Украина армияси гаубицалар билан Россиянинг Донецкдаги позицияларини ўққа тутди
Украина ҳарбий хизматчилари кеча Донецк вилояти Бахмут шаҳри яқинида Россия позицияларини гаубицалардан ўққа тутди.
“Буйруқ олишимиз билан душманни ўққа тутамиз. Ҳозирча ҳеч бир шикоят келиб тушмади. Демак, биз нишонларни аниқ уришга эришяпмиз", дейди украиналик ҳарбий Сергей.
Россия кучлари Словянск ва Краматорск шаҳарларига олиб борадиган асосий йўлда жойлашган Бахмутни қўлга олишга уринмоқда.
“Интенсивлик бизга буйруқ берилишига боғлиқ. Биз кунига 12 та ёки олтита снаряд отишимиз мумкин”, дейди Василий исмли украин аскари гаубица ичидан туриб.
Британия мудофаа вазирлиги Россия, шимол ва жанубда тактик олға силжиш орқали Бахмутни қамал қилишни режалаштираётганини таъкидлади.
Нуланд Киевга келди
АҚШ давлат департаменти вакили Виктория Нуланд Киевда Владимир Зеленскийнинг маъмурияти раҳбари Андрей Ермак билан учрашди.
Ермак АҚШ дипломатига ташриф учун ва Вашингтоннинг Украинани қўллаб-қувватлаб келаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Украина президенти матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеода Нуланд Америка халқи Украинани "қатъий" қўллаб-қувватлаб келаётгани ва Киев урушда ғалаба қозонишига ишонишини қайд этиб ўтди.
Украина буғдойи ортилан кема Эфиопияга етиб келди
Бу очарчилик ва қурғоқчиликдан азият чекаётган энг ночор мамлакатларга озиқ-овқат олиб келган биринчи кема, деди Владимир Зеленский.
Ўтган шанба куни Украина ва унинг иттифоқчилари Эфиопия, Судан, Жанубий Судан, Сомали, Конго, Кения ва Яманга 150 миллион долларлик дон экспорт қилиш ташаббусини эълон қилган эди.
"Биз озиқ-овқат билан бирга инсонларга умид ҳам жўнатяпмиз", - дея твит қолдирди Зеленский. 25 минг тонна буғдой ортилган кема Эфиопияга қўшни Жибутидаги Доралеҳ портига етиб борган.
Зеленский келаси йил бошида яна 60 га яқин кема озиқ-овқат етказиб беришини билдирди.
Ллойд Остин Россияни Украинадаги урушда “шафқатсизликда” айблади
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Россияни Украинадаги урушда “шафқатсизликда” айблаб, Москва тинч аҳолини атайлаб нишонга олаётганини таъкидлади.
"Kремльнинг йўқ бўлиб кетган империяга интилиши туфайли Европа Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери энг оғир хавфсизлик инқирозига дуч келди. Бу урушни БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоси олиб бораётгани ачинарли. Россия атайлаб шафқатсизларча тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини нишонга олмоқда. Россия кучлари минглаб Украина фуқароларини ўлдирди, миллионлаб одамлар қочқинга айлантирди. Россия ҳужумлари натижасида болалар ҳалок бўлди. Мактаблар, касалхоналар вайрон бўлди ", деди Ллойд Остин.
БМТ томонидан тайинланган тергов гуруҳи Россиянинг Украинадаги муҳим инфратузилма иншоотларига ҳужумларини уруш жинояти ўлароқ текшираётганини билдирди.
Россия ҳужумлар тинч аҳолига қарши қаратилмаганини ва Украинанинг ҳарбий қобилиятини пасайтириш ҳамда уни музокараларга ундашга қаратилганини даъво қилмоқда. Киев эса бу ҳужумлар уруш жинояти эканини айтиб келади.