Улар ядровий қуролга эга бўлиш билган ишимни қилишимга имкон беради, деган хулосага келишлари мумкин. Бу эса ядровий қуроллар тарқалишига олиб келувчи хавфли пойгага туртки бўлиши мумкин».
Шунингдек, Остиннинг айтишича, Россия уруш қоидаларини бузмоқда.
«Мактабларга ҳужумларни кўрдик. Болалар ҳалок бўлганини. Касалхоналар бомбардимон қилинганини. Украина тарихи ва маданияти марказлари вайроналарга айлантирилганини».
Москва ўз қуролли кучлари тинч аҳоли ёки фуқаролик инфратузилмасини атайлаб нишонга олаётганини рад этмоқда.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украина кучларини қурол-яроғ, разведка ва тренинг билан таъминлаб келади, аммо ядро қуролига эга Россияга қарши урушга бевосита аралашишгача боргани йўқ.
Британия бош вазири Сунак Киевда вайрон қилинган Россия ҳарбий техникасини кўрди
19 ноябрь куни Буюк Британиянинг янги бош вазири Риши Сунак Киевга илк хизмат сафари билан борди. Вазир Британия Украинани яқиндан қўллаб-қувватлашни давом этишини ҳамда Россия дронларини уриб туширишга кўмаклашиш учун янги ҳаво мудофаа тизимларини беришини ваъда қилди.
«Фақат шу йилнинг ўзида 2,3 миллиард фунт стерлинг ҳарбий ёрдам кўрсатдик. Келгуси йилда ҳам шундай қиламиз. Сиз жанг майдонида рус қўшинларини ортга қайтаришда ютуқларга эришар экансиз, уйларингиз, шифохоналарингиз, электр станцияларингиз ҳаводан вайрон қилинмоқда. Ўзингизни ҳимоя қилишингизга ёрдам бериш учун бугун янги ҳаво мудофаа қуролларини, шу жумладан, 120 та зенит тизими, радар ва дронга қарши ускуналарни берамиз».
Сунакнинг сўзларига кўра, бунан ташқари Британия Украина қуролли кучларини тайёргарликдан ўтказиш кўламини оширади.
Украина президенти Владимир Зеленский Сунак билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Россиянинг Украинага ракета зарбалари ҳақида гапирди.
«Ҳозирги ҳолатга кўра Украина энергетика инфратузилмасининг ярмига яқини зарар кўрди. Россия нафақат электр энергиясига эмас, газ инфратузилмасига ҳам зарба беришни бошлаган», - деди Зеленский.
Шанба куни Сунак Зеленский билан вайрон қилинган Россия ҳарбий машиналари кўргазмасини бориб кўрди.
Молия вазири ўлароқ ишлаган Сунак ўтган ой Британия бош вазири бўлди. Ундан олдин ушбу лавозимда ишлаган Лиз Трасс ва Борис Жонсон ҳам Украинани яқиндан дастаклаш тарафдори бўлган.
Россия Украина ҳудудларини яна ўққа тутди
Днепропетровск вилоятида ўтган кечада тўрт ҳудудий жамоа Россия томонидан ўққа тутилди. Маҳаллий маъмуриятга кўра, энг кўп Никополь шаҳри жабр кўрган: “Турар-жой даҳаларига камида 40 та снаряд тушган”. Бир киши яралангани айтилмоқда.
Харьков вилоятида эса, расмийларга кўра, Россия ҳужумлари натижасида икки киши оғир ярадор бўлган.
Украина президенти офиси ўтган суткада Россия қўшинларининг зарбалари оқибатида тинч аҳолидан 3 киши ўлиб, 10 дан ортиғи яраланганини билдирди.
Украина кучлари Луганск вилоятида ҳужумни давом эттирмоқда. АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, сўнгги кунларда жанглар Сватоводан 13-20 ва Кременнаядан 6 километр нарида бўлган – Россия қўшинлари Харьков вилоятидан чекинганидан сўнг мазкур шаҳарларни ўз мудофаасининг таянч масканларига айлантирган эди.
Украина армияси Бош штаби Днепрнинг ўнг соҳилидаги Херсон вилояти ерларидан олиб чиқиб кетилган Россия бўлинмалари Луганск ва Донецк вилоятларига ташланганини билдирди.
Шунингдек, Бош штабга кўра, Россия қўшинлари Бахмут йўналишида – Донецкдан шимол томонда ҳужумларни давом эттирмоқда.
Украина Херсон ва Николаев вилоятларининг озод этилган ҳудудлари аҳолисини ихтиёрий эвакуация қилишни бошлади
Бу ҳақда вақтинча босиб олинган ҳудудларни қайта интеграция қилиш масалалари бўйича вазир Ирина Верешчук ҳамда Николаев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Ким брифингда маълум қилишди.
Верешчукка кўра, аҳолининг вақтинча бошқа жойларга кўчиши харажатлари давлат ҳисобидан қопланади.
Россия қўшинларидан озод этилган ҳудудлар аҳолисига вақтинча Кривой Рог вилоятига ёки Украина ғарбига кўчиб кетиш таклиф қилинмоқда. Расмийларга кўра, бу озод қилинган ҳудудларда яшаш шароити оғирлиги ва совуқ кунлар бошлангани билан боғлиқ.