«Россия терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат»
Нидерландия Вакиллар палатаси (парламентнинг қуйи палатаси) Россияни Украинага босқини туфайли терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат деб топди. Бу ҳақда маҳаллий NRC агентлигихабар берди.
Хабарга кўра, “Яшил сўллар” партияси аъзоси Том ван дер Лининг ушбу ташаббуси парламентда мутлақ кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланган.
Айни чоғда Нидерландия ташқи ишлар вазири Вопке Хукстра мамлакат қонунчилигида терроризм ҳомийси деб эълон қилинганларга нисбатан бирон бир санкция назарда тутилмаганини қайд этди.
«Россия қўшинларининг таъминоти жуда ёмон»
Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес The Daily Beast нашрига берганинтервьюсида Украина армиясига қишда ҳужум динамикасини сақлаб қолишни маслаҳат берди.
“Украинлар жанговар тайёргарлик, техника ва шахсий таркиб сифати бобида руҳсиз, тайёргарлиги ва таъминоти ёмон россияликлардан устунлигини ҳисобга олганда қишда динамикани сақлаб қолиш Украина фойдасига бўлур эди”, деди Уоллес.
Вазир, шунингдек, Украина ҚК халқаро ҳамжамиятдан 300 минг тўплам қишки уст-бош олганини ва бу қишки ҳужумлар учун муҳим эканини таъкидлади.
Мулозимга кўра, Россия қўшинларининг таъминоти жуда ёмон. “Яқинда фронтга ташланган Россия бўлинмаларида озиқ-овқат ва зарур уст-бош етишмайди, қурол-аслаҳалар ҳам кам. Жанг майдонига йўл олган одам учун даҳшатли аҳвол бу”, дея қўшимча қилди Уоллес.
15 минг одам бедарак
Украинадаги уруш чоғида 15 мингдан зиёд киши бедарак йўқолди, дея маълум қилди Бедарак йўқолганлар масалалари бўйича халқаро комиссия (ICMP) директори Мэтью Ҳоллидей.
Унинг айтишича, ҳарбий ҳаракатлар тўхтаганидан сўнг ҳам бу ишларни тергов қилиш жараёни йилларга чўзилиши мумкин. Ҳоллидей қанча одам мажбуран кўчирилгани ва Россияда қамоқда сақланаётгани ёки ҳалок бўлиб, пала-партиш дафн қилингани ҳозирча аниқ эмаслигини урғулади.
“Ҳозирда энг муҳими – мумкин қадар кўпроқ шахсларни идентификация қилиш чораларини кўриш. Бедарак йўқолганлар ва ўлганларнинг аксарияти ҳарбий жиноятлар қурбонларидир, бинобарин айбдорлар жавобгарликка тортилиши лозим”, деди у.
Европа парламенти Россияни терроризм ҳомийси, деб эълон қилди
Европа Иттифоқи, Москванинг Украинага ҳужумларига жавобан, Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакетини жорий қилаётгани ҳақида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен, Финляндияга ташрифи чоғида маълум қилди.
Фон дер Ляен хоним санкцияларининг янги босқичи қандай чораларни ўз ичига олиши ҳақида батафсил маълумот бермади. Ўтган ой Европа Иттифоқи саккизинчи санкциялар пакети доирасида Россиянинг пўлат ва технология маҳсулотлари савдосига қўшимча чекловларни киритган эди.
Урсула фон дер Ляен Финляндия, Эстония бош вазирлари ҳамда Швеция бош вазири ўринбосари билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Россиянинг Украина фуқаролик инфратузилмаларига қилган ҳужумларини уруш жинояти, деб атади:
"Украин халқи Путиннинг фуқаролик инфратузилмаларига қилган ваҳшиёна террористик ҳужумлари туфайли келаётган қишни элэктрсиз ва сувсиз кутиб олишга мажбур. Путин туфайли чақалоқлар, уларнинг ота-оналари ва бобо-бувилари қоронғуда, совуқда қолмоқда. Мен бу ваҳший ҳужумларни кескин қоралайман. Бу уруш жиноятларидир. Аммо ишонаманки, украиналик дўстларимиз бу фожиани ҳам енгиб ўтишади. Чунки улар кучли ва адолат улар томонида. Европа Иттифоқи бундай оғир вазиятда улар билан бирга. Қанча вақт керак бўлса шунча уларнинг ёнида туриб берамиз ".
Айни пайтда, Европа парламенти Россияни терроризм ҳомийси, деб эълон қилди.
Россия Украинада тинч аҳолини қасддан нишонга олганини инкор этиб келади. Бироқ, Россия энергетика объектлари ва бошқа инфратузилмаларига зарба бераётганини тан оларкан, бундан мақсад Киевнинг жанговар қобилиятини пасайтириш ва уни музокараларга ундаш эканини даъво қилмоқда.