Беларус Ташқи ишлар вазири вафот этди
Беларус ташқи ишлар вазири Владимир Макей вафот этган. Бу ҳақда дастлаб БелТА агентлиги хабар берди.
Кейинроқ Беларус ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анатолий Глаз ҳам маълум қилди.
Хабарларга кўра, Макей тўсатдан вафот этган. "Ҳеч нарса олдиндан айтилмаган", - деди матбуот котиби. Ҳозирча бошқа тафсилотлар йўқ.
Владимир Макей 64 ёшда эди. Унинг касаллиги ҳақида хабар берилмаган. Шу ҳафтанинг ўзидаёқ у Беларус делегацияси таркибида Ереванда бўлиб ўтган КХШТ саммитида иштирок этгани, бир кун аввал эса Ватикан вакили билан учрашгани хабар қилинганди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова “Москва Беларус ташқи ишлар вазири Владимир Макейнинг ўлими ҳақидаги хабарлардан ҳайратда” эканини айтди.
2020 йилгача россиялик кремлпараст ОАВ ва Телеграм каналлари Макейни Беларус ва Ғарб ўртасидаги муносабатларни Россия манфаатларига зиён етказишга уринаётганликда бир неча бор айблаган.
Шу билан бирга, Макей ва унинг бўлими Александр Лукашенко сиёсатига амал қилдилар - шу жумладан Россия Украинага бостириб кирганидан кейин, Беларус раҳбари Москвани қўллаб-қувватлаган.
Украина ЕХҲТ ПА йиғилишларини Россия ундан чиқарилмагунча бойкот қилмоқчи
Украина делегацияси ЕХҲТ Парламент ассамблеяси йиғилишларини Россия ундан чиқарилмагунча бойкот қилишга қарор қилди.
ЕХҲТ ПА Россия делегациясини аъзолигидан чиқариш қоидаларини ўзгартира олмади. Бу ҳақда делегация аъзоси Евгения Кравчук маълум қилди.
“Биз, Украина делегацияси, бу халқаро ташкилот россияликларнинг ундан чиқарилмагунича, ЕХҲТ ПАни бойкот қиламиз”, — деб ёзади Кравчук.
Пайшанба куни Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Россияни ташкилотдан чиқариб юборишга чақирди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик учун масъул бўлган ЕХҲТ ПА таркибига 57 давлат киради. Улар орасида 2022 йил февралида Украинага бостириб кирган Россия ҳам бор.
Бугун ЕХҲТ ПАнинг Варшавадаги 20-сессиясининг сўнгги куни. Унда россиялик делегатлар қатнашмаяпти, чунки Польша уларга виза бермаган. Польша делегацияси раҳбари Барбара Бартуснинг фикрича, Россия делегациясининг қабул қилиниши “Украина билан бирдамлик тамойилини бузади”.
Украина фавқулодда хизматлари Днепрда ракета зарбаси жойида ишламоқда
26 ноябрь куни Днепр шаҳрига ракета зарбаси берилган жойни вайроналардан тозалаш ишлари давом этди.
Днепр мэри Борис Филатовнинг сўзларига кўра, Россия шаҳардаги турар-жойларга «юқори аниқликдаги» ракеталарни отган.
«Портлаш овозини эшитдим. 15 дақиқадан сўнг опам қўнғироқ қилиб, онам билан алоқага чиқолмаётганини ва уйимизга ракета бориб тушганини айтди», - деди Олексий.
У онаси касалхонада эканини, аҳволи яхши эканини қўшимча қилди.
«Уйда, коридорда эдим. Кейин ... қандайдир тўлқинни эшитдим. Деразалар, барча деразалар уйга синиб тушди. Ташқарига чиқолмадим, чунки эшик очилмади. Лекин йигитлар қулфни арралашди ва мен чиқдим. Даҳшат, даҳшатли туш», - деди маҳаллий турғун Надия:
Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати вакили Олег Кушнирук Reuters агентлиги билан суҳбатда бундай ҳужумдан кейин одамлар тирик қолгани «мўъжиза» эканини таъкидлади.
«Айни дамда ўлганлар йўқ, фақат ярадорлар, ҳаммаси тирик», — деди Кушнирук.
Россия сўнгги ҳафталарда Украина бўйлаб муҳим инфратузилмани нишонга олмоқда. Кенг кўламли ҳаво зарбалари ортидан электр таъминотида узилишлар юзага келди, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди.
Кремль Украинада тинч аҳолига зарба бераётганини рад этиб келади, аммо 24 ноябрь куни Киев Россиянинг урушни ҳал қилиш бўйича талабларини қондириш орқали «азобларга барҳам бериши» мумкинлигини айтди.
Якшанбага ўтар кечаси нафақат Днепропетровск вилояти, балки Запороже ҳам ракета ҳужумларига учради.
Днепропетровск вилояти расмийлари транспорт инфратузилмаси ва турар-жой биноларининг ўққа тутилиши ҳақида хабар бермоқда. Вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Валентин Резниченко икки туманда ўққа тутилганидан сўнг вайрон бўлган хусусий уйлар суратларини эълон қилди.
Запороже вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Старух ҳам ракета зарбасидан кейин қишлоқ хўжалиги корхонаси ёниб кетгани акс этган фотосуратларни эълон қилди. Старухнинг сўзларига кўра, қурбонлар йўқ.
Рус ҳарбийлари Россия назоратидаги Каховка сув омборида ўз позицияларни ушлаб турибди
Россия армиясининг маълум қилишича, Украина армиясининг уринишларига қарамай, Россия назорати остидаги Запорожье вилоятидаги Каховка сув омбори рус қўшинлари қўлида қолмоқда.
«Запорожье йўналишида душман дарёни ҳужумчи кучлари билан кечиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Автомат билан қуролланган кичик гуруҳлар билан энсамизни қотиришяпти, ўқ узишяпти, заиф томонларимизни излашяпти, лекин буни топа олишмаяпти. Жавобимизга йўлиқишяпти ва қурбонлар билан ортга чекинишяпти», - деди қўлида автомат тутган россиялик ҳарбийлардан бири.
«Биз артиллериядан фойдаланяпмиз, Каховка сув омборининг тор бўғозларида уларга пулемёт ва миномётлар зарба бера оламиз», - деди ҳарбий.
Россия армияси Запорожье вилоятининг Россия назорати остидаги қисмида Днепр дарёсининг ғарбий қирғоғи бўйлаб мудофаа чизиқларини ўрнатганини маълум қилди. Россия ҳарбийларига кўра, бундан мақсад Украина кучлари дарёни кечиб ўтиб ҳужум қилишига йўл бермасликдир.