«Вагнер» ХҲШни хорижий террорчи ташкилот деб топиш сўралди
Россиянинг “Вагнер» ХҲШни хорижий террорчи ташкилот деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессига киритилди.
Ҳужжат Конгрессга 1 декабрь куни келиб тушган. “Россия ёлланма аскарларини жавобгарликка тортиш тўғрисида қонун” деб аталувчи лойиҳани республикачи Рожер Уикер ҳамда демократ Бен Кардин тақдимот қилишди.
Ҳужжатда АҚШ давлат котибидан “Вагнер» ХҲШни ва ушбу ҳарбий ширкат билан аффилланган ҳар қандай гуруҳларни хорижий террорчилик ташкилотлари деб топиш талаб қилинган.
Бен Кардин Россия ХҲШни “яширин армия” деб атаб, АҚШ ҳукумати уни жавобгарликка тортиши лозимлигини айтди.
“Украина, Сурия ва бутун Африка қитъасида амалга оширилган сон-саноқсиз ваҳшийликлар “Вагнер” гуруҳи номи билан боғланади. АҚШ зудликда уни хорижий террорчилик ташкилоти деб эътироф этиши лозим. Бу Россия қуролли кучлари сонини камайтириб, инсон ҳуқуқларини поймол қилганларни жавобгарликка тортишга ёрдам беради”, дейди Кардин.
Айни қонунчилик ташаббусини АҚШ Вакиллар палатаси муҳокамасига киритиш режаланмоқда. Қонун лойиҳасини демократлар Стивен Коэн ва Марк Визи, республикачи ҳамкасблари – Жо Уилямс ва Ричард Уэлсон билан ҳамкорликда ишлаб чиққанлар.
Аввалроқ Европарламент депутатлари ўз раҳбарларига “Вагнер ХҲШ”ни террорчи ташкилотлар рўйхатига тиркаш масаласини кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат қилишган эди. Бу ҳақда Politico нашри хабар берган.
ЕИ: рус нефтига 60 долларлик нарх чекловига келишилди
АҚШ Ғазначилиги котиби ўринбосари Уолли Адейемо Россия нефти нархини бир баррел учун 60 долларгача чеклаш бўйича Европа Иттифоқи келишувини олқишлар экан, бу муҳокама қилинган нарх доирасида экани ва Москванинг нефтдан келадиган даромадини чеклашини таъкидлади.
Адейемо Рейтерснинг NЕХТ конференциясида, EИ мамлакатлари нархларни чеклаш бўйича келишувни якунлашига ишонишини қўшимча қилди.
"Бу нарх биз анча вақтдан бери муҳокама қилаётган ва биз кўзлаган икки мақсадга мос келади. Биринчиси, Россиянинг даромадларини камайтириш. Иккинчиси бўлса, бозорда Россия нефтини сақлаб қолишга эришиш”. Адейемо.
Адейемо, бензин нархлари ёздаги энг юқори кўрсаткичлардан бироз тушгани, бироқ ҳали ҳам жуда юқори эканлигини билдирди. Шунингдек, у ҳукумат таъминот занжирига босимни юмшатиш учун қўлидан келган барча ишни қилаётганини қўшимча қилди.
Путин армиясини Украинадан олиб чиқадими?
АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путин билан яқин орада мулоқот қилишни режалаштирмагани бироқ, Путин, Украинадаги урушни тугатишга қизиқиш билдирса, Байден НАТОдаги иттифоқчилари билан маслаҳатлашган ҳолда, Россия раҳбари билан гаплашишга тайёрлигини билдирди.
"Путин Украинанинг тинч аҳолисига қарши ақл бовар қилмайдиган қирғин уюштирмоқда. Болалар боғчалари, касалхоналар, меҳрибонлик уйларини бомбардимон қилмоқда. Унинг қилаётган ишлари соғлом ақлга тўғри келмайди. Агар у ҳақиқатан ҳам урушни тугатишга қизиқиш билдирса, Путин билан гаплашишга тайёрман. Аммо, ҳали унда бундай қизиқиш кўринмаяпти". Байден
Байден Оқ уйда Эммануел Макрон билан музокаралардан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди. Икки етакчи Россия урушига қарши Украинани қўллаб-қувватлаш ҳамда юзага келган иқтисодий қийинчиликларни биргаликда енгиш ҳақида гапирди.
Шунингдек, Байден урушни тугатиш учун Путин масъул эканини алоҳида таъкидлади.
"Путинда урушни тугатишнинг битта оқилона йўли бор, у ҳам бўлса Украинадан чиқиб кетиш. Аммо, кўриб турибмизки, Путин буни қилмоқчи эмас", деди Байден.
Эммануэль Макрон АҚШ ва Франция океаннинг ҳар икки томонидаги демократияни ҳимоя қилиш ҳамда Украинадаги урушнинг бевосита ва билвосита оқибатларига биргаликда қарши туриш учун умумий масъулиятга эгалигини таъкидлади.
“Украинадаги хавф биздан унчалик узоқ эмас. Лекин гап бизнинг қадриятларимиз, бизнинг принципларимиз ҳамда БМТ Низомида кўрсатилган суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш ҳақидаги келишувларимизга бориб тақалади.” Макрон
Олаф Шольц ва Владимир Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлди
Кремлнинг Телеграмдаги расмий каналига кўра, мулоқотда Украина атрофидаги вазият муҳокама қилинган.
“Украинанинг ҳар томонлама сиёсий ва молиявий дастакланиши Киев ҳар қандай музокара ғоясидан буткул бош тортишига олиб келмоқда. Қолаверса, бу радикал украин миллатчиларини тинч аҳолига қарши янги қонли жиноятлар содир этишга рағбатлантиради”, дейилади Кремль баёнотида.
Қайд этилишича, Россия президенти Германияни Украина воқеалари борасида “ўз ёндашувларини қайта кўриб чиқишга чақирган”. Шунингдек, “Шимолий оқим-1” ва “Шимолий оқим-2” газ қувурларига қарши “террорчилик ҳужуми” Россия масъул идоралари иштирокида тафтиш қилиниши зарурлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, Путин Истанбул туркум келишувларини тилга оларкан, “ғалла келишуви” тўлақонли амалга оширилиши билан бирга, Россия юкларини ташиш йўлидаги барча ғовлар ҳам олиб ташланиши кераклигини қўшимча қилгани айтилмоқда.